Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2026   |   29 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:29
Пешин
12:28
Аср
17:23
Шом
19:31
Хуфтон
20:58
Bismillah
12 Август, 2026, 29 Сафар, 1448
Мақолалар

Ўзбекистон халқига Халқлар дўстлиги куни муносабати билан байрам табриги

30.07.2024   13592   4 min.
Ўзбекистон халқига Халқлар дўстлиги куни муносабати билан байрам табриги

Азиз ва қадрли ватандошлар!

Аввало, сизларни, бутун Ўзбекистон халқини Халқлар дўстлиги куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида бошлаган ислоҳотларимиз жараёнида жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашни энг устувор вазифаларимиздан бири этиб белгиладик.

Дунёда Халқаро дўстлик куни деб қабул қилинган 30 июль санасини мамлакатимизда Халқлар дўстлиги куни деб эълон қилганимиз ва ўзига хос байрам сифатида кенг нишонлашни анъанага айлантирганимиз ҳам шундан далолат беради.

Дунё миқёсида бағрикенг юрт сифатида эътироф этиладиган жонажон Ватанимизда бугунги кунда 130 дан ортиқ  миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув, аҳил-иноқ, ҳамжиҳат бўлиб яшамоқда. 157 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти фаолият кўрсатмоқда.

Мамлакатимиздаги таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнлари ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилмоқда, қардош тилли мактабларда ўқиётган фарзандларимиз давлат ҳисобидан дарслик ва бадиий адабиётлар билан таъминланмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда ташкил этилган “Дўстлик уйлари” фаолияти ҳар тарафлама қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан ушбу мақсадлар учун зарур маблағлар йўналтирилмоқда, турли субсидия ва грантлар ажратилмоқда.

Миллий маданий марказларнинг моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида улар давлат томонидан замонавий техник ускуналар, мусиқий асбоблар, мебель жиҳозлари, миллий либослар билан таъминланди.

Миллий маданий марказлар фаолияти учун энг кўркам бинолар ажратиб берилди. Бу масканларда  мунтазам равишда умуммиллий байрамлар, фестиваллар, концерт ва учрашувлар, таниқли маданият арбобларининг чиқишлари, семинар ва конференциялар ўтказилмоқда.

“Ўзбекистон – умумий уйимиз” деган эзгу ғоя барча миллий маданий марказларнинг шиорига айлангани диққатга сазовор. Бу жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳити, тинчлик ва осойишталикнинг амалий ифодасидир.

Ўтган йиллар мобайнида юртимизда Халқлар дўстлиги фестиваллари доирасида ўтказилган давра суҳбатлари, ижодий мулоқотлар, турли миллат вакилларининг китоб кўргазмалари, фотокўргазмалар, халқаро конференция ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар миллатлар ва элатлар ўртасидаги дўстлик алоқаларининг мустаҳкамланишида яна бир муҳим босқич бўлди.

Чет элларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда.

“2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси тўғрисида”ги фармонда миллий маданий марказларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш белгилангани ҳам мазкур йўналишдаги ишларимизнинг бардавом эканини кўрсатади.

“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да турли миллат ёшлари учун қўшимча қулай шароитлар яратиш, уларнинг фуқаролик бурчини ҳис этиши ва англаши, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш, бағрикенгликка асосланган миллатлараро мулоқот маданиятини ошириш каби хайрли ишлар олиб борилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, сўнгги етти йилда Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида улкан ўзгаришлар рўй бермоқда. Буни жаҳон ҳамжамияти, халқаро экспертлар, таниқли давлат ва сиёсат арбоблари ҳам эътироф этмоқда.

Марказий Осиё минтақасидаги қўшни давлатлар билан дўстона алоқалар қайта тиклангани, азалий ришталар янгича мазмунда давом эттирилаётгани халқимизнинг хоҳиш ва истаклари, орзу-интилишларини яққол ифода этмоқда.

Муҳтарам дўстлар!

Ҳеч кимга сир эмас, бугун дунёда беқарор вазият ҳукм сурмоқда. Халқаро майдонда давлатларнинг бир-бирига ўзаро ишончи сусайиб бормоқда. Бундай мураккаб шароитда ҳаётнинг ўзи биздан мамлакатимизда ҳукм сураётган ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тотувлик ва бирдамлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни бузғунчи ёт ғоя ва оқимлар, ташқи таъсирлардан асрашга  қаратилган ишларимизни янги босқичга кўтаришни талаб этмоқда.

Кўпмиллатли ва кўпмаданиятли жамиятни оқилона бошқариш соҳасида Ўзбекистон муҳим  тажриба тўплади. Бизнинг бу борадаги фаолиятимиз  дунё  миқёсида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Биз бундан буён ҳам нодавлат ташкилотларнинг ролини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш орқали фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга, миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг виждон эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратамиз. Мамлакатимизда миллатлар ва конфессиялар ўртасидаги тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш сиёсатини изчил давом эттирамиз.

Бу олижаноб мақсад йўлида юртимиз бўйлаб бир ҳафта давомида ўтказиладиган Дўстлик фестиваллари халқимизни янада бирлаштиради, минтақамиздаги тинчлик ва осойишталик, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ишонаман.

Азиз юртдошлар!

Фурсатдан фойдаланиб, сизларни, бутун халқимизни Халқлар дўстлиги куни билан яна бир бор чин кўнгилдан муборакбод этаман.

Жонажон Ватанимизда доимо тинчлик-осойишталик ва фаровонлик ҳукм сурсин, кўпмиллатли Ўзбекистон халқига ҳамиша бахту саодат ёр бўлсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Фидокорона хизмат эътирофсиз қолмайди

11.08.2026   3671   1 min.
Фидокорона хизмат эътирофсиз қолмайди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги "Кўкалдош" ўрта махсус ислом таълим муассасасида кўп йиллар ҳалол ва фидокорона меҳнат қилган ходимамиз Аҳмаджонова Нилуфар Ҳабибуллаевнанинг 50 ёшлик юбилейи муносабати билан таълим муассасаси ҳамда касаба уюшмаси томонидан тадбир ўтказилди.
Тадбирда таълим муассасаси мудири М. Эркаев, ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Н. Джалолов ва манавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари, таълим муассасаси касаба уюшмаси раиси А.Ғаниев иштирок этишди. Муассаса мудири М. Эркаев муҳтарама опамизни шахсан ўзи табрикнома билан тақдирлади. Эсдалик совғалари билан ҳам мукофотланди.
Нилуфар опа ҳар куни тонг саҳардан илм даргоҳига келиб, унинг озода, шинам ва покиза бўлишига йилларида сабр, ихлос ва садоқат билан ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бундай камтарин, аммо қадри баланд меҳнат барчамиз учун ибрат намунасидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Покизалик иймондандир", деб марҳамат қилганлар. Илм ва марифат масканининг таъминлаш — талабалар устозларнинг тинч, тоза ва баракали илм олишига муносиб ҳисса қўшадиган эзгу ишдир. Ана беминнат хизмат ҳар қандай эътироф ва эҳтиромга лойиқдир.
Билим юртимиз ўз ёрдамга ғамхўрлик қилишни муҳим бурч деб билади. Зеро, илм даргоҳига қилинган ҳар бир хизмат — Аллоҳнинг розилиги йўлидаги савобли амалдир. Ким илм аҳлига ва илм масканига хизмат қилса, ўша илмдан таралаётган эзгуликнинг ажридан баҳраманд бўлиши умид қиламиз.
Муҳтарама опамизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, узоқ умр, оила бахти ва ишларида барака тилаймиз. Аллоҳ таоло ҳалол меҳнатларини ажру мукофотсиз қолдирмасин, қилган эзгу ишлари ва меҳнатларининг роҳатини кўриш узоқ йиллар давомида насиб этсин!
 

"Кўкалдош" ўрта махсурс ислом таълим муассасаси
матбуот хизмати

Фидокорона хизмат эътирофсиз қолмайди Фидокорона хизмат эътирофсиз қолмайди
Ўзбекистон янгиликлари