Жаброил алайҳиссалом Табукда тушиб: «Эй Расулуллоҳ, Муовия ал-Музаний Мадинада вафот этди. Унга намоз ўқишингиз учун ерни букиб берайми?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», дедилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом икки қаноти билан ерга ва тоғ чўққиларига урган эдилар, ер итоат қилди ва унинг тобути кўрсатилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга намоз ўқидилар. Ортларида фаришталар икки саф бўлиб, ҳар бир сафда етмиш минг фаришта бор эди. Ўқиб бўлиб, «Таржиъни (Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун) айтдилар. Сўнг: «Бу даражага нима сабабли эришди?» деб сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом: قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ«Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни яхши кўргани ва уни келганда ҳам, кетганда ҳам, турганда ҳам, ўтирганда ҳам ва ҳар бир ҳолатда ҳам ўқигани учун», дедилар»[1].Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким уч нарсани иймон билан адо этса, жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киради ва хоҳлаган ҳурга уйланади: ким қотилни афв қилса, махфий равишда бировнинг қарзини тўласа ва ҳар фарз намозидан сўнг قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ«Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн марта ўқиса», дедилар. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Биттасини қилса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўрадилар. У зот: «Биттасини қилса ҳам», дедилар»[2].
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, камбағаллиги ва ночорлигидан шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Қачон манзилингга кирсанг, одам бўлса-бўлмаса, салом бергин, сўнг менга салом йўллагин ва قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ«Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни бир марта ўқигин», дедилар. Ҳалиги киши шундай қилди. Натижада Аллоҳ таоло унга шу даражада ризқ бердики, ҳатто қўшниларию қариндошларига ҳам мўл-кўл ёғдирди»[3].
«Ким قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ«Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ҳар куни эллик марта ўқиса, қиёмат куни: «Тур, эй Аллоҳни мақтовчи! Жаннатга кир!» дейилади»[4].
«Ким вафот билан ниҳоя топадиган касаллигида قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ«Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқиса, қабрида фитналанмайди, қабр сиқишидан омонда бўлади ва фаришталар унинг қўлидан тутиб, сирот кўпригидан жаннатга олиб ўтадилар»[5].
ФОЙДА:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўпланинглар! Мен сизларга Қуръоннинг учдан бирини ўқиб бераман», дедилар. Тўпланганлар тўпланди, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб, قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ«Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқидилар-да, кириб кетдилар. Шунда ҳаммамиз бир-биримизга: «Бу самодан келган хабар бўлса керак, шунинг учун кириб кетдилар», дедик»[6].
– Айрим уламолар: «Бунинг Қуръоннинг учдан бирига тенглигига сабаб, унда الصَّمَدАллоҳнинг Сомад исми борлиги учун, чунки бошқа сураларда бу исм топилмайди», дейдилар. Шунингдек, أَحَدٌ«ахад» борлиги учун ҳам.
– Баъзилар: «Қуръоннинг ўзи учга бўлингани учун: учдан бири ҳукмлар, учдан бири ваъда ва ваъидлар (қайтариқлар), яна учдан бири исм ва сифатлар. قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ«Қул ҳуваллоҳу аҳад» шу уч бўлакнинг бир бўлаги, яъни исм ва сифатлар бўлагидир. Шу маънода бу сура «Ихлос» деб номланади», дейдилар.
[1]Тобароний Анас розияллоҳу анҳуданривоят қилган.
[2] Абу Яъло Мусилий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
[3] Ҳофиз Абу Мусо Мадиний Саҳл ибн Саъддан ривоят қилган.
[4] Тобароний Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилган.
[5] Тобароний ва Абу Нуъайм Абдуллоҳ ибн Шиххирдан ривоят қилганлар.
[6] Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
Унутмангки, Аллоҳ таоло Ўзига юзланишингиз учун сизни турли мусибатлар билан синайди. Баъзан Аллоҳдан имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишни ёки солиҳа жуфт ҳалол ё яна бошқа нарсаларни сўраб ой ва йиллар давомида дуо қиласиз. Аммо дуоингиз ижобат бўлмаётганидан ташвишга туша бошлайсиз.
“Нега Аллоҳ дуоларимни қабул қилмаяпти?” деган саволлар ҳаёлингизда тинмай айланади. Аммо Аллоҳ сизга қанча неъматларини тайёрлаб қўйганини билмайсиз! Сиз банда эканингизни эътироф этиб, ноумид бўлмай Аллоҳдан қанча кўп сўрасангиз, қалбингиз шунча юмшайди. Тобора Аллоҳга муҳтож эканингизни тушунасиз. Аслида, ҳар бир олган ва чиқарган нафасимиз Аллоҳнинг бизга берган чексиз неъматидир.
Аллоҳнинг юборган синовлари сабабли банда ожизлигини англаш билан бирга, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким унга ёрдам бермаслигини тушуниб етади. Бу банданинг иймонини янада мустаҳкамлайди.
Агар Сиздан “Аллоҳга энг яқин бўлган вақтиниз қачон бўлган?” деб сўрасалар сиз “Оила қурганимда”, “фарзандли бўлганимда” ёки “янги ишга кирганимда” деб айтмайсиз. Балки ҳаётингизнинг энг қийин лаҳзаларини, қийинчиликка дуч келганингизда вазиятдан қандай чиқишни билмай қолганингизни, фарзандингиз касал бўлганда, онангиздан айрилганингизда Аллоҳга янада яқин бўлганингизни эслайсиз.
Сиз ҳаётингизнинг ана шундай энг мушкул вазиятларида Аллоҳга ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ ёлвориб дуо қилгансиз.
Нега? Чунки фақат Аллоҳ сизни бу қийинчиликлардан қутқариши мумкинлигини билгансиз. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ёрдам бера олмаслигини англаб етгансиз.
Ҳа, айрим бандалар турли синов-мусибатлар сабабли Аллоҳга юзланади, Роббига қайтади.
Яна баъзи бандаларнинг эса Аллоҳ таолога қайтишига гуноҳ амаллар сабаб бўлади. Бу ҳақда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи бундай дейдилар: “Гоҳида У Зот сенга тоат эшигини очади ва қабул эшигини очмайди. Гоҳида сенга гуноҳни тақдир қилади ва у (У Зотга) етишишга сабаб бўлади”.
Уламолардан бири айтади: “Банда гуноҳ сабабли жаннатга кириши ва савоб иш туфайли жаҳаннамга тушиши мумкин”, деди. Одамлар таажжубланиб: “Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?” деб сўрашди. Олим уларга: “Банда баъзан гуноҳга қўл уради, кейин ўзига келиб, қилган гуноҳига қаттиқ афсусланади, тинмай афсус-надомат чекади. Охир оқибат унда ўзини паст олиш, синиқлик ва надомат пайдо бўлади. Аввалгидан кўра тоат-ибодатга кўпроқ уринади, ихлос қилади. Натижада бу гуноҳи унинг жаннат сари ҳаракат қилишига сабаб бўлади. Яна бошқа банда бир яхшилик қилиб, кибрга, ужбга, мақтанишга, одамлардан мақтов эшитишга берилади. Айнан шу ҳол унинг ҳалокатига, дўзахга сари етаклайди”.
Даврон НУРМУҲАММАД