Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоид” асари машҳур олим Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафия” асарига ёзилган шарҳдир. “Ақоидун Насафия” асари мотуридия мазҳабидаги энг мўътабар ва энг машҳур матнлардан ҳисобланади. Бу матннинг бошқа матнлардан ажралиб турадиган хусусияти бошқа матнлар дастлаб Аллоҳ таолонинг бирлиги ва Унинг сифатлари ҳақидаги баҳслар билан бошланган бўлса, бу матн дастлаб бандаларнинг маълумот олиш воситалари, оламнинг йўқдан бор қилингани ҳақидаги ақлий далиллар ва бу ақлий далиллар Яратувчи бор эканини тақозо қилиши ҳақидаги баҳслар билан бошланган.
Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоид” номли ушбу шарҳи ёзилган вақтдан буён Ислом билим юртларида ақоид фанидан асосий дарслик сифатида ўқитиб келинган. Ибораларининг қийинлиги билан ҳам “машҳур” бўлган бу шарҳнинг ўзига ҳам йигирмадан ортиқ шарҳлар ва ҳошиялар битилган.
Мазкур шарҳни яратган Саъдуддин Тафтазоний ҳаёти ва ижодига тўхталганимизда айтиш мумкинки, мутафаккир Мовароуннаҳрнинг бир неча шаҳарларида таълим олди ва таълим берди. У ўзининг “Шарҳ ал-Ақоид” асарини ҳижрий 768 йил шаъбон ойида, милодий 1367 йил апрель ойида Хоразмда ёзиб тугатди.
Саъдуддин Тафтазоний номи билан машҳур бўлган бу зотнинг тўлиқ исми шарифи Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ бўлиб, Хуросон ўлкасининг Тафтазон шаҳрида туғилган.
Саъдуддин Тафтазоний кўплаб устозлардан таълим олган бўлиб, улар орасида Аздуддин Ийжий, Зиёуддин Қазвиний, Қутбиддин Розий Таҳтоний ва Насиймуддин Абу Абдуллоҳ Найсабурий каби уламолар энг машҳурлари ҳисобланади.
Саъдуддин Тафтазоний тафсир, фиқҳ, наҳв, сарф, усулид-дин, мантиқ каби илмларда етук олим бўлган. У Амир Темурнинг таклифи билан Самарқандга келган ҳамда бу ерда дарс бериш ва китоб ёзиш билан машғул бўлган. Бу зот ўн олти ёшлик ўспиринлик чоғидаёқ дастлабки асарини ёзган.
Ҳозирги кунда аллома Саъдуддин Тафтазоний томонидан ёзилган “Шарҳу алақоди Насафия” асарининг калом илмидаги амияти ҳали етарли даражада ўрганилмаган. Айниқса, бу асарнинг таркибий тузилиши, унда кўтарилган ақидавий масалаларнинг тарихий жараёнлар билан узвий боғлиқлиги таҳлил қилинмаган. Асарнинг Ўзбекистонда ва хорижда сақланаётган қўлёзма нусхалари комплекс тарзда ўрганилиб тўлалигича тавсиф қилинмаган. Саъдуддин Тафтазонийнинг мазкур асари қарийб беш аср мобайнида Мовароуннаҳр ва унга қўшни ҳудудлар мадрасаларида асосий дарслик сифатида ўқитилган. Бироқ, унинг таълим дастуридаги аҳамияти ва ўрни тўлалигача ўрганилмаган.
Аллома Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу алақоди Насафия” асарини тадқиқ қилиш ва ундаги ақидавий масалаларни илмий асосда таҳлил қилиш каломга оид масалаларга аниқлик киритади. Шунингдек, халқимизга Ислом динининг асл моҳиятини тўғри етказишда бу асар аҳамияти ниҳоятда каттадир. Шу билан бирга ҳозирги кунда мавжуд турли хилдаги диний-сиёсий гуруҳлар ва бузғунчи мафкураларга қарши курашда, мазкур асардан ғоявий қурол сифатида фойдаланиш мумкинлигини ҳам айтиш зарур.
Таъбир жоиз бўлса шуни айтиш керакки, Саъдуддин Тафтазоний ўз даврининг деярли барча фан соҳаларига оид қимматли асарлар ёзиб қолдирган ҳанафий-мотуридий олимидир. Хусусан, тадқиқотчилар томонидан алломанинг жами 41 та асари борлиги аниқланиб, улар 12 та фан соҳасига таснифланган. Улардан 20 таси нашр этилган бўлса, 8 тасининг қўлёзма нусхалари топилган ва 10 таси аниқланмаган. Лекин бу алломанинг улардан бошқа китоблари йўқ деган хулосани бермайди.
Қолаверса, алломанинг “Шарҳ ақоид ан-насафия” ва “Ғояту таҳзиб ал-калом фи таҳрир ал-мантиқ ва-л-калом” мотуридия таълимоти бўйича муҳим манбалардан бири бўлиб, бугунги кунгача даслабкисига 77 та ва иккинчисига эса, 82 та шарҳ, ҳошия ва таълиқлар битилган.
Уларнинг бир нечтаси инглиз, турк, урду каби тилларга ҳам таржима қилинган. Шунга кўра, Саъдуддин Тафтазоний ёзма меросини илмий жиҳатдан ўрганиш ва ўзбек тилига изоҳли таржима қилиш фойдадан холи бўлмайди.
Умуман олганда мазкур асарни ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимасини амалга ошириш беқиёс аҳамиятга эга бўлиб, халқимиз, айниқса, ёшларимизни чин инсоний фазилатлар соҳиби этиб тарбиялаш, улар қалбида аждодларга муносиб авлодлар бўлиш ҳамда турли бузғунчи, адашган оқимларга қарши раддиялар бериш кўникмаси шаклланишида муҳим манба бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Ўткирбек Собиров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бош мутахассиси
“Шарҳу ақоиди Насафия” асарини ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимаси ҳамда
унинг андроид ва мультимедиа дастурларини тайёрлаш бўйича лойиҳа аъзоси
Ҳаётнинг бўронли кунларию ўткир тиғли ҳанжарлари унга озор беришига қарамай Аллоҳнинг қадари ва иродасига рози бўлиб уйқуга кетган, маҳзунлик унинг қалбига киришга йўл топа олмаётган, кўз ёшлар эса кўзига ҳеч ўрнаша олмаётган ва фарзанди, суюкли инсонлари, ота-онаси ёки дўстларини йўқотган барча инсонларга айтар гапимиз: Аллоҳ ажрингизни улкан қилиб берсин! Даражангизни олий қилсин! Синиқлигингиз ўрнини Ўзи тўлдириб берсин! У зот бундай марҳамат қилади:
﴿وَاسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلَاةِ وَإِنَّهَا لَكَبِيرَةٌ إِلَّا عَلَى الْخَاشِعِينَ﴾
“Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва, албатта, у нафси синиқлардан бошқаларга жуда катта ишдир” (Бақара сураси, 45-оят).
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сабрнинг иймондаги ўрни бошнинг жисмдаги ўрни кабидир”. Шунинг учун сиз сабрингиз эвазига бериладиган мукофот – Фирдавс жаннатини қўлга киритишингиз сизга хушхабар бўлсин! Тез орада сиз ҳар қандай ҳолатда ҳам муваффақият қозонган инсон эканингизни биласиз. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг Пайғамбарига бундай дейди:
﴿وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ﴾
“Ва сабрлиларга башорат бер” (Бақара сураси, 155-оят).
Шуъла: Ўзингизга бўлган ишонч умрингиз қандай бўлишидан қатъий назар сизга янги ғоялар ижод этишингиз ва ўз касбингизда янги марраларни забт этишингизга ёрдам беради.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан