Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Қизларингизни ўқитинг, уларга кўмакчи бўлинг!

05.09.2024   5193   4 min.
Қизларингизни ўқитинг, уларга кўмакчи бўлинг!

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишланган тантанали маросимда баралла янграган бу пурмаъно даъват қалбимиз қўридан, онгу шууриимиздан мустаҳкам ўрин олди.

Миллий истиқлол ҳар бир халқнинг нақадар бебаҳо неъмати эканини англаш, унинг тарихий аҳамиятини чуқур ҳис қилиш учун олим ё файласуф бўлиш шарт эмас, назаримда.

Қутлуғ кунда, шонли санада Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган ватанпарвар боболар хотирасини ёдга олишимиз, ўз халқини тараққиёт сари бошлаган жадидлар, озодлик йўлида жон фидо этган аждодларимиз сизу бизга олтин мерос қилиб қолдирган қуйма фикрларни эслашимиз табиий, албатта.

Энг улуғ, энг азиз айёмимиздаги нутқида Президент Шавкат Мирзиёев ҳам айнан улардан иқтибос келтириб, барча ота-оналарга мурожаат қилгани юрагимизнинг туб-тубигача етиб борди: “Ўғил болани ўқитсак, бир киши саводли бўлади. Қиз болани ўқитсак, бутун оила, бутун жамият билимли бўлади!

Дарҳақиқат, бугун жамиятда мавжуд муаммоларнинг ечими, каттаю кичик томонидан тез-тез ўртага қўйиладиган саволларнинг жавоби сифатли таълимга бориб тақалаётгани ҳеч кимга сир эмас. Тараққиёт эшикларига осилган ҳар қандай қулфни очадиган калитлар ҳам айнан таълим ва тарбиядир.

Сезиб турганингиздек, бугун қисқагина тарзда бўлса ҳам эт билан тирноқ – таълим-тарбия уйғунлигининг долзарб аҳамияти хусусида сўз юритмоқчимиз. Бошқача айтганда, таълим она тилини ўрганишдан бошланса, тарбия маънавият чашмасидан том маънода озиқлангандагина тўлақонли шаклланади.

Президентимиз алоҳида таъкидлаганларидек, мактабларимизда аввало она тили ва адабиётни чуқур ўргатишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам шу фикрнинг тасдиғидир.

“Мустақилликни мустаҳкамлашда маънавий мустақиллик ҳам ғоят муҳим ўрин тутади. Унингсиз истиқлолнинг барқарорлигини таъминлашнинг имкони йўқ. Нима учун шундай? Чунки, бирор халқни йўқ қилиш учун ядровий қуроллардан, қудратли армия босқинидан ҳам кучлироқ омил бор. Бу ўша халқнинг халқлигини йўқ қилишдир. Бунга қандай эришилади? Албатта, унинг ўзлигини, маданиятини, тарихини, бир сўз билан айтганда, маънавиятини барбод қилиш билан эришилади”.

Ушбу фикрларни мен яқинда ЎзАда эълон қилинган, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Анвар Бобоев қаламига мансуб мақоладан олдим. Зеро, муаллиф миллий мустақиллик ва миллий тилни муҳофаза қилиш, маънавият ва маърифатнинг ҳаётдаги ўрни, маданиятлар тўқнашуви, қадриятларнинг ғаразли талқини хусусида жўяли, энг муҳими, таъсирчан фикрларни илгари сурган.

“Дўст ачитиб гапиради” деганларидек, такрор ва такрор айтишдан толмаслик керак: истиқлолнинг узвий бўғимларидан яна бири маънавий мустақилликдир. Маънавий мустақилликка эса маърифат, эзгулик, тинчликпарварлик, бағрикенглик каби қадриятлар орқали эришилади. Байрам баҳона мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларнинг бир қисмига тўхталишдан кўзланган мақсад ҳам шу фикрни изҳор этишдан иборат эди, дея мухтасар хулоса қилади.

Айниқса, мақолада ўтган асрнинг ўрталарида фаолият кўрсатган дунёга машҳур дипломат ва разведкачи Аллен Даллеснинг ўзга мамлакат аҳолисини хуфия тарзда маънан-ахлоқан бузишга қаратилган фикрлари билан танишган кишининг эти жимирлаб, янада ҳушёр тортади. Афсуски, шунга ўхшаш “ғоялар”дан бугунги кунда ҳам турли бузғунчи кучлар фойдаланишдан тўхтагани йўқ.

Модомики, давлатимиз раҳбари мустақиллик байрами тантаналарида яна бир бор барчамизнинг эътиборимизни айни шу масалага қаратгани диққатга сазовор: “Бугунги ниҳоятда мураккаб ва таҳликали давр олдимизга янги-янги синов ва муаммоларни кўндаланг қилиб қўймоқда. Лекин... тинчликни сақлаш фақат ҳарбийларимизнинг иши бўлиб қолмаслиги керак. Бу барчамизнинг, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчи бўлиши шарт. Юртнинг кучи – бирликда, қадри эса тинчликдадир”!

Куни кеча истиқлолнинг 33 йиллигини кўтаринки руҳда ўтказган халқимиз яна 25 кундан кейин таълим соҳасида фидойилик кўрсатаётган меҳрибон муаллим ва мураббийларимизнинг касб байрамини, 46 кундан сўнг Ўзбек тили байрамини нишонлаш тадоригини бошлади. Бу эса биз юқорида тилга олган маънавий мустақилликнинг бир устуни мактабу ўқитувчилар тимсолида сифатли таълим, иккинчи устуни маданияту маърифат тимсолида миллий тил муҳофазаси эканини яна ва яна ёдимизга солади.

Гавҳархон МУҚАДДАСОВА,

Солиқ қўмитаси раиси маслаҳатчиси.

ЎзА

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ЮНЕСКО билан Ўзбекистон маҳалла тизими тажрибасини халқаро даражада тарғиб қилиш масаласи муҳокама қилинди

14.08.2026   42036   1 min.
ЮНЕСКО билан Ўзбекистон маҳалла тизими тажрибасини халқаро даражада тарғиб қилиш масаласи муҳокама қилинди

Ўзбекистон ва ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котибияти вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мамлакатимизнинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилган мулоқотда маҳалла билан боғлиқ маданий анъана ва урф-одатлар, уларни халқаро даражада тарғиб қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.

ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котиби Фумико Охината ва Осиё-Тинч океани минтақаси учун масъул дастур мутахассиси Николас Тан мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.

Ўзбекистон томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси вакиллари маҳалланинг кўп асрлик тарихи, унинг жамият ҳаётидаги алоҳида ўрни ва миллий анъаналарни сақлашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Учрашувда маҳалла Ўзбекистон халқи турмуш тарзининг ажралмас қисми экани таъкидланди. У инсонларни яхши қўшничилик, ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатлик ва катта авлод вакилларига ҳурмат тамойиллари асосида бирлаштиради.

ЮНЕСКО Котибияти вакиллари тақдим этилган материалларга катта қизиқиш билдирди. Улар Ўзбекистонда маҳалла билан боғлиқ шаклланган жамоат ҳаёти тартибининг ўзига хос хусусиятларини эътироф этди.

Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг номоддий маданий меросни тарғиб қилишдаги роли алоҳида қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, ўзбек маҳалла тизими тажрибаси ЮНЕСКО Котибияти мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари