Бугун йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳар йили дунёда 1,3 миллион одам ҳалок бўлади ва 20–50 миллион киши жароҳатланади. Бундай аянчли ҳолатлар, афсуски, юртимизда ҳам ортиб бормоқда.
Ислом таълимотида инсоннинг дини, жони, шаъни, ақли ва моли ҳимоя қилинади. Йўл ҳаракати асносида содир бўладиган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, яъни ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдаларнинг ҳаётини ва саломатлигини сақлаш, автомобилларни турли талафотлардан асраш инсоннинг жонини ва молини муҳофаза этишнинг бир кўринишидир. Демак, йўл ҳаракати қоидалари умумий манфаатларни, инсон ҳаётининг эминлигини таъминлашга қаратилган. Ислом шариатининг талаб ва мақсади ҳам айнан шудир.
Бугунги кунда амалда жорий қилинган йўл ҳаракати қоидалари бир қанча фиқҳий қоидаларга, жумладан, “Зарар бартараф этилади”, “Зарарни бартараф этиш ва фойдани жалб қилиш”, “Зарар келтириш ҳам, зарарга зарар қайтариш ҳам йўқ”, “Жамиятнинг манфаати якка шахсларнинг манфаатидан устун туради” каби шаръий қоидаларга ҳамоҳанг асосларга таянганини кўрамиз. Ушбу зарар ва манфаатлар жонга ҳам, молга ҳам бирдек тегишлидир. Бу борада асосий далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларидир: “Зарар бериш ҳам йўқ, зарарланиш ҳам йўқ” (Имом Аҳмад ривояти).
Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган киши, аввало, ўзининг жону молини хатарга қўйган бўлади. Бу эса Ислом динида қатъий ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг” (Бақара сураси, 195-оят). Қолаверса, бошқаларнинг ҳаёти ва саломатлигига таҳдид солган бўлади.
Шулардан келиб чиқиб, фақиҳлар йўл ҳаракати қоидалари шариатнинг талаб ва мақсадларига хизмат қилишини, уларга ҳамоҳанг эканини таъкидлайдилар, уларга риоя қилиш вожибдир. Мазкур қоидаларга хилоф иш тутиш йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмасликкина эмас, балки вожибни тарк қилганлик, мусулмонларга зарар келтириш, одамларнинг ҳаётини таҳликага қўйиш жиҳатидан улкан гуноҳ ҳамдир.
Шундан келиб чиқиб, ҳайдовчилар билиши зарур бўлган баъзи диний кўрсатмаларни баён қиламиз.
1. Машинага минганда зарур дуоларни ўқинг. Уловга минганда дуо қилишнинг зарурлигига Имом Ҳоким ва Имом Байҳақий Абу Лос Хузоий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадиси шариф очиқ-ойдин далолат қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир туя ўркачида шайтон бўлади. Шу боис уни минганингизда Аллоҳни У Зот Ўзи буюрганидек зикр қилинглар. Кейин уни ўзингиз учун ишлатинг, зеро, уларни Аллоҳ бўйсундириб қўйгандир”, дедилар».
Уловга минган киши ҳадисларда келган дуоларни ўқиши суннатдир.
2. Машинани болаларга, минишга лаёқати бўлмаган кишиларга берманг. Уларга машинани бериш жон ва молнинг зое бўлишига олиб келиши мумкин.
Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ ҳаётингизнинг тутқичи қилган молларингизни эсипастларга берманг” (Нисо сураси, 5-оят).
3. Агар машинангизга бирор юк ортиб олгудек бўлсангиз, унинг бошқаларга зарар етказмаслигини тўлиқ таъминланг.
Имом Ибн Можа Фазола ибн Убайддан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин – одамлар моллари ва жонларини унга ишонган одамдир”, деганлар.
4. Йўл ҳаракати қоидаларига, одоб ва аҳкомларига риоя қилинг, йўлнинг ҳақларини адо этинг. Имом Табароний Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон мусулмон биродарига қурол ўқталса, то уни туширмагунича фаришталар унга лаънат айтади”, деганлар.
Замонамиз уламолари машинани белгиланган қоидаларга хилоф равишда бошқариш одамларнинг ҳаётига таҳдид солаётган ҳайдовчи ҳам ушбу ҳадисга дохил бўлади, дейдилар.
5. Белгиланган тезликка риоя қилинг.
“Раҳмоннинг бандалари Ер юзида сокинлик ила юрадиганлардир” (Фурқон сураси, 63-оят). Ушбу оятдаги кўрсатма пиёдаларга ҳам, улов ҳайдовчиларга ҳам тегишлидир, дейди уламоларимиз. Демак, динимиз таълимотига кўра, машина ҳайдаётган одам белгиланган тезликда юриши керак. Тезликни ошириб ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўйиши, ўта секин юриб бошқа йўловчиларга халал бериши ҳам жоиз эмас.
6. Бошқа ҳайдовчиларга азият етказманг. Бурилиш чироғини умуман ёқмай ёки вақтида ёқмай бурилиш, ноўрин жойларда узоқни ёритувчи чироқни ёқиш, заруратсиз ёхуд ҳақорат маъносида сигнал чалиш, пиёдаларга сув сачратиш, ҳаракатланишга халал бериш, нотўғри ҳаракатланиб ўзгаларга азият ва зарар беришдан сақланинг. Бу ишлар мусулмонга ҳалол эмас.
Имом Ибн Ҳиббон Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни таҳқирламайди, уни ёрдамсиз ташлаб қўймайди”, деганлар» (Имом Бухорий ривояти).
7. Маҳаллаларда, хусусан, шифохона, масжид-мадраса ва бошқа илм даргоҳлари олдида, бозор ва жамоат жойларида, имкон қадар сигнал чалманг. Зарурат бўлиб қолса, паст ва қисқа шаклда сигнал чалиш мумкин.
8. Бирор камчиликка йўл қўйсангиз, биров сизга танбеҳ берса, уни тўғри қабул қилинг, айб ўзингизда бўлатуриб ундан хафа бўлманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин – мўминнинг ойнасидир”, деганлар.
Ислом таълимоти инсонлар учун фақат яхшилик, бахту саодат манбаидир. Хусусан, йўл ҳаракати асносида унинг кўрсатмаларига риоя қилиш барча инсонлар учун омонлик ва меҳр-оқибат гаровидир.
Ҳасанхон Яҳё АБДУЛМАЖИД,
Юнусобод туманидаги “Ҳасанбой ота”
жоме масжиди имом ноиби
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати