Мамлакатимиз истиқлол байрамининг 33 йиллигини муносиб кутиб олиш, талаба ёшларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буйруғига асосан Олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларида янги ўқув йили жорий йилнинг 9 сентябрь, душанба кунидан бошланиши белгилаб қўйилди.
Диний таълим муассасаларида янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўрилиб, аудиториялар, талабалар турар жойлари, ошхона ва спорт мажмуалари таъмирланиб, талабаларни янги ўқув йилида кўтаринки руҳда қабул қилиш учун шай ҳолатга келтирилди.
Эътиборлиси, бу йилги қабул имтиҳонлари юқори савияда ташкил этилиб, куни кеча мандат натижалари эълон қилинди. Етти мингга яқин абитуриентлар ўзларига қулай бўлган 6 та ҳудудлардан бирида тест имтиҳонларини топширдилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида илк бор электрон шаклда ўтказилган қабул имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган ёшлар талабалик бахтига муяссар бўлдилар.
Янги ўқув йилини бошлаш арафасида турган талабаларнинг илмларига барака, таълим берадиган устозларига ғайрат ато қилишини Аллоҳ таоло сўраб қоламиз!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига меҳр-эътибор кўрсатиш мақсадида уларнинг хатна тўйи ўтказилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган хайрия тадбирида 2 ёшдан 11 ёшгача бўлган 35 нафар болажонларга хурсандчилик улашилди.
Болаларга байрам муносабати билан велосипед, костюм-шим, кўйлак, оёқ кийимлари ҳамда яна бошқа турли хил совға-саломлар тақдим этилди.
Болаларнинг яқинлари ва жамоатчилик вакиллари учун байрам дастурхони ёзилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти матбуот хизмати