Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448

Аллоҳ таоло маконларни яратган зотдир

30.03.2023   2296   3 min.
Аллоҳ таоло маконларни яратган зотдир

Аҳли сунна вал жамоанинг ақидасига кўра, Аллоҳ таоло макондан ҳолидир. Бирор жойдан бошқа жойга кўчиш, умуман, маконга муҳтожлик Аллоҳ таолога асло хос эмасдир. У зот Осмонлар-у Ернинг яратувчиси бўлса, қандай ҳам Ўзи яратган нарсага жойлашиб олсин?!

لا يشبه شيئا من الاشياء من خلقه و لا يشبهه شئ من خلقه

Аллоҳ Ўзи яратган нарсалардан бирортасига ўхшамайди, яратганларидан бирортаси ҳам Унга ўхшамайди. (Абу ҳанифа. Фиқҳул акбар. Ақоид матнлари. Тошкент 2006. Б- 21)

Ақида уломалари шундан келиб чиқиб: Аллоҳ таоло бирир маконда бўлишдан ҳолидир, чунки маконда бўлиш яралмишларнинг сифатидир, деганлар.

Яна бир ҳанафий олим Сирожиддин ал-Ўший роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Бадул амолий” манзумаларида

و ربّ العرش فوق العرش لكن، بلا وصف التمكّن و اتصال

Аршнинг Роббиси Аршдан юқори, бироқ,

Жойлашиш, ўрнашиш васфидан йироқ

Дея бу борадаги эътиқодимиз қандай бўлишини баён қилган.

Афсуски, баъзи илм аҳллари аҳли суннат ва жамоатнинг кўпгина иттифоқий гапларидан ва бутун Ислом умматининг ижмў қилган масалаларидан кўпчилигига қарши чиқиб бугунги кунда ваҳҳобий, салафий ва зоҳирий каби номлар билан номланаётган Ибн жамоасини иккиланишларга мусулмонларнинг эса адашувига сабабчи бўлди. Аслида, бундай нотўғри эътиқоднинг асоси мужассималик ва мушаббиҳалик фикрлари билан тўлиб-тошган, аҳли суннат ва жамоат таълимотидан мутлақо узоқ ривоятлар билан тўлдирилган асарлардан олинган.

Ваҳҳобийлар бу асарни Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг ўғли Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ ёзган, деб даъво қилиб ҳам нашр этганлар.

أنا أشعرى أعتقد أنّ القرآن معنى قائم بذات الله و هو صفة من صفات ذاته القديم و هو غير مخلوق و ليس بحرف و لا صوت و أنّ قوله الرحمن على العرش استوى ليس على ظاهره و لا أعلم كنه المراد به بل لا يعلمه الا الله و القول فى النزول كالقول فى الإستواء Мен ашъарийман! Қуръонни Аллоҳ таолонинг зотида қоим ва Унинг қадимий сифатларидан бири деб эътиқод қиламан. Қуръон яратилган эмас. У ҳарф ҳам, овоз ҳам эмас. Аллоҳнинг: “Раҳмон Аршга “истиво” қилди”, деган гапи зоҳирига қараб ҳукм қилинмайди. Унинг асл маъносини билмайман. Балки уни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. “Нузул” (“Тушиш”) ҳақидаги гап ҳам худди “истиво”да айтилгани кабидир!”. (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. ад-Дурар ал-комина фий аён ал-миат ас-сомина. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-Жийл, 1993. – Б. 148).

Аллоҳ таоло инсонга тавфиқ берсин экан. Акс ҳолда, илм-ирфон, тақво ва парҳезгорлик, ихлосли амал инсонни нотўғри ақидадан қутқара олмас экан.

Афсуски, мазкур ақидага нисбат берилган кишининг асоссиз ва ботил ақидасидан ҳамда мужассималик ғавғосидан қайтганлиги ва тавба қилганига эътибор бермасдан, аниқроғи, унинг ана шу гап-сўзларини ҳам, тавбасини ҳам оммадан яширган ҳолда ана шу асоссиз ва ботил ақидаси ҳамда мужассималик ғавғосини кўтариб юрганлар кейинги даврларда пайдо бўлаверди. Аҳли суннат ва жамоатнинг ҳаққоний олимлари: “Аллоҳ таоло бирор макондан ўрин олмайди ва Унда бирор замон ҳам жорий бўлмайди”, деган қатъий ақидада барқарордирлар!

Бу эътиқоднинг тўғри эканига “Саҳиҳ ал-Бухорий”да келган:

كان الله تعالى و لم يكن شئ غيره

“Аллоҳ таоло бор эди, ундан бошқа ҳеч нарса бўлмаганди”, деган ҳадиси шарифни келтириш мумкин (Бухорий ривоят қилган, 4/3191).

ТИИ талабаси 403- гуруҳ

Анварова Моҳигул

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   34474   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари