Бақара сурасининг 255-ояти ҳисобланган “Оятал Курсий”ни барча ўринларда кўпроқ ўқиб юриш ва ҳар кеча ётоғига ётган вақтда уни ўқиш мустаҳабдир.
Бу борада Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадисларни ривоят қилганлар: “Ойларнинг саййиди Муҳаррам, кунларнинг саййиди Жума, сўзларнинг саййиди Қуръон, Қуръоннинг саййиди эса оятул курсийдир. Оятул курсийда элликта калима бўлиб, ҳар бир калимада элликта барака бордир”. (Дайламий “Муснадул Фирдавс”да ривоят қилган.)
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло Бақара сурасидаги “Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Ҳайй ва Қайюмдир...” оятидан улуғроқ осмонни ҳам, ерни ҳам, жаннатни ҳам, дўзахни ҳам яратмаган”. (Абу Убайд ва Ҳоким ривояти.)
Суфён ибн Уяйна айтади: “Чунки Оятал Курсий Аллоҳнинг каломидир, Аллоҳнинг каломи эса махлуқ эмасдир. Ва Аллоҳнинг каломи осмон ва ердан иборат Аллоҳнинг махлуқотларидан улуғдир”. (Имом Термизий “Қуръон фазилатлари”да зикр қилган.)
Убай ибн Каъбдан ривоят қилинади: “Муҳаммаднинг нафси қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, бу оятнинг – “Оятал Курсийнинг” тили ва иккита лаби бор, Аршнинг пойида Аллоҳ таолони улуғлайди”. (Имом Муслим ва Абу Довуд ривояти.)
Абдуроҳман ибн Авф[1] уйига кирса, уйининг тўртта бурчагида Оятал Курсийни ўқир эди. Бунинг маъноси – гўёки Оятал Курсий у кишининг тўртала томонидан қўриқчи бўлиб, уйининг бурчакларида туриб, ундан шайтонларни ҳайдашини хоҳларди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Қуръондаги энг улуғ оят Оятал Курсийдир”, деганлар. Бази уламолар: “Чунки Оятал Курсийда Аллоҳнинг исми замир ва зоҳир исм кўринишида ўн саккиз марта зикр қилинган”, деганлар.
Жалолиддин Ҳамроқулов
"Новза" жомеъ масжиди имом-хатиби
Тошкент ислом институти кафедра мудири
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати