Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Октябр, 2024   |   04 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:08
Қуёш
06:26
Пешин
12:16
Аср
16:10
Шом
17:58
Хуфтон
19:10
Bismillah
07 Октябр, 2024, 04 Рабиъус сони, 1446
Мақолалар

Куфр ҳақида

1.08.2024   8424   4 min.
Куфр ҳақида

Маълумки бугунги кунда баъзи тоифалар куфр сўзини кўп ишлатмоқда. Иймон келтирган ва ўзини мусулмон дея даъво қилаётган кишини ҳам куфрда яни диндан чиққанликда айбламоқдалар.

Аслида бу “Куфр” ўзи нима дегани? Қандай одамга кофир дейилади? Бу саволларга қуйидаги мақоламиз орқали жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Куфр сўзи луғатда “ёпиш”, “беркитиш” маъносини англатади.

Куфр шаръий истилоҳда имоннинг зидди бўлиб, “тониш”, “бош тортиш” маъноларидадир.  Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай дейди: «Бизлар (бу икки китобнинг) ҳар бирига кофирдирмиз», дедилар (Қасос, 48).

Шу эътибордан шаръий маъноси ва луғавий маъноси ўзаро узвий боғлиқдир. “Кофир” дегани “куфр эгасининг қалби куфр сабабли ёпилган” деган маънодадир. “Дуррур мухтор” асарида бундай дейилади: “Куфр шариатда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни динга оид олиб келган нарсаларида ёлғончига чиқаришдир”.

Шариатда мусулмонни унинг мусулмон эканлигига қарши далил топилмагунича мусулмон, деб ҳукм қилинади. Зеро, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бундай дейдилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий ва Имом  Муслим ривояти).

Бир мусулмонни кофирга чиқаришдан олдин куфрга сабаб деб ўйланаётган у гапирган сўзи ёки ишига қараш, уни яхшилаб ўрганиш шартдир. Зеро, барча фосид сўз ёки иш куфр қилувчи эмасдир. Шунингдек, барча инсонлар ўзгаларни кофирга чиқаришдан сақланмоқлари, бу ишдан қочиб, бу жуда нозик масала бўлгани учун ҳам уни олимларга ҳавола этиш вожибдир. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса, гапирувчининг ўзига қайтади”, деб айтдилар (Имом Бухорий ва Имом  Муслим ривояти).

 Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. У зот Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни бундай деяётганларини эшитган: “Ким бир кишини “кофир” деб чақирса ёки “Аллоҳнинг душмани” деса, аслида у одам бундай бўлмаса, гаплари ўзига қайтади” (Имом  Муслим ривояти).

Агар бир мусулмон одам куфрга ўхшаш сўзни гапириб қўйса, модомики унинг сўзини бошқа бир яхши маънога йўйишнинг имкони бўлса, уни кофир дейилмайди. Шунингдек, у гапирган сўзни куфр сўз эканлигида олимлар ўртасида ихтилоф бўлса, агарча у ихтилоф заиф ривоятда келиб, ривоятда у сўзни куфр эканлиги шак қилинган бўлса-да, у мусулмон кофирга чиқарилмайди.

Зеро, мусулмонни нима нарса имонга олиб кирган бўлса, ана ўшандан тонишгина имондан чиқариб юборади. Чунки кишидаги мавжуд ислом шак билан йўқ бўлмайди. Ислом шак билан йўқ бўладиган нарса эмас. Агар бир киши бир сўзни айтиб қўйса ё қилиб қўйса ва бир қанча таъвилларга кўра у кофир бўлиши керак бўлган вақтда биттагина таъвилга кўра у кофир бўлмаслиги чиқса, бу масала нозик бўлгани ва мусулмон ҳақида яхши гумон қилиш лозимлиги эътиборидан ана шу бир кўринишга кўра, у кофир эмас дейилади. Олимлар шунга фатво беришган. Бундан ташқари куфр жиноятнинг энг юқориси бўлиб, у жазонинг ҳам энг юқорисини тақозо қилади. Энди шак ва эҳтимол билан эса бир одамга энг катта жазо қўлланмайди ( Раддул мухтор хошияси. III жилд. 385 бет).

Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатар сабабидан Қуръони карим ва Сунна ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтарган.

Манбалар асосида тайёрланди.

 

Комилжон Отамирзаев,  
Уйчи тумани «Даҳяк-ота»  жоме  
масжиди имом хатиби 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

26.09.2024   5882   1 min.
Тўшакка михланиб қолган беморнинг қиблага юзланиши

Cавол: Мен тўшакка михланиб қолганман. Ётган бемор қиблага оёғини узатиб намоз ўқиши кераклигини ўқидим. Аммо менда бошим қиблада бўлиб қолган. Каравотим шундай жойлашган. Баъзан уйдагилар кароватимни айлантириб беришади. Баъзан ҳеч ким бўлмай қолади. Шундай ҳолатда қиблага юзланмасдан намоз ўқисам бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уйда ҳеч ким бўлмай, сизни қиблага қаратиб қўядиган одам топилмай қолса, шу ҳолатингизда, яъни қиблага юзланмаган ҳолатда ҳам намоз ўқийверасиз. Сиз бундай ҳолатда узрли ҳисобланасиз. Чунки шариатда бир қанча узрлар туфайли намозхон қибладан бошқа томонга қараб намоз ўқишга рухсат берилган. Шулардан бири сиздаги каби ҳолат. Бундан ташқари уйдагилар бўлса-ю, сизни қиблага қаратиш учун каравотингизни айлантириб қўйиш сабабли сизга зарар етадиган бўлса, бу ҳолат ҳам узр ҳисобланиб, ўша ҳолатингизда намоз ўқисангиз бўлади. Бу борада “Фатовои Оламгирия”да бундай дейилган:

“Тўшакка михланиб қолган бемор қиблага юзлана олмаса ҳамда ёнида уни қиблага қаратиб қўядиган одам ҳам бўлмаса, қай томонга юзланиб ўқиса ҳам намози дуруст бўлаверади. “Хулоса”да шундай келган. Шунингдек, ёнида қиблага қаратиб қўядиган одам бор-у, лекин айлантириб қўйиш беморга зарар берса, бунда ҳам истаган томонига қараб намоз ўқийверади. “Заҳирия”да шундай келган”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Мақолалар