Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Август, 2026   |   30 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:01
Қуёш
05:30
Пешин
12:28
Аср
17:22
Шом
19:29
Хуфтон
20:56
Bismillah
13 Август, 2026, 30 Сафар, 1448

«Залолатга йул ёхуд ИШИД фитнаси»

20.07.2016   9268   7 min.
«Залолатга йул ёхуд ИШИД фитнаси»

Бугунги кунда дунёда ва Ислом оламида нима бўлаётганидан ҳамма хабардор бўлсада,  афсуски, XXI асрда ташкил топган айрим экстремистик ва радикал гуруҳларни ғарб ОАВлари «ислом» ва «мусулмон» номи билан ёритиб боришмоқда. Зеро, ушбу радикал гуруҳлар ҳақ ва муборак «Ла илаҳа иллаллоҳ» сўзини тил ўйинига айлантиришган ҳамда халифаликни қайтадан жорий этиш иддаосини қилишмоқда. Ваҳоланки, уларнинг шиорларини чеккага суриб қўйиб, уларнинг   фикрлари, сўзлари ва амалларига эътибор қаратсак, Ислом ва диний аҳкомдан бирон нишона тополмайсиз.

  Бунга  ҳозирда Сурия ва Ирок давлатларида «халифалик» давлатини ташкил этганини жар солаётган «ИШИД» террористик ташкилотини яққол мисол келтириш мумкин  ва ушбу террорчи ташкилот   Ислом динига бўлган қарашларни чалғитувчи бир омилга айлантирган хамда бир ҳовуч «жиходчилар» ва «салафийлар» диний экстремистик оқимларининг ноконуний диний ғоялари тасирида вужудга келган.

Айтиш лозимки, руҳиятни чалғитувчи салафийлар  гарб ОАВининг диққатини ўзига жалб этиб ва ушбу ОАВ лари жаҳон ҳамжиятига «ИШИД» каби радикал гуруҳларни «Ислом» дини билан бир қаторда қўйган ҳолда қабул қилдиришга уринишмоқда. Ҳолбуки, «салафийлар» ва  бошқа такфирий  гуруҳлар асл Ислом таълимотидан жуда узоқдалар (ушбу мавзуга қуйида тўхталиб ўтамиз). Айнан бу каби гуруҳлар Ислом чеҳрасини дунёда  қора қилиб кўрсатишмоқда.  

   Сурия ва Ироқ мамлакатларида террористик амалиётларни амалга оширишни, қон тўкиш, қотилликлар, аҳоли яшайдиган уй-жойларни вайроналарга ва харобаларга айлантиришни ўз олдига мақсад қилиб олди. Ҳозирда ушбу фожеали ва қўрқинчли амалиётларни ваҳшийларча амалга оширишмоқда. «ИШИД» номи «Ироқ ва Шом исломий давлати»нинг қисқартирилган шаклидир. «ИШИД» қуролланган террористик гуруҳ бўлиб, бу гуруҳ «салафийлик» жиҳоди, яъни экстремистик ғоялар ва қарашлар билан йўрғилгандир. «ИШИД» гуруҳи асосчиларининг мақсадлари «Исломий халифалик ва шариат ижроси» номини қайтадан тиклашдир.

«ИШИД»нинг пайдо бўлиши ва унинг фаолиятлари ҳақида бугунги кунда дунёдаги машҳур сиёсатчилар, давлат раҳбарлари ва дунёнинг таниқли уламолари ўзларининг салбий муносабатларини билдирмоқдалар.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Ироқ ва Суриядаги жангариларининг ҳаракатларини гуноҳ деб айтиб ўтди. «Қонуний давлат раҳбарига қарши «фитна», исён, ғалаёнда иштирок этиш Ислом динидаги энг оғир гуноҳлардан бири ҳисобланади. Ноқонуний давлатни тан олишни хоҳламагани учун кечагина иттифоқчи бўлган инсонларни қатл қилиш, биргаликда    исён кўтарган қаллоблар томонидан сайланиб, фақат шугина асос билан ўзини халифа деб ҳисоблаш-бу катта гуноҳ»-деди Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси.

 Таниқли  марҳум уламо Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: «Одамлар менга тез-тез шундай савол беришади: Ироқдаги воқеаларни қандай тушунмоқ керак? Мен шундай тушунтираман: қандайдир бир «Бағдодий» ўзини «халифа» деб эълон қилибди ва барча мусулмонлар номидан гапиришим мумкин, деб ҳисоблаяпти. Бироқ бу фақат унинг хаёлидагина шундай. Халқаро мусулмонлар иттифоқи расман эълон қилди: ўзини халифалик деб эълон қилган ташкилот шариатга мос келмайди ва мусулмонлар уларга қулоқ солмасликлари керак.» - деган эди марҳум шайх ўз маърузаларидан бирида.

  Она Ватани Ўзбекистонга хиёнат қилиб, ҳозирги кунда ўзларини «Ўзбекистон Ислом ҳаракати»  деб ном қўйиб олган бир тўда хиёнатчиларни ҳозирги раҳбари «Усмон Ғозий» «Ироқ ва Шом Ислом давлати» номли террористик гуруҳнинг таъсис этилишини қўллаб-қувватлашини эълон қилиб, бу террористлар билан бир сафда эканлигини айтди.

«ИШИД»ни халифалик эълон қилгани, «Ҳизб ут-Таҳрир»ни кескин муносабатига сабаб бўлди. «Ҳизб ут-Таҳрир»ни ҳозирги раҳнамоси «Ато ибн Халил Абу Рашта» айни масалага оид жавобида умуман бу халифаликни тан олмаслигини таъкидлаб ўтган. «Ато ибн Халил Абу Рашта»ни «Бағдодий»га мурожатида: ««Халифалик» эълон қилмоқчи бўлса, бу ташкилотнинг ўша жойда очиқ ҳукумронлиги (ҳокимияти) бўлиши, бу ҳукмронлиги унинг ичи ва ташқи жиҳатдан ҳавфсизлигини ҳимоя қилиши «халифалик» эълон қилинадиган минтақада давлат таянчлари бор бўлиши зарур. Аммо «халифалик»ни эълон қилган «ИШИД» ташкилоти на Сурияда на Ироқда салтанат (хокимият)га эга эмас. Улар фақат ўзларидаги ички хиссиётларни қондиришган, холос... Бу эълон бемаъни эълон бўлиб, бу ташкилот «халифалик» эълон қилишдан олдин ҳам бир қуролли ташкилот бўлган, ундан кейин ҳам бир қуролли ташкилот бўлиб қолади».

Бу икки ташкилотни мақсадлари сахродаги саробга ўхшаб кўринган нарсага интилиш кабидир. «Абу Рашта»ни  давлат ва жиҳод орқали халифалик ташкил қиламиз демоқда, бу мақсади йўлида ҳеч нарсадан қайтмаслиги, яъни, «ислом дини» асосларидан, инсонпарварлик туйғуларидан ва ҳар қандай ҳунрезликлардан қайтмасдан мақсадига етиш учун ҳаракат қилишга ишорадир. Эътибор қилинса бир-бирини қуролли тўда деб атамоқдалар. Бир-бирларини кирдикорларини очиб ташламоқдалар. Бу билан асл мақсадлари намоён қилган.

«ИШИД»ни қуролли ташкилот деб атамоқда, аммо ўзларининг «Ҳизб ут-Таҳрир»  номли китобида: «Ҳизб ут-Таҳрир» руҳий уюшма ҳам, илмий уюшма ҳам, таълим-тарбия билан шуғулланадиган уюшма ҳам эмас, балки, у исломий фикрат асосига қурилган сиёсий уюшмадир»- дейилган.

«Ҳизб ут-Таҳрир»ни ҳозирги раҳнамоси «Ато ибн Халил Абу Рашта»ни ғазаби ва нафрати бежиз эмас чунки, халифаликни улардан олдин «ИШИД» эълон қилиб қўйди. Бу албатта ўзларича келажакда орзу қилиб юрган «халифалик»ка соя солди. Агар булар ҳам халифалик эълон қилсалар мусулмонларни бу масалада иккиланишига ва шубҳаланишга олиб келишидан қўрқмоқда.

 «Ҳизб ут-Таҳрир» ва «ИШИД» каби террорчи ташкилотлар гўёки динга хизмат қилишдек, шарафли ишни амалга ошираётганларини даъво қилсаларда, аслида ҳукуматга ва Исломга қарши ҳаракат қилаётганлари ҳозирги кунда исботини топмоқда.

Зеро, Аллоҳ таоло «Қуръони карим»да марҳамат қилганидек: «Уларга: «Ер юзида бузғунчилик қилманглар», дейилса, «Биз ислоҳ қилувчилармиз», дейдилар. Огоҳ бўлингизким, улар албатта бузғунчилардир, лекин ўзлари буни сезмайдилар». (Бақара, 11-12).

 Ҳозир дунёда ва ислом оламида бўлаётган вазиятни эътиборга олиб ёшларимизни мазкур хавф-хатарлардан муҳофаза қилиш, диний экстремизм билан боғлиқ таҳдидларни англаб етиши ва бундан огоҳ бўлиши учун ўқув муассассалари, ташкилотлар, диний ходимлар, маҳалла фуқаролари йиғинлари ва профилактика нозирлари ҳамкорликда ёшларни илмли, дунёқараши кенг ватанпарвар шахс қилиб тайёрлашга ва бефарқликни салбий оқибатларига урғу бериш, диний экстремистик оқимлар тарафдорлари тарқатаётган ғояларнинг аслида Ислом таълимотига зид экани ва сиёсий мақсадларга йўналтирилганини аниқ далиллар билан исботлаб бериш, миллий-диний қадриятлар, аждодларимиз меросини ва ватанпарварлик ҳиссини сингдириб боришга қаратилган маънавий-маърифий тадбирларни доимий равишда ўтказиб бориш лозим.

 

Зайнилобиддинхон  Қудратов,

 Тошкент вилояти Пискент тумани  

“Мулла Бўта Қози”  жоме масжиди  имом-хатиби

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“ТАКФИР” – МУСУЛМОН ЖАМИЯТИНИ ИЧИДАН ЕМИРУВЧИ ФИТНА

11.08.2026   14606   10 min.
“ТАКФИР” – МУСУЛМОН ЖАМИЯТИНИ ИЧИДАН ЕМИРУВЧИ ФИТНА

Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.

“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾

“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).

Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.

Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:

‏ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ:‏ الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.

«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.

“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:

﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾

“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).

Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.

«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).

Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.

Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.

Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.

Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.

Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.

Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.

Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:

وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.

“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.

Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.

Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:

قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ

فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.

Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).

Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.

Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар

﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾

“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.

Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.

Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.

Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.

Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА