Шу йил 30 июль куни пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Шоҳона” тўйхонасида диний соҳа ходимлари, турли мутасадди ташкилот вакиллари, маҳалла фаоллари ва аҳоли вакиллари иштирокида тадбир бўлиб ўтди.
Маърифий учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов Ҳақ таоло бизга берган беҳисоб неъматларни қадрлаш баробарида унинг шукрини адо этиш, динимиз арконларига ва жамиятимиздаги тартиб-қоидаларга амал қилиш, мазҳабга эргашиш, ёт ғоя ва оқимлардан сақланиш каби бугунги кунда муҳим бўлган мавзуларда суҳбат қилиб берди.
Суҳбат давомида сўнгги йилларда юртимизда 100 та янги жоме масжид очилгани, Қуръони карим курсларида бир неча ўн минг фуқаро Каломуллоҳни мутолаа қилишни ўргангани, ҳаж-умра сафарига борган кишилар сони сезиларли ошгани кабиларни айтиш баробарида оят ва ҳадислар асосида мана шундай неъматларга шукр қилиш зарурлиги билдирилди.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда илм ва ҳунарга тарғиб қилувчи кўрсатмаларни мисол сифатида келтириб, ҳар бир ота-она фарзандига элу юрт учун керакли бўладиган ҳунар ва фойдали илмларни ҳам ўргатиши лозимлиги тушунтирилди.
Иштирокчиларнинг мурожаат-таклифлари эшитилди, оилавий, ижтимоий ва ибодатга оид саволларига батафсил жавоб берилди.
Мулоқотлар самимий ва юқори кайфиятда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати