Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2026   |   4 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:18
Аср
16:43
Шом
18:37
Хуфтон
19:52
Bismillah
15 Сентябр, 2026, 4 Рабиъус сони, 1448

Имом Муҳаммад Шамсиддин Жазарий

28.07.2016   22413   15 min.
Имом Муҳаммад  Шамсиддин Жазарий

Қори ва муҳаддислар устози, мужаввид ва қироат илми ула­моларининг имоми, ўзи замонасидан тортиб то бизнинг дав­римизгача қироат ва тажвид илмининг шайхи ва олимлар гул­то­жи бўлиб келаётган,“Ал-Жазарий” тахаллуси билан танил­­ган бу зотнинг тўлиқ исми шарифлари Аллома Ҳофиз Му­ҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али  ибн Юсуф ибн ал-Жаза­рий, Шамсиддин ад-Дамашқий аш-Шофиъий бўлиб, куня­­лари “Абул Хайр”дир. Таваллудлари ҳижрий 751 йили Ра­мазон ойи­нинг йи­­гир­ма бешинчи куни, милодий 1350 йилнинг ўттизин­чи ноябр, жума кунига тўғри келади.

 У зотнинг таваллудлари ҳам ажойиб воқеа бўлган. Ҳи­коя қилинишича, қирқ йил фарзанд кўрмаган кекса оталари омо­нат­дор тожир­лар­дан бўлиб, 750 ҳижрий йили муборак ҳаж сафарига борадилар. Бу ибодат амаллари­ни бажариб бўлгач, тавоф қилганларидан сўнг Аллоҳ таоло­дан ўзларига солиҳ, олим фарзанд ато этишини сўраб, Замзам сувидан ичиб дуо қиладилар ва диёр­ла­рига қайтадилар. Бир йил ўтгач, Рама­зон ойининг йигирма бешинчи кечасида таровеҳ намозидан сўнг биз “Имом Жазарий” деб улуғла­ёт­­ган инсон дунёга келади.

 Муҳаммад ибн ал-Жазарий туғилган шаҳарларида ўсиб улғайдилар ва 13 ёшида Қуръони каримни тўлалигича ёд олиб, 14 ёшида одамларга имомлик қила бошлай­ди­лар. 15 яшар ўсмирлик даврларида Шайх Абдулваҳ­ҳоб ибн Саллор, Аҳмад ибн Иброҳим ибн Таҳҳон ва Аҳмад ибн Ражаб ҳузур­ларида қироатларни ифрод (алоҳида-алоҳида) тажвид асосида ўқиб берган­лар. Ўн етти ёшга етганларида эса, Шайх Абул Маолий ибн Ал-Лаббон назоратлари остида қироатларни китоб қилиб жамлайдилар. Ёшликлариданоқ замо­на­сининг кўп­лаб етук қироат соҳиб­лари ва илм аҳлларидан қироат илм­ла­ри билан бирга тафсир, ҳадис, фиқҳ, усулул фиқҳ, ақоид, балоғат, сарф ва наҳв каби илмларни сабоқ олиб, ўзлаштира­ди­лар. Бир неча марта ҳаж ибодати­ни адо этадилар. Мисрга қайта-қайта сафар қилар эканлар, у ердаги қироат имомлари­дан сабоқ олар ва ўз қироатини ҳам улар имтиҳонидан ўтка­зар эдилар.

 Димйотий ва Абарқуҳий асҳоб­лари­, шунингдек, Фахр ибн Бухорийнинг бир жамоаси ва бошқа­лар­дан  ҳадис ил­ми­­ни таълим оладилар. Фиқҳ ил­ми­­­ни эса, Шайх Абдура­ҳим ал-Иснавий ва унинг сафдошлари­дан ўргана­ди­лар. “Усул, маъоний ва баён” илм­ла­рини Мисрда Шайх Зиёуд­дин Саъдуллоҳ ал-Қазвийний ва бошқа­лар­дан ўзлаш­ти­ра­дилар. У зотга вафо­ти­­дан олдин, ҳижрий 774 йили Шайхул Ислом муҳаддис, муаррих Абу Фидо Исмоил Ибн Касир, 779 йили Шайх Зиёуддин, шу­нинг­­дек, 785 йили Шайхул Ислом ал-Булқийнийлар фатво чиқариш­га изн беришган.

 Умавийлар барпо этган жомеда қироат илмини мукам­мал ўзлаштириб, ўша жойдаги машҳур қорилар­га раис бўла­ди­лар ва кўпчиликка қироат илмини ўргатадилар. Дамашқ­да Қуръони каримга бағиш­лаб “Дор ал-Қуръон ал-карим” номли мадраса бино қил­ади­лар. Ҳижрий 793 йил­дан бошлаб Шом(Сурия)да бир неча йил қозилик қил­ган­ла­ри­дан сўнг, 798 йили Рум (ҳозирги Туркия)га сафар қилиб, Бурса шаҳри­да Боязид ибн Усмон[1] билан учрашадилар.

 Аллома илм олиш ва тарқатиш йўлида кўп юртларга сафар қилган. Жумладан, ҳаж ибодатини адо этгач, Ҳижозга борганида баъзи кишилар Имом Жазарийга: “Бурса шаҳрида Қуръони каримни ўрганмоқчи бўлган толиби илмлар бор, улар сиздан таҳсил олишни орзу қилишади. Лекин ёнингиз­га келиб, илм ўрганиш учун етарли маблағлари йўқ”, дейи­ша­ди. Шунда ул зот: “Ундай бўлса, уларнинг олдига мен бораман”, дейди-да, Жиддадан кемага чиқиб, Қоҳирага йўл олади. Қоҳирадан Искандарияга, ундан Ўрта Ер денгизи орқали Антокияга етиб келади ва шу ерлик бир кишининг уйида меҳмон бўлади. Имом Жазарийдан Қуръон илмлари­ни ўрганишни орзу қилган бурсалик толиби илм олимни Ҳижозда экани хабарини олгач, шу томон отланиб, Бурсадан Антокияга келади. Талаба хуфтон намозига азон айтилгач, масжидга киради. Намоз тугаб, одамлар тарқай бошлайди. Шунда антокиялик бир киши унинг мусофир эканини сезиб, турар жойи бор-йўқлигини сўрайди. Талабадан борадиган ери йўқлигини эшитгач, ўз уйига олиб бориб меҳмон қила­ди. Кечки овқат пайтидаги суҳбат асносида: “Бугун юрти­миз­­га Исломнинг буюк уламоларидан Муҳаммад ибн Жаза­рий келди”, дейди мезбон. Бу гапни эшитган илм толиби ўрнидан сакраб туради: “Аллоҳга қасамки, у зотни кўрмагу­ним­ча ухламайман!” Мезбон: “Бу кеча дам ол, эртага кўра­сан”, деса ҳам, барибир кўнмай туриб олади. Шунда икков­лари Имом Жазарий меҳмон бўлиб тушган уйни сў­раб-суриштириб йўлга чиқишади. Толиби илм олим билан кўришгач, йиғлаб юборади, севинчидан терисига сиғмайди. Олим бўлган воқеани эшитгач, меҳри товланади. Талаба Қуръони каримни тўлалигича ёд олгач, Антокияда қолади. Ундан сўнг Бурсага бориб, толиби илмларга сабоқ беради.

 Боязид кўрсатган ҳурмат ва эҳтиромга жавобан имом у ер­да бир неча йил ис­ти­қо­мат қилиб, юрт аҳолисига қироат ва ҳадис илмини таъ­лим беради­лар. Кўпчилик бундан унумли фой­да­ла­на­ди. Шунингдек, у зотдан кўп киши ўн хил қироат­ни мукаммал ўрганади. Ўша диёрда икки жилдли “Ан-Нашр фий ал-қиро­от ал-ашр” номли асарини таълиф этадилар. Ҳижрий 805 йили бобокалони­миз Амир Темур у зотни Рум­дан Мова­ро­ун­­наҳр­ диёрига олиб келади. Кеш (ҳозирги Шаҳ­ри­сабз) шаҳри­да Соҳибқирон салтанати ости­да ҳаёт кечира­ди­лар. Кеш ва Самарқанд аҳолисининг бир жа­мо­а­си у зот­дан таҳсил олади. Амир Темур бу буюк имомга доимо ҳурмат-эҳтиром кўрса­тиб, улуғ­лар эдилар.

 Кешда Абдулқодир ибн Тилла ар-Румий, Ҳофиз Боязид Ке­ший ва Ҳофиз Маҳмуд ибн Муқрийлар у кишидан ўн хил қироат илмини ўрганиб, қироатлар шайх­лари унвонини олишади.

