بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Жаннатмонад азиз юртимиз чиндан ҳам гўзал, унинг такрори бу дунёда мавжуд эмас. Мустақил диёримиз биз учун муқаддас замин саналиб, барчамиз унинг равнақи учун ҳаракат қилишимиз даркор бўлади. Она диёримиз Ўзбекистонимиз мана шундай улуғ ва муборакдир.
Бугунги Жума мавъизамизда Исломнинг буюк одоби бўлган ҳаё ҳақида сўз юритамиз.
Инсон табиатидаги энг яхши фазилатлардан бири ҳаёдир. Ҳаё кишининг имон-эътиқоди, одоб-ахлоқининг даражасига қараб, кўп ёки кам бўлади. Бир одам бемаъни ишлардан ўзини тортаётганини ёки бирор нолойиқ ишни қилиб қўйиб, хижолатдан юзи қизарганини кўрсангиз, билингки, у – ҳаёли инсондир.
Ҳаё икки хил: туғма ва таълим орқали бўлади. Таълим ва ўрганиш йўли билан ҳосил бўлган ҳаёни шариатда имоннинг шўъбаларидан бири деб ҳисобланган. Чунки, шариатда ўша ҳаё талаб қилинган, туғма ҳаё эмас. Чунки туғма ҳаё ўз-ўзидан бор нарса. Гоҳида шахс бундай ҳаёни ўзига яхши сингдирса худди туғма ҳаё даражасига етиши ҳам мумкин. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламда ҳаёнинг икки тури ҳам жам бўлган эди. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам туғма ҳаёда улуғ мақомда эдилар. Ўрганиб ҳосил қилинган ҳаёда эса, энг баланд чўққида эдилар.
Ҳаё барча яхшиликларнинг асосидир. Унинг кетиши барча яхшиликларнинг кетишидир. Гуноҳлар аста – секин ҳаёни заифлаштириб бориб, бир йўла йўқ қилиб юбориши ҳам мумкин. Агар бордию қилаётган ишларига бепарво бўлса, яхши-ёмонлигига эътибор бермай қилаверса, халқимиз ундай одамдан яхшилик чиқмайди, унинг ҳаёси йўқ дейди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг қалбида барча яхши фазилатларни ўз ичига олган ҳаё бўлишини хоҳладилар. Аввало, ўзлари бу хулқ билан энг мукаммал даражада сифатланган эдилар. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) шундай деганлар:
كَانَ رَسُول ُاللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَ سَلَمْ أشَدَّ حَيَاءً مِن َالْعَذرَاءِ فِي خِدْرِهَا وَ كَانَ إذا رَأى شَيْئاً يَكْرَهُهُ عَرَفْنَاهُ فِي وَجْهِهِ (رواه مسلم)
яъни: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаё бобида чимилдиқдаги келиндан ҳам ўтар эдилар. Қачон ўзлари ёқтирмайдиган бирор нарсани кўрсалар, дарҳол юзларидан (норозилик аломатини) билиб олар эдик”.
(Имом Муслим ривояти)
Ҳаё икки хил бўлиб, биринчиси инсоннинг табиатида мавжуд бўлган ҳис-туйғулар, иккинчиси Парвардигор ва халқ ҳузурида одобли бўлишдир.
Ҳаё тўғрисида сўз кетганда аввало, бу сифат аёлларимизда мужассам бўлиши алоҳида аҳамият касб этади. Аёлнинг ҳаёли, иболи ва иффатли бўлиши кўркига кўрк қўшади. Чунки ўтмишга назар ташласак, бизларнинг боболаримиз ва бувиларимиз иффатли ва ҳаёли бўлганларини кўрамиз.
لَوُ كَانَ الْحَيَاءُ رَجُلاً لَكَانَ رَجُلاً صَالِحاً لَوْ كَانَ الْفَحْشُ رَجُلاً لَكَانَ رَجُلاً سُوْءًا (رواه الطبرانى
яъни: “Агар ҳаё инсон бўлганда эди, солиҳ киши бўлар эди ва агар фаҳш инсон бўлганида, ёмон киши бўлар эди”. (Имом Табароний ривояти)
Инсоннинг маънавий зийнати бўлмиш имон Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк неъматдир. Имонни саломат сақлаш ва айниқса уни доим зиёда бўлиши учун ҳаракат қилиш, ҳар бир инсоннинг бурчидир. Имон кучли ва бақувват бўлиши учун унга боғлиқ бўлган барча хайрли амалларни адо этишни одат қилиш керак. Имонни зиёда бўлишига сабаб бўладиган омиллар устида тўхталиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб шундай деганлар:
عَنْ اَبيِ هُرَيْرَةَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَ سَلَمْ قال : " اَلْاِيمَانُ بِضْعٌ وَسِتُّونَ شُعْبَةً فَاَفْضَلُهَا قَوْلُ لاَ اِلهَ اِلاَّ الله، وادناها اماطةُ الاذى عن الطريقِ. والحياءُ شُعْبَةٌ مِنَ الْاِ يمَانِ "
( متفق عليه)
яъни: “Имон олтмишдан зиёд бўлакдан иборатдир. Унинг энг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси бўлса, энг пастки даражаси йўлдаги инсонга азият етказадиган нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам имондан бир бўлакдир”.
Демак, ҳаё имондан бир бўлак бўлиб, у имонни сайқал топишида муҳим ўрин тутади. Қайси бир кишининг ҳаёси кучли бўлса, демак, унинг имони ҳам бақувватдир. Ёки аксинча, қайси бир кишининг имони кучли бўлса, ҳаёси ҳам кучли бўлади. Халқимизда имонсизда ҳаё, ҳаёсизда имон бўлмайди, деб бежиз айтилмаган.
Ҳаёнинг маънодошлари орият, ибо, уят ва ор-номус бўлиб барчаси комил инсон учун зарурий нарсалардир. Ҳаё бу тортинчоқлик, синиқлик, бетга чопар бўлмаслик дегани. Бирор кимсадан танбеҳ ёки дакки эшитса уялиб, терлаб, қилган ишидан пушаймон бўлиб, ноқулай вазиятга тушиб қолишга айтилади. Дакки эшитганда ундан тўғри хулоса қилмай, аксинча танбеҳ берувчига ҳамла қилиш ёки унга чора кўриш уятсизлик балки худбинликдир. Инсон Яратганнинг олдида ҳаёли бўлса, бандаси олдида ҳам ҳаёли бўлади. Яна инсонга лозим нарса шуки, аввало Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё билан ҳаё қилсин. Бунинг учун фикрини тўғрилаши ва ҳалқумини пок тутиб, парҳезкор бўлмоғи лозим. Расулуллоҳ (сав) марҳамат қилиб шундай дейдилар:
قاَلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَ سَلَمْ لِأصْحَابِهِ َ: " اِسْتَحْيُوا مِنَ اللهِ حَقَّ الْحَيَاءِ . قَالُوا : " اِنَّا نَسْتَحِْی مِنَ اللهِ وَ الْحَمْدُ لِلَّهِ. فَقَالَ : " لَيْسَ ذلِكَ وَلَکِنَّ الْاِسْتِحْيَاءَ مِنَ اللهِ حَقَّ الْحَيَاءِ أَنْ تَحْفَظَ الرَّأْسَ وَمَا وَعَي و البطنَ وَمَا حَوَى وتَذْكُرُ الْمَوْتَ وَالْبَلَى فَمَنْ فَعَلَ ذلِكَ فَقَدْ اسْتَحْيَى مِنَ اللهِ حَقَّ الْحَيَاءِ " (رواه ﻣﺴﻠﻢ
яъни: “Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё билан ҳаё қилинглар”. Шунда саҳобалар дедилар: “Алҳамду лиллоҳ биз Аллоҳдан ҳаё қиламиз”. Расулуллоҳ бунга жавобан марҳамат қилдилар: “Ҳаё бундай бўлмайди, балки ҳақиқий ҳаё миядаги фикрни яхшилаш, ошқозонни поклаш яъни парҳезкор бўлиш ва ўлим ва чириб кетишликни доим ёдда тутиш билан бўлади. Кимики шуларга эътибор қилса Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё билан ҳаё қилибди”.
Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"أَرْبَعٌ مِنْ سُنَنِ الْمُرْسَلِينَ: الحياءُ والتعطرُ وَالسِّواكُ وَالنٍّكَاحُ" (رواه الترمذي
яъни: «Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидандир; ҳаё, хушбўй сепмоқлик, сивок ва никоҳ», - дедилар». (Аҳмад, Термизий ривоят қилган.)
Ҳаё инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган сифатлардан биридир. Ҳаё инсонга зийнат ҳисобланган улуғ бир сифатдир. Ҳаё Пайғамбарларнинг ҳаммаларига муштарак сифат бўлган фазилатдир. Шунинг учун ҳам, ҳар-бир мўмин-мусулмон ҳаёли бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"إنَّ مِمَّا أَدْرَكَ النَّاسُ مِنْ كَلاَمِ النُّبُوَّةِ الأُولَى: اِذَا لَمْ تَسْتَحِ فَاصْنَعْ مَا شِئتَ"
(رواه البخاري وأحمد وأبو داود)
яъни: «Одамлар нубувватнинг биринчи каломидан идрок қилган нарсалардан бири «агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер»дир», дедилар». (Бухорий, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган). Ҳа, ҳаёсиз киши барча ёмонликларни тап тортмай қилаверади. Одам боласини ёмонликдан қайтарадиган нарса унинг ҳаёсидир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
"لِكُلِّ دِينٍ خُلُقٌ وَخُلُقُ الاسلامِ الحَيَاءُ" (رواه ابن ماجه
яъни: «Ҳар бир диннинг ўз хулқи бордир. Исломнинг хулқи ҳаёдир», дедилар». (Ибн Можа ривоят қилган). Ибн Умар розияллоҳу анҳуданривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаё ва имон иккиси бирга яқинлиштирилган. Қачон улардан бири кўтарилса, бошқаси ҳам кўтарилади», дедилар» ( Ҳоким ривоят қилган).
Муҳтарам жамоат! Кейинги вақтларда айрим хотин-қизлар томонидан кийиниш маданиятига, урф-одатларимиз тамойилларига амал қилмай кўча-куйларда очиқ-сочиқ ҳолда, ҳаё, ибо каби одоб-ахлоқ доирасидан четга чиқишлари учрамоқда.
Уларга дин-диёнатли, имон-эътиқодли бувиларимиз ва момоларимизнинг намунали ва ҳаёли ҳаёт тарзлари ўрнак бўлиши лозим. Шунда оиламиз мустаҳкам бўлади, фарзандлар баркамол бўлиб вояга етади. Яна аҳамият беришимиз зарур бўлган ишлардан бири интернетдан фойдаланганда риоя қилишимиз зарур бўлган одоблар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.
Интернетдаги, смартфон ва уяли телефонларда бўладиган муомала ва мулоқотларда кўнгилсиз ҳолатлар юз бермаслиги учун бу борадаги одобларга қатъий риоя қилиш лозим. Аввало, ният тўғри бўлиши керак. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар:
"إنَّمَا الأَعْماَلُ باِلنِّيَاتِ" (رواه البخاري حديث مشهور
яъни: “Албатта, амаллар ниятларга кўра эътиборлидир...”
Кишиларга хат-хабар ёзишда ҳам одоб-ахлоққа риоя қилиш шарт. Уятсиз, беҳуда, ҳаёсиз жумлаларни ёзиб, гуноҳ орттирмаслик лозим ёки одамлар ҳаёти ва обрў-эътиборига зарар берадиган турли асоссиз хабар ва фитнага солувчи маълумотлар тарқатиш асло дуруст эмаслигини барчаларимиз яхши билишимиз керак. Зеро, оғзаки нутқ билан ёзма нутқнинг гуноҳи баробардир.
Баъзи кишилар интернетдаги муомалаларига эътиборсиз бўлишади. Тўғри ва нотўғри хабарларга, ҳалол ва ҳаромга риоя этишмайди. Бу эса мутлақо нотўғридир. Аллоҳ таоло айтади:
ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ حُرُمَاتِ اللَّهِ فَهُوَ خَيْرٌ لَهُ عِنْدَ رَبِّهِ...
яъни: “(Гап) шудир. Кимки Аллоҳ ҳаром этган нарсаларни катта гуноҳ деб билса, бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир...” (Ҳаж, 30).
Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш ҳамда ёмонлик ва душманликда ҳамкорлик қилмаслик шиор қилиб олиниши керак. Аллоҳ таоло амр қилади:
...وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ ... (سورة ﺍلمائدة/2
яъни: “...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!..” (Моида, 2).
Исломда ҳамкорликнинг бош шарти яхшилик ва тақводир. Агар мана шу шарт топилса, ҳамма билан ҳамкорлик қилинаверади.
Мусулмон одам ўзига берилган умр неъмати азиз эканини, ундан унумли фойдаланиш ўзининг муқаддас бурчи эканини, охиратда унинг ҳар бир лаҳзасидан сўралиш борлигини бир зум ҳам унутмаслиги керак. Шу эътибордан ҳам, интернетга кириб олиб, беҳуда нарсаларга соатлаб, кунлаб вақт сарфлаш қаттиқ қораланади.
Аллоҳ таоло айтади:
لَا خَيْرَ فِي كَثِيرٍ مِنْ نَجْوَاهُمْ إِلَّا مَنْ أَمَرَ بِصَدَقَةٍ أَوْ مَعْرُوفٍ أَوْ إِصْلَاحٍ بَيْنَ النَّاسِ وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ ابْتِغَاءَ مَرْضَاةِ اللَّهِ فَسَوْفَ نُؤْتِيهِ أَجْرًا عَظِيمًا
яъни: “Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз” (Нисо, 114).
Интернет имкониятларини баъзилар суиистеъмол қилиб, фақат ўз хоҳиши билан ёлғон хабарлар, суратлар ва видеолавҳалар ҳамда разиллик ва қотилликка чорловчи фитналарни тарқатишади. Уларнинг мақсади бирор натижага эришиш, мақтаниш ҳам, одамлар орасида машҳурлик ҳам, шунчаки эрмак ҳам бўлиши мумкин. Аммо бундай ишлар буткул ножоиздир. Шаръан ва қонунан ҳам тўғри эмас.
Кишига интернетдан тўғри фойдаланишда, унинг ёмонликларидан сақланишда энг катта ёрдамчи – Аллоҳ таолонинг бандасини доим кўриб турганини, У зот ҳамма нарсадан воқиф эканини ҳамиша ҳис қилиб яшашдир.
Оқил одам шу хитобни асло хаёлидан қочирмаслиги, Аллоҳнинг ҳузурида ғайб – яширин нарсанинг ўзи бўлмаслигини доим ёдда тутиши лозим. Шуни ҳам эсдан чиқармаслик керакки, ким яширинча қилган ишини кўздан махфий қолиб кетаверади деб ўйласа, адашади. Хоҳ яхши, хоҳ ёмон иш бўлсин, Аллоҳ уни барибир ошкор қилиб қўяди.
Ёш фарзандларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишларига рухсат беришда шошилмаслик лозим. Дарҳақиқат, жуда зарур эҳтиёж бўлсагина, унинг ушбу қўлланмада зикр қилинган одобларга қатъий риоя этишига кўз етсагина, ижозат бериш мумкин.
Юқорида зикр қилинган ояти карима ва ҳадиси шарифларда инсон учун ҳаёнинг нақадар улуғ фазилат эканини баён қилинди. Аллоҳ таоло барчаларимизнинг имонимизни басаломат сақлаб, ўзларимизни ҳам ва шу жумладан аҳлу аёлларимиз, севимли ўғил-қизларимизни ҳам гўзал одоб-ахлоқли, ҳаё ва иболи солиҳ бандалардан бўлишимизга муваффақ айласин! Омин.
“Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 27 август кунги 175-сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратларининг “Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт” номли мақоласи чоп этилди.
Эзгулик, бағрикенглик марказига айланаётган мамлакатимизда диний-маърифий соҳада эришилаётган тарихий ютуқлар эътирофига бағишланган қиёсий-таҳлилий мақоланинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Бутун халқимиз томонидан катта шодиёна қилинаётган, ўз тақдирини шу азиз Ватан тақдири билан боғлаган қирқ миллионга яқин юртдошимиз қалбини чексиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлдираётган мустақиллик байрами – истиқлолимизнинг 35 йиллик айёми билан барчани чин қалбимдан муборакбод этаман.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, мамлакатимизда сўнгги йиллардаги жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳамда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин тоат-ибодат қилиши учун яратилаётган шароитлар янги босқичга кўтарилди.
Бунёдкорлик ва маънавий тикланиш солномаси
Сўнгги ўн йиллик солномасига қарайдиган бўлсак, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг энг маҳобатлилари, шубҳасиз, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасидир.
Бундан 9 йил олдин Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ҳақида махсус қарор қабул қилиниб, амалий ишлар бошланган эди. Ниҳоят жорий йилда қадимдан Тошкентнинг маънавий маркази бўлиб келган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида миллий руҳ ва замонавий шароитларга эга муҳташам иншоот барпо этилди. Марказнинг асосий зали, таъбир жоиз бўлса, қалби, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Қуръон залидир. Бу ерда дунёдаги энг қадимий Ҳазрати Усмон Мусҳафи юксак мақомига яраша муносиб ўрин топди.
Бу масканда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам янги қароргоҳига эга бўлди. Президентимизнинг оқ фотиҳаси билан биз ҳам шу ерда фаолиятимизни давом эттиряпмиз.
Имом Бухорий мажмуаси қурилиши 2019 йилда бошланган эди. Қарийб 45 гектар майдонни қамраб олган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид, инновацион музей, кутубхона, меҳмонхоналар ва бошқа зарур инфратузилма иншоотлари барпо этилди.
Шу муаззам мажмуа фойдаланишга топширилаётганида хаёлимга бир фикр келди. Биласиз, Имом Бухорий бобомиз илм талаб қилиш йўлида қанча машаққатлар чекиб дунё кездилар. Буюк муҳаддис бўлиб Ватанимизга қайтиб келдилар. Лекин унга ҳозиргидек эътибор, эҳтиром, эъзоз кўрсатилмаганди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини юксак даражада қадрлаш ва тарғиб этишга янги босқичда кенг имкониятлар яратилди. Ҳозир бутун ислом олами, барча мусулмонлар шу мажмуага талпинмоқда.
Шунингдек, Фарғонадаги Бурҳониддин Марғиноний янги мажмуаси, Намангандаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Андижон бош масжиди, Сурхондарёдаги термизийлар мақбаралари, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳи, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Нукусдаги Имом Эшон Муҳаммад, Урганчдаги Охун бобо масжидлари, Тошкентдаги Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжид-мажмуалари, Тошкент вилоятидаги Зангиота зиёратгоҳини ҳам санаб ўтиш мумкин.
Юртимизнинг шаҳару қишлоқларида, энг чекка ҳудудларида 130 тага яқин янги масжид очилди. 500 дан зиёд жоме бутунлай қайтадан бунёд этилди. 3 та олий ва 1 та ўрта махсус мадраса ташкил этилди. Жумладан, 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасининг тарихий мақоми тикланди ва уни дунёга машҳур ал-Азҳар мажмуаси даражасига етказиш ишлари давом этмоқда.
Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институти, шунингдек, Имом Термизий номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолият бошлади. Тошкент ислом институтида магистратура ташкил қилиниб, бу йил илк битирувчилар соҳанинг нуфузли идораларида меҳнат фаолиятига киришди.
Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари сони 30 дан ошди. Машғулотларни 100 мингдан зиёд тингловчи якунлаб, Аллоҳнинг каломини ўқиш бахтига эришди. Бундан ташқари, интернет орқали онлайн қироат сабоқлари йўлга қўйилди.
Диний идорамиз ҳузурида Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво маркази ташкил этилди. Бу ерда диний уламоларимиз ҳар йили юртдошларимизнинг 300 мингдан ортиқ саволига жавоб бериб келмоқда. Эътиборлиси, ишлаш ё ўқиш мақсадида чет давлатда бўлиб турган ватандошларимизнинг саволларига мобил илова ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам жавоб бериш имконияти яратилган.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги 4 та халқаро илмий-тадқиқот маркази таъсис этилиб, нодир илмий-маърифий асарлар тадқиқ қилинмоқда.
Зиёрат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш
Ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл берилди. Ҳаж квотаси 3 баравар, яъни 5 мингдан 15 мингга кўпайган бўлса, умрага қўйилган квота чекловлари олиб ташланди. Натижада ҳар йили 1 миллионга яқин ҳамюртимиз Аллоҳнинг байтини зиёрат қилишга муваффақ бўлмоқда.
Бу йилдан бошлаб Президент ҳожилари дастури жорий этилиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган 100 нафар юртдошимиз ҳаж сафарига имтиёзли бориб келди.
Рамазон ойи, икки ҳайит байрами ҳақиқий маънода катта айёмга айланди. Бу муборак саналарни Президент қарори билан кенг нишонлаш дунё мамлакатлари тажрибасида йўқ. Айниқса, жорий йилги айёмларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган улкан воқеликларни алоҳида таъкидлаш керак: Рамазон ойида 1 триллион 100 миллион сўм, Қурбон ҳайитида 700 миллиард сўм маблағ хайрия ишларига йўналтирилди.
Диний соҳа ходимларига бугунгидек эътибор, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлаш илгари кузатилмаган эди. Айниқса, 15 уламонинг Имом Бухорий ордени билан мукофотланиши тарихий воқеа бўлди.
Имом-хатибларимиз хорижий тажриба алмашиш ва малака ошириш учун чет давлатларга бормоқда. Хусусан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Европа мамлакатлари, Саудия Арабистони, Миср, БАА, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда малака ошириш курслари, Қуръони карим хатмлари, диний-маърифий суҳбатларда иштирок этмоқда. Албатта, бундай юксак эҳтиром ва кенг имкониятлар қалбларимизда чексиз шукроналик туйғусини уйғотади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда этишни ваъда қилиб, бундай марҳамат қилади:
“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Ушбу илоҳий ваъдага мувофиқ, тинч ва фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, юртимизда амалга оширилаётган хайрли ва эзгу ишларга шукроналик келтириш неъматларнинг бардавом ва янада зиёда бўлишига сабабдир. Зотан, шукр фақат тилда эмас, балки меҳр-оқибат, саховат ва эзгу амалларда намоён бўлиши билан ўз маъносини топади.
Буюк саодатнинг ифодаси
Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати натижасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланмоқда. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши, Абу Даби тинчлик форуми, Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши, Исломий фиқҳ академияси, Ислом олами уюшмаси, Подшоҳ Салмон номидаги Ҳадиси шариф академияси ва Халқаро ислом фиқҳи академияси каби нуфузли ташкилотлар шулар жумласидан.
Яқинда мамлакатимизда I халқаро ислом цивилизацияси форуми ўтказилди. У бутун дунё эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратди. Форум доирасида кўплаб нуфузли олимлар, уламолар юртимизга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг шоҳиди бўлди.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан 600 дан ортиқ китоб, монография, рисола, роман нашр қилинди.
Умуман олганда, инсон қадрини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсат аҳолининг турмуш сифатини янада ошириш, илгари адашган йўлидан қайтиб, соғлом ҳаёт кечириш йўлини танлаган шахсларни афв этиш каби савобли ишларда намоён бўлаётир.
Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг инояти билан эришилган истиқлол шарофатидандир. Тикланган маънавий қадриятлар, кенг очилган эътиқод имкониятлари янги Ўзбекистонда инсон қадри нақадар юксак даражага кўтарилганининг ёрқин мисолидир. Бу ишлар маърифат, бағрикенглик ва эзгулик тамойиллари атрофида бирлашган халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлайди.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз таълимотларида инсон учун энг улуғ саодат тинчлик-осойишталик, тансиҳатлик ва хотиржамлик эканини алоҳида таъкидлаганлар:
“Сизлардан ким аҳли-оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик егулиги бор ҳолда тонг оттирса, гўёки унга бутун дунё тўлалигича берилибди” (Имом Термизий ривояти).
Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва эмин-эркинлик мана шундай улуғ саодатнинг амалий ифодасидир.
Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз истиқлолини абадий, тинчлигимизни барқарор айласин! Юртимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган Президентимиз ва барча мутасаддиларга куч-ғайрат, мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар ёр бўлсин. Эл-юртимиз аҳил-иноқлиги, хонадонларимизнинг қут-баракаси ҳеч қачон аримасин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби