Кўриш учун ҳавола: https://mover.uz/watch/f4CAZRGh
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги қайтадан бунёд этилган “Азиз ота” жоме масжидида жамоат билан жума намозини адо этдилар.
Жума намози аввалида Муфтий ҳазратлари жамоатни янги масжид биноси билан муборакбод этиб, Ислом динини биринчи бўлиб қабул қилган, жаннатий аёлларнинг саййидаси, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг биринчи ва энг суюкли аёллари бўлмиш Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо онамиз ҳақларида суҳбат қилиб бердилар.
Шайх ҳазратлари суҳбат давомида Хадича онамизнинг насл-насаблари, фазилатлари, сахийликлари ҳақида сўз юритиб, Ислом дини ривожига қўшган ҳиссалари, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва мусулмонлар учун қилган хизматлари ва садоқатлари, ҳатто Аллоҳ таоло ва Жаброил алайҳиссалом бу онамизга салом йўллаганларини ҳадису оятлар, ривоятлар асосида баён этдилар.
Гўзал мавъизадан сўнг жума намози адо этилиб, элу юрт ҳаққига хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
MUSLIM.UZ