 Ҳикоя қили­ни­шича, Имом Муҳаммад Жазарий­ Румдан Самар­қанд­га келганларида Соҳибқирон катта базм уюш­тира­ди­лар. Унга таклиф этилган амир ва зодагон­лар­га чап тараф­дан, олимларга эса, ўнг тарафдан жой ажратишни бую­ради. Имом Жазарийга эса уламо­лар­га ажратил­ган жойнинг олд қисмидан, Аллома Сай­йид Ша­риф Журжо­нийдан[2] юқо­ри­роқ­дан ўрин ҳозир­лашга амр қилади­. Сабаби сўралганида, Со­ҳиб­­қи­­рон: “Китоб ва суннат билимдони бўлган зотни ҳурмат қилмай бўладими?!” дея жавоб берган эканлар[3].

 Аллома Муҳаммад Жазарий Амир Темур вафотла­ри­дан сўнг, ҳижрий 807 йили Мовароуннаҳрни тарк этиб, Хуросон­нинг Ҳирот шаҳрига сафар қиладилар. У ерда ҳам кўпчилик­ка ўн хил қироатдан дарс берадилар. Сўнг Яздинга қайтиб келган­ларида, у ерлик аҳолининг ҳам бир гуруҳи у зот қўли­да ўнта қироатни мукаммал ўрганади. Ҳофиз ал-муқрий ал-фозил Шам­сид­дин ибн Муҳаммад ад-Даббоғ ал-Бағдодий шулар жум­ла­сидандир. Кейин Асбаҳонга сафар қиладилар. У ерда ҳам аҳолининг кўпчилиги у зотдан сабоқ олади. Ҳиж­рий 808 йили Рамазон ойида Шероз[4] шаҳрига етиб келади­лар. Юрт султони Бир Муҳаммад у зотни ўз диёрида олиб қолиш мақ­са­ди­да унга қозилик вазифасини топшира­ди. Шун­дай қи­либ, у ерда ҳам бир оз муддат қоладилар. Бундан кўпчилик яхши фойдаланиб, у зотдан қироат илми­ни ўрга­нади. Ҳаж ибодатини адо этиш ниятида Басра орқали йўлга чиқадилар. Икки довон ошиб, Унайза шаҳрига етгач, Бани Лом аъро­бий­лари у зотни тутиб, бор нарсала­ри­ни тортиб олишади. Унайзага қайтиб, у ерда учта қироатга бағишлаб “Ад-Дурра” номли назмий асарини ёзади. Сўнг Аллоҳ таоло унга ҳаж ибодати амалини адо қилишни насиб этади. Ҳара­майн аш-шарифайнда бир муддат истиқомат қиладилар. Шу муддат ичида ҳам кўпчилик у зотдан таълим олади.Қоҳира ва Яманга бир неча марта сафар қиладилар. Сафар давомида ўзлари илм олишлари билан бирга жуда кўп инсонларга қи­ро­ат, ҳадис ва бошқа илмлардан таълим берадилар.

 Имом Жазарийнинг устозлари кўп бўлиб, энг машҳурла­ри ­­қуйи­да­гилардир:

  • Шайх Аҳмад ибн Иброҳим Таҳҳон[5].
  • Қози Аҳмад ибн Ҳусайн ал-Ҳанафий[6]
  • Аллома Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн ас-Соиғ[7].
  • Аллома Абу Муҳаммад Абдулваҳҳоб ибн Саллор[8].
  • Шайх Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Солиҳ[9].
  • Ҳофиз Абул Фидоъ ибн Касир[10].
  • Шайхулислом Сирожиддин ал-Булқийний[11] ва бош­қа­лар.

 Муҳаммад Жазарий замонасининг кўзга кўрин­ган олим­ла­ридан таълим олиш билан бирга ўзлари ҳам кўплаб шо­гирд етиштирганлар. Уларнинг энг машҳурлари қуйидаги­лар:

  • Ўғиллари Аллома Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад.
  • Шайх Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Сулаймон аш-Шерозий.
  • Шайх Абу Бакр ибн Мусбиҳ ал-Ҳимавий.
  • Шайх Абдуллоҳ ибн Қутб ал-Байҳақий.
  • Шайх Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Ҳижозий.
  • Шайх ал-Хатиб Мўъмин ибн Али  ар-Румий.
  • Шайх Юсуф ибн Аҳмад ал-Ҳабаший.
  • Шайх Али  ибн Иброҳим ибн Аҳмад ас-Солиҳий ва бошқалар.

 Имом Жазарий илмий фаолиятлари даво­ми­да тафсир, ҳа­дис, фиқҳ, тарих ва араб тили грамматикаси каби турли фан­ларга до­ир етмишдан ортиқ илмий асартасниф этган­лар.Улар­нинг кўп­лари қироат ва тажвид илмига бағиш­лан­ган. Бугунги кунда у зотнинг асарлари ичида нашр қилинганлари, қўлёзма нусхалари ва бизгача етиб келмаганлари бўлиб, энг машҳур­лариушбулардир:

 Қуръон ва қироат илмига доир асарлари:

  • “Усул ал-қироот”.
  • “Таҳбир ат-тайсийр”.
  • “Ал-ақд ас-самийн”.
  • “Фазоил ал-Қуръон”.
  • “Ан-нашр фий ал-қироат ал-ашр”.
  • “Тақриб ан-нашр фий қироат ал-ашр”.
  • “Ат-тамҳид фий илм ат-тажвид”.
  • “Мунжид ал-муқриъийн ва муршид ат-толибийн”.
  • “Таҳбир ат-тайсир фий ал-қироат ал-ашр”.
  • “Ал-иълом фий аҳком ал-идғом”.
  • “Ал-қироот аш-шозза”.
  • “Ал-ақд ас-самийн фий алфоз ал-Қуръон ал-мубийн”.
  • “Туҳфат ал-ихвон фий ал-хулф байн аш-шотибиййа ва ал-унван”.
  • “Ат-тавжиҳ фий усул ал-қироат”.
  • “Ал-иҳтидаъ ила маърифат ва ал-ибтидо”.
  • “Ҳидаят ал-барара фий татимма ал-ашара”.
  • “Ад-дурра ал-музиййа фий ал-қироот ас-салоса ал-марзиййа”.
  • “Ниҳоя ад-дироёт фий асмоъи рижол ал-қироот”.
  • “Ғоя ал-маҳаро фий аз-зиёда ала ал-ашара”.
  • “Ғоя ан-ниҳоя фий табақот ал-қурро”.
  • “Манзума ал-муқаддима фиймо яжибу ала қориъил Қуръа­ни ан яъламаҳ”(ёки “Ал-Муқаддима ал-Жазариййа”).

 Ҳадис илмига доир асарлари:

  • “Ал-бидоя фий улум ар-ривоя”.
  • “Ал-ҳидоя ила улум ар-ривоя”.
  • “Муқаддима фий ал-ҳадис”.
  • “Ат-тавзиҳ фий шарҳ ал-масобийҳ”[12].
  • “Ал-ҳисн ал-ҳасийн мин каломи Саййид ал-мурсалийн”.
  • “Ал-қосд ал-Аҳмад фий рижоли муснади Аҳмад”.
  • “Ал-Фавоид ал-мужтамаъ фий завоид ал-кутуб ал-ар­баъа”.
  • “Тазкира ал-уламо фий усул ал-ҳадис”.

 Фиқҳ илмларига доир асарлари:

  • “Ат-такрийм фий ал-умрат минат-таънийм”.
  • “Шарҳ минҳож ал-усул”.
  • “Ғоят ал-муно фий зиярот ал-мино”.

 Наҳвга(араб тили грамматикаси) доир асарлари:

  • “Ал-жавҳара фий ан-наҳв”.
  • “Ал-исоба фий лавозим китоб”.
  • “Ал-иътироз ал-мубдий”.

 Тарихга доир асарлари:

  • “Мухтасару тарих ал-Ислом”.
  • “Зот аш-шифо фий сийрат ал-мустафо”(манзума).
  • “Зот аш-шифо фий сайрат ан-набий сумма ал-хулафо”.
  • “Зайлу табақот ал-қурро”.
  • “Ал-мавлид ал-кабийр фий ас-сийрат.”
  • “Тарих ал-Жазарий”.
  • “Ат-таъриф бил-мавлид аш-шариф”.
  • “Табақот ал-қурро”.

 Турли мавзуларга доир асарлари:

  • “Минҳож ал-вусул ила илм ал-усул”.
  • “Фазлу Ҳиро”.
  • “Ал-ижлоъ ва ат-таъзийм фий мақоми Иброҳим”.
  • “Мухтор ан-насиҳа биадиллат ас-саҳиҳа”.
  • “Ар-рисола ал-баёниййа фий ҳаққи абавай ан-Набий”.
  • “Вазийфату маснуна” ва бошқалар.

 Қироат илмининг беқиёс олими Муҳаммад Жа­за­рий сер­маз­мун умрларининг охирини Шероз­да ўтказдилар. У зот ҳижрий 833йили рабиул аввал ойининг бешинчи, жума ку­ни­нинг тонгида 82 ёшда вафот этдилар ва ўзлари қурдир­ган “Дорул Қуръон” мадрасасига дафн қилин­ди­лар. У зот­нинг жанозаларига катта-юкичик, хосуавомдан иборат жу­да катта жамоат йиғилди. Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлиб, раҳматига олсин ва ётган жойлари­ни мунаввар қилсин!

 “Жазарий матни” китобидан

 

 

[1] Кўпгина тарих китобларида “Елдирим Боязид” номи билан машҳур.

[2] У зотнинг тўлиқ номи Али ибн Муҳаммад ибн Али бўлиб, “Саййид Шариф” номи билан танилган. Ҳижрий 740, милодий 1340 йили Астробод яқинида таваллуд топган. Илм талабида ўсмирлик даври асосан Шерозда ўтган. Диний фанларда чуқур илмга эга бўлган. Шунингдек, табиий фанларни ҳам ўзлаштирган. Ҳижрий 789 йили Самарқандга келиб, Амир Темур эътиборини қозонган. Жами бўлиб элликка яқин китоб тасниф қилган ва ҳижрий 816, милодий 1413 йили Шерозда вафот этган. 

[3] “Шақоиқун-нуъмониййа”, 4-жуз, 398-бет.

[4] Қадимги Форс юрти пой­тах­ти бўлган, Эроннинг жануби-шарқида жойлашган.

[5] Ҳижрий 702-782 йиллари яшаб ўтган. Имом Жазарий ундан Ибн Омир ва Кисо­ий­ларнинг қироатларини таълим олган.

[6] Дамашқлик буюк имом, қози, ҳижрий 691 йили туғилиб, ҳижрий 779 йили Да­машқ­да вафот этган.

[7] Лақаблари “Шамсиддин”. Ҳижрий 704 йили Қоҳирада туғилган. Қироат илмидан ташқари кўп илмларда моҳир бўлган. Ҳижрий 777 йили вафот этган.

[8]  Ҳижрий 698 йили туғилган. Имом, муқриъ, муҳаққиқ ва ориф зотлардан, етти қироат соҳибларидан бўлган. Ҳижрий 782 йили шаъбон ойида вафот этган ва “Су­фий­йа” мақбарасида дафн қилинган. Вафотидан сўнг шогирдларига таълим беришда ИмомЖазарий у зот ўрнига ўтирган.

[9] Мадинаи мунаввара шайхи, масжид ан-Набавийда кўп йиллар имом-хатиб бўлган. Имом Жазарий 768 йили ҳаж ибодатини адо этиш учун Макка ва Ма­ди­нага сафар қилганида у зот билан учрашган.

[10] Лақаблари “Имодуд-дин”. Ҳижрий 701 йили Мисрда туғилиб, 774 йили Дамашқда вафот этган. У зот муфассир ва муҳаддислар имоми, буюк муаррих ва муҳаққиқ олим бў­либ, кўп китоблар муаллифидир. 

[11] Ҳижрий 724 йили Мисрнинг Булқийния шаҳрида туғилган. Қоҳирада замона­си­­нинг буюк уламолари қўлида таълим олган. Асрнинг тенгсиз олими бўлмиш бу зот ҳижрий 805 йилнинг зулқаъда ойида вафот этган.

[12] Имом Бағавийнинг “Ал-Масобийҳ” китобига уч жилдлик шарҳ.

 

 

Қуръони карим
Бошқа мақолалар

НИМА БИДЪАТ-У, НИМА СУННАТ? “БИДЪАТ” ТУШУНЧАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

20.08.2026   40363   7 min.
НИМА БИДЪАТ-У, НИМА СУННАТ? “БИДЪАТ” ТУШУНЧАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.

Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:

“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.

“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.

Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.

Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.

Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.

Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.

Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.

Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.

Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.

Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.

 

Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари

Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:

الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ

1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.

جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ

2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.

عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ

3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.

Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.

الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ

1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.

الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ

2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.

Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.

Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.

Бидъатнинг турлари.

“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).

Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).

Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.

Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.

Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ

“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.

 

Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси