Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
23-26 август кунлари Тошкент ва Самарқандда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ҳамкорлигида «Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори» VIII халқаро конгрессининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжуман қатнашчиларига табригини Президент маслаҳатчиси Х. Султонов ўқиб эшиттирди. Президентимиз табригида Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида 70 жилдлик китоб-альбомлар нашр қилиниб, юртимиз ва чет эллардаги энг машҳур кутубхоналар, олийгоҳ ва музейлар, нуфузли илм-маърифат масканларига етказиб берилганини таъкидланди.
Халқаро тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, дунёнинг 35 та мамлакатидан 200 га яқин олимлар, музей ва кутубхона мутасаддилари, халқаро ва хорижий ташкилотлар вакиллари, Республикамизнинг юздан ортиқ фан доктори ва проффессорлари ҳамда тадқиқотчилари қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят бош имом-хатиблари иштирок этмоқда.
Мазкур халқаро маданий анжумандан асосий мақсад – Ислом цивилизацияси ҳамда Имом Бухорий музейларининг кутубхона ва музейлари фондини халқаро андозаларга мос, бугунги кун талабларидан келиб чиқиб бойитиш, марказ фаолиятини янада кенгайтиришдан иборатдир.
Куни кеча Конгресс қатнашчилари Ислом цивилизацияси марказида бўлиб, у ердаги бунёдкорлик ишлари ва «Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази» лойиҳаси тақдимотида иштирок этишди. Лойиҳалар кўргазмаси ҳамда марказнинг кўргазма макети билан танишишди.
Тушдан сўнг Самарқанд шаҳрига етиб борди ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ислом оламининг йирик мутафаккири, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий мажмуасида олиб борилаётган қурилиш ишларини кўздан кечиришди.
Мазкур тадбир якунлангач, экспертлар еттита шўбага бўлиниб, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом ал-Бухорий музейларининг экспозициялари бўйича тақдим қилинган лойиҳаларни муҳокама қилишади.
Конгресс кун тартибидан Шарқ ренессансларининг буюк олимлари ва фаолияти асосида Ўзбекистоннинг бой маданий ва илмий меросини кенг ўрганиш ҳамда оммалаштириш, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясини янги мазмун билан бойитиш каби масалалар ҳам ўрин олган. Шу билан бирга дунёнинг нуфузли олим ва мутахассислари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази концепцияси, фаолияти ҳамда WOSCU томонидан амалга оширилаёттан лойиҳалар муҳокама қилинади.
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати