Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Апрел, 2025   |   25 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:05
Қуёш
05:32
Пешин
12:26
Аср
17:11
Шом
19:15
Хуфтон
20:35
Bismillah
23 Апрел, 2025, 25 Шаввол, 1446

Тиловат қилинганда тинглаш фазилати

21.07.2016   9518   15 min.
Тиловат қилинганда тинглаш фазилати

 

وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآَنُ فَاسْتَمِعُوا لَهُ وَأَنْصِتُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ  

 Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!  Аъроф -204.

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда қироат қилсалар у зот билан бирга асҳоблари ҳам қироат қилар эди. Ва саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга халал беришарди. Шунда “Агар Қуръон ўқилса...” ояти нозил бўлди. Имом Шаъбий ва Ато намоздаги қироатга тегишли деганлар. Иброҳим ибн Абу Ҳурра Мужоҳиддан:”Намозга ҳам хутбаларга ҳам тегишли деган. Хутбага ҳам истимоъ (тинглаш) ва инсот (сукут сақлаш) вожиб”- деган. (Ибн Аббос тафсиридан.)

 Аллоҳ таолонинг ушбу амри Қуръонни намозда ва ундан бошқа пайтда ҳам жим туришликни тақозо қилади. Шунингдек, оят жаҳрий ошкор намозда имомнинг ортида турган инсоннинг қироат қилишини ман қилгани каби махфий намозда ҳам қироатни ман қилади. Чунки, Аллоҳ таоло жим туришликни вожиб қилар экан жаҳрий ёки махфий ҳолатдами, шарт қилмади. Агар жаҳрий қилса, бизга истимоъ лозим, махфий қилса, инсот лозим. Зеро, биз унинг қироат қилаётганини билиб турамиз. (Жассос, “Аҳкамул Қуръон” тафсиридан)

 “Ибрат - лафзнинг омлиги билан, сабабнинг хослиги билан эмас” деган усул қоидасига биноан намоздан бошқа пайт ҳам тинглаш вожибдир. Фатҳул Қодирда келишича: Бир киши фиқҳ ёзяпти, ёнида эса бир киши Қуръон ўқияпти. Қуръонга истимоъ қилишга фақиҳнинг имкони йўқлиги учун қори гуноҳкор бўлади (ё бошқа жойда ўқисин, ё ичида ўқисин). Шунингдек, тунда инсонлар ухлаб ётган ўринда ўқиса ҳам гуноҳкор бўлади.  “Қуня”да келишича, ёш бола қуръон ўқисаю оиласи иш қилаётган бўлса нима бўлади деган масалада, агар оиласи бола Қуръон ўқишга киришишдан олдин ишга киришган бўлса гуноҳкор эмас, агар қироатни бошлагандан кейин ишга киришса гуноҳкор бўлади, дейилган. (Фатҳул Қодир тафсиридан.)

 Тафсири Насафийда эса ушбу оятнинг тафсирида шундай дейилади: “Бунинг зоҳири намоздаги қироатга ҳам, бошқа ҳолатдаги қироатга ҳам истимоъ ва инсотнинг вожиблигидир. Айримлар “агар Пайғамбар оят нозил бўлган пайтда сизларга тиловат қилса унга қулоқ солинглар” дегани, дейдилар. Жумҳур саҳобалар розияллоҳу анҳум муқтадийнинг тинглаши вожиб, дейдилар. Айримлар хутбани тинглаш, дейдилар. Айримлар иккаласини ҳам, дейдилар. Иккисига ҳам тегишли дегани тўғрироқ”. (“Мадорик ат-Танзил ва Ҳақоиқул таъвил” тафсиридан)

 Қуръон тилавотига қулоқ солиш Аллоҳнинг раҳматига эришиш ва шайтоннинг найрангларидан ҳимояланиш йўлидир. У қачон ўқилса қулоқ солиш ва қироат асносида жим туришдир. Қулоқ солиш эшитишдан кучлироқ. Чунки қулоқ солиш маълум мақсад ва ният билан, шу сўзни идрок қилишим керак деган маънода бутун ҳиссини унга қаратади. Эшитиш эса ундай эмас, у йўл-йўлакай ҳам бўлиши мумкин. Ким қулоқ солса ва жим турса тушиниш ва тадаббур қилишга лойиқ бўлади. Ва шундайларга Аллоҳнинг раҳматини умид қилса бўлади. Оят мутлоқ қироатга қулоқ солишга далолат қилади, ҳоҳ наомзда бўлсин, ҳоҳ ташқарида. Бу Ҳасан Басрийдан ривоят қилинган. Аҳли зоҳирлар ҳам шу фикрда. Айримлар жума хутбаси ҳақида нозил бўлган дейдилар. Бу хато фикр. Чунки, оят маккийдир. Жума эса  ҳижратдан кейин мадинада фарз қилинган. Айримлар мустаҳаб, вожиб эмас дейдилар. Саҳобалар намозда бир бирларига гапирар эди, бу оят нозил бўлгандан сўнг намозда гапириш ҳаром қилинди, дейдилар. Ибн Мунзир: Намоз ва хутбадан бошқа пайт истимоъ ва инсот вожи эмаслигига ижмоъ қилинганилигини айтади. Зеро, ҳар бир қироат қилаётган шахсга қулоқ солиш катта машаққат. Бунда илм олаётган илмдан, ишчилар ишидан қозилар ҳукмдан машғул бўлиб қолишларига олиб келади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари айримлари нозил бўлган нарсани етказиш, айримлари ваъз ва иршод бўлган.  Шунинг учун бу оятни фақат имомнинг қироати орқасидан қироат қилиш мумкин эмаслигига далолат қиладилар. Қорининг ёнида бошқа қори қироат қилаётган бўлса, қироатни тўхтатиб унга қулоқ солиши шарт эмас. Қуръонни менсимасдан  бепарволик билан қулоқ солмаслик мумкин эмас. Кўп шаҳарларда мотамларда кузатилганидек, қуръон ўқилса бекорчи нарсаларни гаплашиб ўтириш мана шу оятнинг буйруғига хилофдир. Шунингдек, Қуръонни эшитишдан қасддан қочиш мўмин инсоннинг иши эмас.  (Муҳаммад  Рашид  Али Ризо: “Тафсирул Манар”).

 

ЖАЛОЛИДДИН

 

 

Қуръони карим
Бошқа мақолалар

У зотнинг туғилишлари билан олам раҳматга тўлди

23.04.2025   802   3 min.
У зотнинг туғилишлари билан олам раҳматга тўлди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни махлуқотларга раҳмат ўлароқ юборган кундан афзалроқ хурсандчилик борми?!

Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари билан шодланмаса, асло шодлик, хурсандчилик кўрмайди.

У зотнинг туғилишлари билан раҳмат булоқлари отилиб, олам раҳматга тўлди. Шунинг учун ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидлари Аллоҳ таолонинг неъматини нишонлаш ва бу юксак иноятдан хурсандчилик байрами бўлган.

Бу байрамни ушбу неъматларнинг қадрини билган, уни бардавом ва зиёда бўлишини умид қилган кишилар нишонлайди...

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни башариятга қандай севишни ўргатиш учун юборган...

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга чин муҳаббат қўювчи кишини суннатга фақат тўғри эргашаётганини, бидъатчини эса (амали каби) муҳаббати ҳам нуқсонли эканини кўрасиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидлари билан мўмин кишигина қувонади.

Мўминлар ушбу мунаввар ойни Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мавлидлари муносабати билан хурсандчиликда ўтказадилар. Зеро, мавлиди шариф ойи хурсандчилик қилиш, меҳр-муҳаббат кўрсатиш, яхшилик, эҳсон-садақалар қилиш ойидир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўювчи ҳар бир киши бу ой келишидан аввал тайёргарлик кўриб, ой давомида имкон қадар улуғ неъматга шукронаси, шодлигини изҳор қилишга интилган.

Солиҳ кишилар мавлидни нишонлашга моддий имкон тополмасалар, ҳеч бўлмаса бу ой давомида шомдан кейин тонг отгунча йўлни ёритиб туриши учун чироқларини ёқиб деразаларига қўйиб қўяр эканлар.

Онам Аллоҳ раҳмат қилсин бобоси шайх Мустафо ҳақида шундай дер эди: "Бобом Рабиъул аввал ташрифидан бир неча ой аввал тайёргарликни бошлаб юборарди. Аслида бобом давлатманд эмасди, лекин ҳолатини бировга билдирмас, аксинча унинг яхши амаллари, зикр мажлиси, меҳмондорчилиги сабабидан уйимиз баракага тўлиб кетарди.

Мавлид ойи арафасида жонлиқ сўйиб, пулларини жамғариб қўяр, бу ой кириши билан бир жарчи қишлоқ чор атрофида баланд овозда: «Ким егуликка, кийим-кечикка эҳтиёжи бўлса шайх Мустафонинг уйига борсин!» деб айланиб чиқарди. Қишлоқдаги ёш болалар унинг ортидан қувонч билан чопқиллашарди".

Шайх Мустафонинг ҳовлиси боғ-роғлари бор, безатилган баланд қаср эмас, балки лойдан қурилган қишлоқдаги оддий уйлардан эди. Чунки бу уй эгаси топганини тупроққа сарфлашнинг ўрнига тўғри Аллоҳ таоло йўлида ишлатиб, фойдаси аниқ бўлган тижоратни афзал кўрар эди.

Кечки пайт шайх Мустафонинг ҳовлисида чироқлар илиниб, одамлар тўпланишиб зикр, салавот, мадҳлар айтиларди.

Сўнгра таом тортилиб, бой-камбағаллар бирга хурсандчилик қилишарди. Унда баракани кўрардингиз. Фақир қалбидан эҳсон соҳиби ҳақига Аллоҳдан кенгчилик сўраб дуо қилар, соҳиби эҳсон эса, Аллоҳ таолога яқинлашишига сабаб бўладиган шундай ишга муваффақ қилгани ва буни янада зиёда қилишини, ҳаёти давомида яхшиликда бардавом этишини сўраб дуо қиларди.

Бу хайрли одат бошқа ҳамқишлоқларимиз хонадонида ҳам давом этарди.

Муҳаммад Холид Собитнинг
«Тарихул иҳтифол би мавлидин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам»
китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим тайёрлади.