Илм келажакка тикилган энг яхши сармоя. Ёш авлодни билимли қилиш миллат буюклигига хизмат қилади. Шу мақсадда ёшларнинг илм олиши ва жамият учун фойдали инсон бўлишига мамлакатимизда жуда катта эътибор қаратилмоқда.
Мана шундай эзгу ниятлар йўлида янги ўқув йили бошланиши олдидан республикамизда фаолият юритаётган имом-хатиблар саховатпеша инсонларни жалб қилган ҳолда эҳтиёжманд оилаларнинг 10 минг нафар фарзандига қарийб 3 миллиард сўмлик мактаб формаси, ўқув қуроллари ва сумкалар ҳадя қилдилар.
Таъкидлаш жоизки, бундай хайрли тадбирлар кўплаб эҳтиёжманд оилалар мушкулини осон қилиб, фарзандларини кўнглини шод этиши баробарида илм олишлари учун жуда катта кўмак бўлди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сўнгги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга биринчи нозил қилган ваҳийси, Қуръони каримнинг энг аввалги оятларида бутун инсониятни ўқиш, илм олиш ва ёзишга буюриб: “Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди”, деган (Алақ, 1-5).
Шунингдек, барчамизга маълум бўлган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, илм олмоқчи бўлган ўқувчи ёшларнинг таълим олишига китоб ва дафтарлар олиб бериш, зарурий ўқув қуроллари билан таъминлаш ҳам улкан савобли амаллардандир. Айниқса, кимки моддий ёрдамга муҳтож ўқувчига ҳомийлик қилса, унга ҳам талабанинг савобидек, ажр-мукофот берилади, дея умид қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшиликка далолат қилувчи-ундовчи ўша яхшиликни қилувчи каби ажр олур”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Азизлар, қўли очиқ кишилар илм олувчи ёшлардан хабар олиб, уларни моддий жиҳатдан таъминлаб турсалар, ажр устига ажр бўлади. Маълумки, илм ривожи учун сарфланган маблағлар куни келиб, юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигига хизмат қилиши баробарида икки дунё саодатига омил бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати