Ҳинд бинт Суҳайл ибн Муғира ёки Ҳинд бинти Абу Умома (р.а.). Куняси Умму Салама. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг аёлларидан бири, “Мўминларнинг онаси” деган рутбанинг соҳибаси.
Отаси Суҳайл ибн Муғира ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Махзум ибн Яқаза ибн Мурра.
Онаси Отика бинт Омир ибн Робиъа ибн Молик ибн Хузайма ибн Алқама ибн Фирос ибн Ғанм ибн Кинона.
Умму Салама (р.а.) бой-бадавлат шароитда, ақл-заковатли, эс-ҳушли ва фаросату назокатда тенги йўқ қизлардан бўлиб ўсдилар. Ўта зеҳнли, оқила ва илмга ҳарис бўлганлари сабабли Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га турмушга чиққанларидан сўнг, улардан турли масалаларни сўрашдан зерикмас эдилар. Улар саволларни асосан аёллар нуқтаи назаридан берар эдилар, бу эса ўз навбатида шариатга бир қанча енгиллик ҳукмлари кириб қолишига ҳам сабаб бўлган. Ҳинд бинт Абу Умома (Умму Салама) фасоҳат, шеър ва адабиётда ҳам моҳир бўлганлар.
Умму Салама (р.а.)нинг биринчи турмуш ўртоқлари Абу Салама лақабли Абдуллоҳ ибн Абдул-Асад бўлган. У киши ҳижрий учинчи йилда вафот этган. Шундан сўнг Умму Саламага Абу Бакр, Умар каби машҳур саҳобалардан совчи келган. Аммо, охири Умму Салама (р.а.)га Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзлари уйланганлар.
Умму Салама (р.а.)нинг тўрт фарзандлари бўлиб, барчаси Абу Саламадан бўлган. Улар: Зайнаб, Салама, Умар ва Дурра.
Ҳинд бинт Суҳайл (р.а.)нинг эри Абдуллоҳ ибн Абдул-Асаднинг онаси Барра бинт Абдулмутталиб ўша вақтдаги кўзга кўринган оиладан эди. Барранинг жияни Муҳаммад ибн Абдуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг пайғамбар бўлгани ҳақидаги хабарни эшитиб, Ҳинднинг эри Абдуллоҳ ибн Абдул-Асаднинг тинчи бузилиб, тоғасининг ўғли тарғиб қилаётган янги динга жуда ҳам қизиқиб қолади. Бунинг устига улар эмикдош ака-ука ҳам эдилар. У ҳаракат қилиб, ўн кишидан кейин ўн биринчи мусулмон бўлди. Шундан сўнг Умму Салама (р.а.) ҳам исломни қабул қилган.
Ҳабашистон ҳижрати эълон қилингач Умму Салама (р.а.) Абдуллоҳ ибн Абдул-Асад билан бирга йўлга чиқишади. У ерда улар бир қиз ва бир ўғил фарзанд кўрдилар. Қизларига Зайнаб, ўғилларига Салама деб исм қўйдилар. Ўғил фарзандли бўлганларидан сўнг уларни Умму Салама, эрларини эса Абу Салама деб номлайдиган бўлдилар, натижада кунялари исмларидан кўра машҳур бўлиб кетди.
Ҳинд бинт Абу Умома (р.а.) Абдуллоҳ ибн Абдул-Асад билан бирга Мадинага ҳам ҳижрат қилганлар. Улар Мадинага ҳижрат қилган биринчи аёл ҳисобланадилар.
Бадр ва Уҳуд урушларида Ҳинд бинт Абу Умоманинг эри Абдуллоҳ ибн Абдул-Асад ҳам иштирок этган. Уҳуд жангида Абу Салама билагидан яраланади ва мазкур жароҳат сабабли вафот этади.
Абдуллоҳ ибн Абдул-Асад (р.а.)нинг вафотидан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу фидокор саҳобияни ўзига яраша тақдирлашга қарор қилдилар. Идда муддати тугагач, Умму Салама Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) турмушга чиқдилар ва у зотнинг завжаларидан бири бўлиб, мўминларнинг онаси деган унвонга эга бўлдилар.
Умму Салама (р.а.) Пайғамбар (алайҳис-салом) вафотларидан кейин доимо ибодат билан машғул бўлдилар. Фақат ҳазрати Али (р.а.)нинг даврларидагина у кишини ёқлаб, бир марта олдиларига ўғиллари Умарни олиб келдилар ва: “Эй мўминларнинг амири, агар Аллоҳга осий бўлишдан қўрқмаганимда ва сизнинг қабул қилмаслигингизни билмаганимда, албатта, сиз билан бирга чиққан бўлар эдим. Аллоҳга қасамки, ўғлим мен учун ўзимдан ҳам азиз. У сиз билан чиқиб, урушларингизда қатнашади”, дедилар.
У киши ҳадис ривоят қилишда аёллар орасида Оиша (р.а.)дан кейинги ўринда турадилар. Хонадонларида ваҳий нозил бўлишига шоҳид бўлганлар. Улардан жами 378 ҳадис ривоят қилинган. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар биргаликда Умму Салам (р.а.)дан 29 ҳадис келтирганлар, шундан 13 таси ҳар икки имомда ҳам келган, 3 таси фақат Имом Бухорийда, 13 таси фақат Имом Муслимда келган.
Буюк саҳобия ҳижрий 59 ёки 62 йили, 84 ёшларида вафот этдилар. Улар мўминларнинг оналаридан энг охири вафот этгани ҳисобланадилар. Васиятларига мувофиқ жанозаларини Абу Ҳурайра (р.а.) ўқиб, ўғиллари Салама ва Умар (р.а.) ҳамда яна баъзи маҳрамлар қабрга қўйган.
“101 саҳобий” китоби асосида Н.Саидакбарова тайёрлади
Ўз замонасининг энг катта қасрида, қўл остида кўплаб жория ва қуллари билан, тўкис ҳаёт ичида яшайдиган аёл бор эди. У Осиё бинти Музоҳим, Фиръавннинг аёли эди. У қасрда осойишталикда яшарди, бироқ унинг қалбида иймон нури барқ урди. Шундан кейин эри унинг бошига қийинчиликлар сола бошлади. У ўткир назарли аёл эди, қўл остидаги жория ва қуллар ҳамда шундай тўкин ҳаётни тарк этиб, уларни иймони йўлида фидо қила олди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз Китобида зикр этиши ва мўминларга намуна қилишига ҳақли бўлди. Аллоҳ таоло айтади:
﴿وَضَرَبَ اللَّهُ مَثَلًا لِلَّذِينَ آَمَنُوا اِمْرَأَةَ فِرْعَوْنَ إِذْ قَالَتْ رَبِّ ابْنِ لِي عِنْدَكَ بَيْتًا فِي الْجَنَّةِ وَنَجِّنِي مِنْ فِرْعَوْنَ وَعَمَلِهِ وَنَجِّنِي مِنَ الْقَوْمِ الظَّالِمِينَ﴾
“Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб кўрсатди. У: “Роббим, менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва золим қавмлардан нажот бергин, деб айтди” (Таҳрим сураси, 11-оят).
Уламолар ушу оятнинг тафсирида шундай дейишади: “Осиё розияллоҳу анҳо “Уй олишдан олдин қўшни танлаш”га амал қилдилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг комилликка эришган аёллар орасида зикр этишларига муносиб бўлдилар. У зот алайҳиссалом айтадилар:
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: كمل من الرجال كثير. ولم يكمل من النساء غير مريم بنت عمران وآسية امرأة فرعون وإن فضل عائشة على النساء كفضل الثريد على سائر الطعام
“Эркаклардан кўпчилик комилликка эришган. Аёллардан эса фақат Фиръавннинг аёли Осиё ва Имроннинг қизи Марямгина комилликка эришган. Албатта Оишанинг бошқа аёлларга нисбатан фазли худди сарид (арабларнинг севимли таоми)нинг бошқа таомларга нисбатан устунлиги кабидир” (Имом Бухорий ривояти).
Бу мўмина Фиръавннинг зулматларга тўлган қасрида порлаган чироқ Осиё онамиздир. Ким биз учун сабр, сабот ва Аллоҳ томон даъват этадиган чироқ ила нур сочади?
Шуъла: Фикрингизни бошқаринг, бахтли бўласиз.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан