Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент тумани «Ҳасанбой ота» жоме масжиди имом-ноиби, устоз Яҳёхон домла Турдиевнинг турмуш ўртоғи вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига, хусусан, Яҳёхон домлага ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ал-Азҳар университети ҳузуридаги Хорижий талабалар таълимини ривожлантириш марказида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари учун ташкил этилган араб тили бўйича малака ошириш дастури якунланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Икки ҳафта давом этган ўқув курси араб тили ўқитувчиларининг касбий салоҳиятини ошириш, замонавий педагогик ёндашувлар ва тил ўқитишнинг илғор методикаларини ўрганишга қаратилди.
Дастур якунида ўтказилган тантанали маросимда марказ раҳбари, профессор-доктор Наҳла ас-Саидий иштирокчиларга сертификатларни топширди. У мазкур ташаббус Ал-Азҳарнинг араб тилини халқаро миқёсда оммалаштиришга қаратилган лойиҳалари доирасида амалга оширилганини таъкидлади.
Тадбир давомида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Наҳла ас-Саидий Тошкент ислом институти билан академик алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма дастурларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорлик меморандумини имзолаш ташаббусини илгари сурди.
Ўз навбатида, Тошкент ислом институти вакиллари дастур юқори савияда ташкил этилгани учун Ал-Азҳар университети раҳбариятига миннатдорлик билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати