Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Йўл қоидаларига риоя вожибдир

21.08.2024   3225   6 min.
Йўл қоидаларига риоя вожибдир

Бугун йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳар йили дунёда 1,3 миллион одам ҳалок бўлади ва 20–50 миллион киши жароҳатланади. Бун­дай аянчли ҳолатлар, афсуски, юртимизда ҳам ортиб бормоқда.

Ислом таълимотида инсоннинг дини, жони, шаъни, ақли ва моли ҳимоя қили­нади. Йўл ҳаракати асносида содир бў­ладиган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, яъни ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдаларнинг ҳаётини ва саломатлигини сақлаш, автомобилларни турли талафотлардан асраш инсоннинг жонини ва молини муҳофаза этишнинг бир кўринишидир. Демак, йўл ҳаракати қоидалари умумий манфаатларни, инсон ҳаётининг эминлигини таъминлашга қаратилган. Ислом шариатининг талаб ва мақсади ҳам айнан шудир.

Бугунги кунда амалда жорий қилин­ган йўл ҳаракати қоидалари бир қанча фиқҳий қоидаларга, жумладан, “Зарар бартараф этилади”, “Зарарни бартараф этиш ва фой­дани жалб қилиш”, “Зарар келтириш ҳам, зарарга зарар қайтариш ҳам йўқ”, “Жа­миятнинг манфаати якка шахсларнинг манфаатидан устун туради” каби шаръий қоидаларга ҳамоҳанг асосларга таянганини кўрамиз. Ушбу зарар ва манфаатлар жонга ҳам, молга ҳам бирдек тегишлидир. Бу борада асосий далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларидир: “Зарар бериш ҳам йўқ, зарарланиш ҳам йўқ” (Имом Аҳмад ривояти).

Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қил­маган киши, аввало, ўзининг жону молини хатарга қўйган бўлади. Бу эса Ислом динида қатъий ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг” (Бақара сураси, 195-оят). Қолаверса, бошқаларнинг ҳаёти ва саломатлигига таҳдид солган бўлади.

Шулардан келиб чиқиб, фақиҳлар йўл ҳаракати қоидалари шариатнинг талаб ва мақсадларига хизмат қилишини, уларга ҳамоҳанг эканини таъкидлайдилар, уларга риоя қилиш вожибдир. Мазкур қоидаларга хилоф иш тутиш йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмасликкина эмас, балки вожибни тарк қилганлик, мусулмонларга зарар келтириш, одамларнинг ҳаётини таҳликага қўйиш жиҳатидан улкан гуноҳ ҳамдир.

Шундан келиб чиқиб, ҳайдовчилар билиши зарур бўлган баъзи диний кўрсатма­ларни баён қиламиз.

1. Машинага минганда зарур дуоларни ўқинг. Уловга минганда дуо қилишнинг зарурлигига Имом Ҳоким ва Имом Байҳақий Абу Лос Хузоий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадиси шариф очиқ-ойдин далолат қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир туя ўркачида шайтон бўлади. Шу боис уни минганингизда Аллоҳни У Зот Ўзи буюрганидек зикр қилинглар. Кейин уни ўзингиз учун ишла­тинг, зеро, уларни Аллоҳ бўйсундириб қўй­гандир”, дедилар».

Уловга минган киши ҳадисларда келган дуоларни ўқиши суннатдир.

2. Машинани болаларга, минишга лаё­қати бўлмаган кишиларга берманг. Уларга машинани бериш жон ва молнинг зое бўлишига олиб келиши мумкин.

Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ ҳаётин­гизнинг тутқичи қилган молларингизни эсипастларга берманг” (Нисо сураси, 5-оят).

3. Агар машинангизга бирор юк ортиб олгудек бўлсангиз, унинг бошқаларга зарар етказмаслигини тўлиқ таъминланг.

Имом Ибн Можа Фазола ибн Убайддан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин – одамлар моллари ва жонларини унга ишонган одамдир”, деганлар.

4. Йўл ҳаракати қоидаларига, одоб ва аҳкомларига риоя қилинг, йўлнинг ҳақларини адо этинг. Имом Табароний Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон мусулмон биродарига қурол ўқталса, то уни туширмагунича фаришталар унга лаънат айтади”, деганлар.

Замонамиз уламолари машинани белгиланган қоидаларга хилоф равишда бошқариш одамларнинг ҳаётига таҳдид солаётган ҳайдовчи ҳам ушбу ҳадисга дохил бўлади, дейдилар.

5. Белгиланган тезликка риоя қилинг.

“Раҳмоннинг бандалари Ер юзида сокинлик ила юрадиганлардир” (Фурқон сураси, 63-оят). Ушбу оятдаги кўрсатма пиёдаларга ҳам, улов ҳайдовчиларга ҳам тегишлидир, дейди уламоларимиз. Демак, динимиз таълимотига кўра, машина ҳай­даётган одам белгиланган тезликда юриши керак. Тезликни ошириб ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қў­йиши, ўта секин юриб бошқа йўловчиларга халал бериши ҳам жоиз эмас.

6. Бошқа ҳайдовчиларга азият етказманг. Бурилиш чироғини умуман ёқмай ёки вақ­тида ёқмай бурилиш, ноўрин жойларда узоқни ёритувчи чироқни ёқиш, заруратсиз ёхуд ҳақорат маъносида сигнал чалиш, пиё­даларга сув сачратиш, ҳаракатланишга ха­лал бериш, нотўғри ҳаракатланиб ўзгаларга азият ва зарар беришдан сақланинг. Бу ишлар мусулмонга ҳалол эмас.

Имом Ибн Ҳиббон Анас ибн Молик ро­зияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қил­майди, уни таҳқирламайди, уни ёрдамсиз ташлаб қўймайди”, деганлар» (Имом Бухо­рий ривояти).

7. Маҳаллаларда, хусусан, шифохона, масжид-мадраса ва бошқа илм даргоҳлари олдида, бозор ва жамоат жойларида, имкон қадар сигнал чалманг. Зарурат бўлиб қолса, паст ва қисқа шаклда сигнал чалиш мумкин.

8. Бирор камчиликка йўл қўйсангиз, биров сизга танбеҳ берса, уни тўғри қабул қилинг, айб ўзингизда бўлатуриб ундан хафа бўлманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин – мўминнинг ойнасидир”, деганлар.

Ислом таълимоти инсонлар учун фақат яхшилик, бахту саодат манбаидир. Хусусан, йўл ҳаракати асносида унинг кўрсатмаларига риоя қилиш барча инсонлар учун омонлик ва меҳр-оқибат гаровидир.

Ҳасанхон Яҳё АБДУЛМАЖИД,

Юнусобод туманидаги “Ҳасанбой ота”

жоме масжиди имом ноиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Видеолар

ЖИҲОД ТУШУНЧАСИ

1.10.2024   290   1 min.

РАСУЛХОН ДОМЛА УБАЙДУЛЛАЕВ,
Наманган шаҳар "Яҳёхон тўра"  жоме масжиди имом ноиби

ВИДЕО