Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги фуқаролар қабули ва аҳоли билан самимий мулоқотлари муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
Бугун, 31 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, имом-хатиб фаолияти, шаръий ва оилавий масалалар, диний таълим ҳамда моддий ёрдам олиш сингари масалалар кўриб чиқилиб, аксарияти ижобий ҳал этилди.
Жумладан, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Масжид ва имомлар фаолиятига оид мурожаатларни кўриб чиқиш учун Идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен яқинда бир видео кўрдим. Унда хўроз боқиш, айниқса, оқ хўроз боқиш суннат экани, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам уйларида хўроз боққанлари айтилган экан. Шундай мазмунда ҳадис борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳадис соҳасида етук алломалар хўроз ҳақида келган иккита ҳадис саҳиҳ, аммо бошқалари, хусусан, оқ хўроз ҳақидаги ҳадисларни тўқима ёки ўта заифдир деганлар. Икки ҳадиснинг бирини имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Хўрозни сўкманглар, чунки у намозга уйғотади”, деганлар.
Иккинчисини Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан имом Бухорий ва Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хўрознинг қичқиришини эшитсангиз, Аллоҳдан фазл-марҳамат сўранг, чунки у фариштани кўрган”, дедилар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази