Кеча, 1 август куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида жойлашган “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом таълим муассасасида кириш имтиҳони бошланди. Ушбу даргоҳ олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2024-2025 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари ўтказиладиган 6 та ҳудуднинг биринчиси саналади.
Эрта тонгдан мазкур ҳудудга 348 нафар абитуриент имтиҳон топшириш учун етиб келди. Бу ерда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига барча зарур шароитлар қилинган.
Имтиҳон бошланиш олди ўтказилган тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, Дин ишлари бўйича қўмитаси масъул ходими Элёр Алимқулов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамиддин домла Разов, соҳа вакиллари, ўқитувчи-мураббийлар, ота-оналар ва абитуриентлар иштирок этди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган маросимда сўзга чиққанлар юртимизда диний таълим соҳасига қаратилаётган эътибор тўғрисида сўзлаш баробарида имтиҳон ҳақида абитуриентларга батафсил тушунча ва тавсиялар бериб ўтдилар.
Ушбу жараённи соҳа мутасаддилари ва ҳамкор ташкилот вакилларидан иборат кузатувчилар назорат қилиб бормоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан воҳамиз аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрли ишлар давом этмоқда.
Бугун, ЎМИ Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов бошчиликларида ҳомийлар жалб этилган ҳолда маҳалла ҳудудидаги хонадонларга ташриф буюриб, хонадон аҳиллари билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида совға-саломлар ва хайр-эҳсон қутилари тарқатилди.
Бундай хайрли ташаббуслар халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга маънавий далда ва кўмак беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юртимизда тинчлик-осойишталик, хонадонларимизда файзу барака бардавом бўлсин!
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати