Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг аҳоли билан самимий мулоқоти кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
Кеча, 4 сентябрь куни Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Диний идорада фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитдилар. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти, оилавий масалалар, диний таълим ҳамда моддий ёрдам олиш сингари масалаларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Масжид ва имомлар фаолияти, диний таълимга оид мурожаатлар кўриб чиқиш учун идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.
Мана шундай самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлишиб, хайрли дуолар қилишди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Бош консулхонаси вакиллари Таиланднинг Шаҳзода Сонгкхла университетида бўлиб ўтаётган 15-Бутунжаҳон ҳалол маҳсулотлар кўргазмаси ва “World HAPEX 2026” халқаро анжуманида иштирок этмоқда, деб хабар беради “Дунё” АА.
Тадбирда Таиланд, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Малайзия, Покистон, Бангладеш ва Хитойнинг давлат идоралари, бизнес, илмий доиралар ҳамда саноат вакиллари қатнашмоқда.
Панель муҳокамасида сўзга чиққан Ўзбекистон бош консули Фахриддин Султонов мамлакатимиз 2019 йилдан буён Ислом мамлакатлари стандартлар ва метрология институти (SMIIC) аъзоси эканини қайд этиб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ислом дунёси давлатлари билан очиқ, прагматик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик изчил ривожлантирилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, кўргазма доирасида Бош консулхона томонидан мамлакатимизнинг туристик салоҳияти, бой миллий маданияти ва анъаналарига бағишланган миллий павильон ташкил этилди. Унда Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний ва Имом Бухорий каби буюк алломалар мероси, шунингдек, Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги китоблар ва видеоматериаллар намойиш этилмоқда.
Мазкур кўргазма 30 июлдан 2 августга қадар давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати