Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Аёл киши узрли пайтида пиширган овқатни еб бўлмайди, шунинг учун бундай аёл овқат тайёрламаслиги керак, деган гап эшитдим. Шу гап тўғрими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, динимизда бундай таъқиқ мавжуд эмас. Ҳайз кўрган аёл бемалол овқат тайёрлаши, пишириши мумкин. Уламолар ҳайз кўрган аёлга оид ҳукмларни баён қиларканлар, аёл киши хамир қориб, ёпган нонини, пиширган овқатини ейиш мумкин эканини таъкидлаганлар. Шунингдек, аёл киши узрли пайтларида, эркак ётоқни алоҳида қилиб олишдан ҳам қайтарилган. Яъни шариатимизда аёл кишининг узрли бўлиб қолгани учун ундан жирканилмайди, ташлаб қўйилмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.