Муқаддас ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк олим, ватандошимиз Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг (кейинги ўринларда – Имом Термизий) улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ушбу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсадида:
1. Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2024 йил октябрь ойида Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган тадбирларни ўтказиш ва давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) тузилсин ҳамда унинг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ташкилий қўмита (А.Арипов) бир ҳафта муддатда Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини юқори савияда нишонлаш бўйича, жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин:
Имом Термизийнинг “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” ва “Сунани Термизий” асарларини мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига таянган кўп жилдлик академик таржима ва шарҳини тайёрлаш ҳамда уларни нашр этиш;
Имом Термизий ҳаёти ва илмий меросининг моҳиятини ва бугунги кундаги аҳамиятини очиб берувчи илмий-оммабоп ҳужжатли фильм яратиш ва саҳналаштирилган спектакль намойишини ташкил этиш;
Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган эсдалик сувенирларини муомалага чиқариш ҳамда почта маркалари, тақвимлар, унинг ҳаёти ва илмий меросини ёритиб берувчи бошқа кўргазмали ахборот воситалари туркумини яратиш;
2024 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда конференция доирасида Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказиш;
Имом Термизий зиёратгоҳига олиб борувчи йўл инфратузилмаларини яхшилаш, жумладан, ёдгорлик мажмуаси ва унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш;
Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги Имом Абу Исо ат-Термизий мажмуасида Имом Термизий ва термизий алломаларнинг ҳаёти, илмий ва ижодий фаолиятига бағишланган асарларнинг нодир қўлёзма ва нашр нусхалари ҳамда китобларининг кўргазмасини ташкил этиш.
4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда 2024 йил сентябрь-октябрь ойларида Термиз давлат университети ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Термизий алломаларнинг илмий-маънавий мероси: ўтмиш ва бугун” мавзусида республика илмий-амалий конференциясини ҳамда Имом Термизий ҳаёти ва илмий фаолиятига оид илмий мақолалар танловини ўтказсин;
аллома ва муҳаддис олимларимизнинг илмий мероси ва ноёб қўлёзма асарларини ўрганиш бўйича Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмасини белгиланган тартибда шакллантириб борсин.
5. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига имом-хатиблар ва диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Имом Термизий асарлари бўйича ҳадислар билимдони” танловини ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш тавсия этилсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда жойларда 2024 йил давомида Имом Термизийнинг илмий меросига бағишланган давра суҳбатларини ташкил этсин.
7. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Маданий мерос агентлиги билан биргаликда:
Имом Термизий илмий меросига мансуб қўлёзма, қадимий китоблар, ноёб асарлар ва бошқа маданий бойликлар реставрация қилинишини ҳамда уларнинг лозим даражада сақланишини таъминласин;
хорижий мамлакатларда сақланаётган Имом Термизийнинг ҳаёти, илмий мероси ҳамда у яшаган даврга оид ноёб қўлёзма асарлар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва тадқиқ қилишни тизимли равишда ташкил этсин;
Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган юқори сифатли медиа маҳсулотлар ҳамда аудиовизуал асарлар яратиш, уларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш чораларини кўрсин.
8. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги:
Кадастр агентлиги ва манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда икки ой муддатда Термиз шаҳри, Шимолий дарвоза кўчаси, 3-уй манзилида жойлашган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари учун ҳомийлар маблағи ҳисобидан қуриб битказилган 5 та хизмат уйларининг қонунчиликда белгиланган тартибда марказга мулк ҳуқуқи асосида бепул берилишини;
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига туташ ҳудудда жойлашган диний таълим муассасалари учун ўқув ва бошқа зарур биноларнинг қурилиб, фойдаланишга топширилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва “Дунё” ахборот агентлигига Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси М.М.Камилов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2024 йил 15 август
1. Диний соҳани танлашингизга нималар ва кимлар туртки берган?
– Диний соҳани танлашимга падари бузрукворим сабабчи бўлган. У киши бизга ёшлигимиздан қисқа сураларни ёдлаттирган. Туманимиздаги жоме масжидлар имомларига шогирд тушдим. Мактабни тугатгач, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ўқишга кирдим.
2. Бугунги имом қандай бўлиши керак?
– Бугунги имом илмли, одобли, муомалада, юриш-туришда барчага ибрат ва намуна бўлиши зарур. Ўз устида тинимсиз ишлаши керак. Шу билан бирга, юртимизда диний-маърифий ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор ва бу хайрли ишларни халққа етказа оладиган бўлиши зарур.
3. Имом-хатиб одамлар орасида худди юздаги холдек бўлиши керак. Шундай эмасми?
– Бугун халқимиз маърифатини юксалтириш, бидъат-хурофотларга муросасиз бўлишда имомнинг ўрни алоҳида. Имомнинг сўзи ва амали уйғун, яъни айтганига ўзи амал қиладиган бўлиши керак. Шундагина у одамлар орасида худди юздаги холдек бўлади.
4. Бугун жамиятимизда сизни қайси жиҳатлар қувонтиради ва ташвишга солади?
– Юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар барча қатори мени ҳам қувонтиради. Айниқса, Қуръон ва тажвидни ўргатиш курслари фаолияти йўлга қўйилгани таҳсинга сазовор.
Айрим ёшларнинг билиб-билмай ақидаси бузуқ турли ғаламислар тузоғига тушиб қолаётгани дилни хуфтон қилади.
5. Энг кўп ўқийдиган китобларингиз? Диний манбалардан ташқари қандай мавзулардаги китобларни мутолаа қиласиз?
– Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Тафсири Ҳилол”, “Ҳадис ва ҳаёт”, “Руҳий тарбия” асарларини қўлдан қўймай мутолаа қиламан. Алихонтўра Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” китоби, жадидчи боболаримизнинг асарлари мени мафтун этган.
6. Танлаган касбингиздан кўнглингиз тўлмаган пайтлар ҳам бўлганми?
– Касбим – фахрим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меросларини имкон қадар халққа етказаётганимдан беҳад бахтиёрман, алҳамдулиллаҳ.
Маълумот ўрнида, Шокирхон Имомиддинов 1979 йилда Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида туғилган. 1997–2001 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таълим олган. 2001 йилдан бери Қуйи Чирчиқ тумани “Олмазор” жоме масжидида имом-хатиб ҳамда 2019 йилдан буён мазкур туман бош имоми бўлиб ишлаб келмоқда.
"Hidoyat" журналининг 8-сонидан олинган