Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Алҳамдулиллаҳи роббил аъламин. Аллоҳумма солли ала саййидина Муҳаммад ва аъла аълиҳи ва ашабиҳи ажмаъийн.
Мўътадиллик, ишларда ўрта йўлни тутиш Ислом умматига хос. Аллоҳ таоло ислом умматини бошқа умматлар ичида ўрта уммат қилган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
وَكَذَلِكَ جَعَلْنَاكُمْ أُمَّةً وَسَطًا لِتَكُونُوا شُهَدَاءَ عَلَى النَّاسِ وَيَكُونَ الرَّسُولُ عَلَيْكُمْ شَهِيدًا
яъни: “Шунингдек, сизларни (мусулмонларни бошқа) одамларга (умматларга) гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун “ўрта уммат” қилиб қўйдик” (Бақара сураси, 143-оят).
Ояти каримадаги “ўрта уммат”нинг маъноси адолатли, энг яхши ва турли фазилатларга эга бўлишдир. Мана шу ояти карима далолати билан Ислом уммати афзал уммат ҳисобланади. Бунга қуйидаги ояти карима ҳам далолат қилиб туради:
كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ
яъни: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” (Оли Имрон сураси, 110-оят).
Аллоҳ таоло ўз ўрнида Аҳли сунна вал жамоа (машҳур тўрт мазҳаб эргашувчилари)ни бошқа исломий фирқалар ичида васатийлик-мўътадиллик билан ажратиб қўйди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
لَا تَزَالُ طَائِفَةٌ مِنْ أُمَّتِي ظَاهِرِينَ عَلَى الْحَقِّ، لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ خَذَلَهُمْ، حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللهِ وَهُمْ كَذَلِكَ
(رَوَاهُ الامام مُسْلِمٌ عَنْ ثَوْبَانَ رضِيَ اللهُ عَنْهُ)
яъни: “Умматимдан бир тоифа ҳақда зоҳир бўлган ҳолларида давом этарлар, уларни тарк қилган киши уларга зарар келтира олмас. Аллоҳнинг амри келгунича улар ўша ҳолда бўлурлар” (Имом Муслим ривоятлари).
Хулоса қилиб айтганда Аҳли сунна вал жамоа ҳам дин ишлари: эътиқод, илм, амал ва ахлоқда мўътадилдир. Соғлом фикрли инсон яхши англайдики, Ислом дини таълимотида мўътадиллик ғояси ётади ва унга эргашиш инсониятни ҳеч қачон залолатга бошламайди. Зеро, мўътадиллик бу – ҳаддан ошиш ёки сусткашликка йўл қўйиш, қаттиқ олиш ёки ўта бўш қўйиб юбориш ўртасида бўлиб, мана шу мувозанатни сақлаган киши тўғри йўлдан адашмайди.
САЛИМХОН ЖАМОЛИДДИНОВ
Мир Араб олий мадрасаси талабаси
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юртимизнинг турли ҳудудларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари кенг кўламда давом этмоқда. Мазкур бош ғоя асосида масжидлар ва қабристонларда ҳам ҳашарлар ташкил этилиб, ҳудудлар тартибга келтирилмоқда.
Хусусан, масжидлар атрофи, қабристонлар ва уларга туташ ҳудудларда тозалаш, ободонлаштириш, дарахтларни парваришлаш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Бундай хайрли ишлар юртимиз ободлигига ҳисса қўшиш, муқаддас масканлар ва аждодлар хотирасини эъзозлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ягона Ватан — ягона халқ!
Янги ҳаёт ва янги келажак сари биргаликда!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати