Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Июл, 2026   |   27 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:18
Қуёш
05:00
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:01
Хуфтон
21:38
Bismillah
12 Июл, 2026, 27 Муҳаррам, 1448

Жаноза намозини ўқиш тартиби

16.01.2024   9119   4 min.
Жаноза намозини ўқиш тартиби

Жаноза намози тўрт такбирдан иборат бўлиб, уни ўқиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

  1. Жаноза намозини ўқишга ният қилинади:

“Жаноза намозини холис Аллоҳ таоло учун имомга иқтидо қилган ҳолда ўқишни ният қилдим.

اللهُ أَكْبَر

  1. Жамоат имоми “Аллоҳу акбар” деб такбир айтгач, бошқалар ҳам ичида “Аллоҳу акбар” деб айтиб қўлни қулоқларнинг юмшоқ еригача кўтаради ва қўлларини боғлайди.

 

  1. Қўллар қовуштирилгач “Сано” дуоси ўқилади:

سُبحَانَكَ اللهم وبحمدك وتبارك اسمُكَ وتَعَالى جَدُّكَ ولا إله غيرك

Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илаҳа ғойрук.

 

  1. Сано дуосидан сўнг имом иккинчи такбирни айтади. Бунда қўллар кўтарилмайди ва тананинг бошқа аъзолари ҳам ўз ҳолида туради.

Эслатма! Баъзилар имом “Аллоҳу акбар” деб айтганда бошини кўтариш ҳолати кўзатилади. Бундай қилиш ножоиз.

 

  1. Иккинчи такбирни айтгач, қуйидаги салавот айтилади:

اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ اللَّهُمَّ بَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ

Аллоҳумма солли ъала Муҳаммад ва ъалаа аали Муҳаммад, камаа соллайта ъала Иброҳийма ва ъалаа аали Иброҳийм, иннака ҳамийдум мажийд.

Аллоҳумма баарик ъалаа Муҳаммад ва ъалаа аали Муҳаммад, камаа баарокта ъалаа Иброҳийма ва ъалаа аали Иброҳийм, иннака ҳамийдум мажийд.

 

  1. Салавотдан кейин учинчи такбир айтилади. Учинчи такбирдан кейин маййит ҳаққига қуйидаги дуо ўқилади:

اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِحَيِّنَا وَمَيِّتِنَا وَشَاهِدِنَا وَغَائِبِنَا وَصَغِيرِنَا وَكَبِيرِنَا وَذَكَرِنَا وَأُنْثَانَا اللَّهُمَّ مَنْ أَحْيَيْتَهُ مِنَّا فَأَحْيِهِ عَلَى الإِسْلاَمِ وَمَنْ تَوَفَّيْتَهُ مِنَّا فَتَوَفَّهُ عَلَى الإِيمَانِ

Аллоҳум-мағфир лиҳаййинаа ва маййитинаа ва шааҳидинаа ва ғоибинаа ва соғийринаа ва кабийринаа ва закаринаа ва унсаанаа. Аллоҳумма ман аҳйайтаҳу миннаа фа аҳйиҳи ъалал Ислаам ва ман таваффайтаҳу миннаа фатаваффаҳу ъалал иймаан.

Маъноси: Аллоҳим, бизнинг тирикларимиз ва маййитларимиз, ҳозирларимиз ва ғоибларимиз, кичикларимиз ва катталаримиз, эркакларимиз ва аёлларимизни мағфират қилгин! Аллоҳим, Сен бизлардан кимни яшатадиган бўлсанг, уни Исломда яшатгин. Бизлардан кимни вафот эттирсанг, уни имонда вафот эттир.

 

  1. Маййит ҳаққига дуо қилингач тўртинчи такбир айтилади Тўртинчи такбирдан кейин дуо қилинмасдан, икки ёнга салом берилади.

اَلسَّلاَمُ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَةُ الله

Эслатма! Жаноза намозига кеч қолган киши қанча такбир қолдирган бўлса, имом салом берганидан кейин етказиб қўяди. Чунки жаноза намозидаги тўрт такбир тўрт ракат ҳисобидадир. Ракатсиз намоз бўлмаганидек, такбирсиз жаноза намози ҳам бўлмайди. Ҳатто битта такбир айтилмай қолса ҳам, жаноза намози ҳисобга ўтмайди, уни қайта ўқиш керак бўлади. Такбирни имом билан бирга жамоатдаги ҳар бир киши ўзи ичида айтиши лозим.

Суннатга мувофиқ намоз ўқинг китобидан олинди.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ишларнинг энг яхшиси

10.07.2026   18010   3 min.
Ишларнинг энг яхшиси

Дин ва жамият

Ислом дини кишини ҳаддан ошиш, зўравонлик ва адоватдан қайтаради. Ҳар бир ишда ўрта йўлни тутиш, ақл билан иш кўриш, адолат ва инсофни сақлаш асосий мезонлардан экани таъкидланади.


Афсуски, бугунги кунда айрим кимсалар динимизга хос муқаддас тушунчаларни нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Улар диннинг асл моҳияти бўлган тинчлик, ўзаро меҳр-мурувват ва эзгулик ғояларини бузиб, одамлар қалбига мутаассиблик уруғини сочишга ҳаракат қилмоқда. Бундай кимсалар хорижда туриб ижтимоий тармоқлар орқали ақидавий, фиқҳий, маҳзаб масалаларида халқимизни чалғитишга уриниб, мутаассиблик ва бошқа ёт ғояларни тарғиб қилиб, оммани шубҳалар гирдобига тортишга уринмоқда.

 
Ҳақиқий диндорлик одамлардан узилиш, ҳаётдан четлашиш ёки бошқаларга нисбатан қаттиққўллик қилиш эмас. Балки ҳалол меҳнат қилиш, ота-онага ҳурмат кўрсатиш, оилага масъулият билан қараш, жамиятга фойда келтириш ва ибодатни ихлос билан адо этишда намоён бўлади. Мутаассиблик эса шу мувозанатни бузади. Бундай киши ўз фикрини ягона ҳақиқат деб билади, бошқа қарашларни эшитишни истамайди. Фақат ўз фикрини ўтказишга уринади. У кўп ҳолларда диннинг асл моҳиятини эмас, балки ўзининг тор ва бирёқлама тушунчасини ҳимоя қилади. Шу сабабли мутаассиблик жамиятда муросасизлик, адоват ва бўлинишларга сабаб бўлади.


Аслида, чин мусулмон ўз эътиқодида мустаҳкам бўлиши билан бирга, бошқаларга нисбатан ҳам одоб, ҳурмат ва инсоф билан муносабатда бўлиши керак. Дин номидан қўполлик қилиш, одамларни камситиш, жамият тинчлигига рахна солиш ёки зўравонликни оқлаш қораланган.


Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар бир ишда – хоҳ у дунёвий бўлсин, хоҳ охират амали бўлсин – ўртача бўлишга чақириб: “Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти). Бу эса Исломда инсон ҳаёти бир томонга оғишган эмас, балки мувозанатли бўлиши кераклигини кўрсатади.


Бу ҳақда Қуръони каримда: “...Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб (роҳиблик) қилдилар-у, сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига мукофотларни ато этдик. (Аммо) уларнинг орасида аксарияти фосиқ (кофир)дирлар” (Ҳадид сураси, 27-оят), дейилган. Демак, киши ўз табиатига оғирлик қиладиган даражада ҳаётдан узилиб, тоат-ибодатга берилиб кетмаслиги керак.


Яна бир оятда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасас сураси, 77-оят). Мусулмон киши дунёни деб охиратни унутиши, охиратни баҳона қилиб, зиммасидаги бу дунё ишларини ташлаб қўйиши жоиз эмас.


Мутаассиблик илмсизлик сабабли келиб чиқади. Илмли киши ҳеч қачон ўзгалар билан тортишмайди ва ҳар ишда ўзиникини маъқуллайвермайди. Аксинча, ҳақ гап айтилганида тан олади. Шунинг учун фарзандларимизга ёшлигиданоқ диний билимларни чуқур ўргатиб, турли фитналардан огоҳ этиб боришимиз зарур. Зеро, ҳақиқий илм эгаларини ҳеч қандай бузғунчи ғоялар чалғита олмайди. 

Ғафуржон ЭШОНҚУЛОВ,

Ургут туманидаги “Чубин” масжиди имом ноиби

Ҳ. Садриддинов уюштирди.


"Ҳидоят" журналини 7-сонидан

Мақолалар