Академия бош котиби доктор Абдуллоҳ бин Солиҳ Ал-Вашмий анжумандан турли медиа платформаларда араб тилидаги контентни бойитиш мақсади кўзланганини таъкидлади. Бу саъй-ҳаракат тегишли ходимларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий ва касбий имкониятини оширишга ёрдам беради.
UNA-OIC бош директори Муҳаммад бин Абд Раббо Ал-Ямий арабча гапирилмайдиган юртлардаги ахборот агентликлари таркибида араб тили бўйича бўлимлар, рақамли платформаларда саҳифалар очишга интилиш ортаётганини эътироф этди.
– Бундай ташаббус ишончли маълумот манбаси яратиш орқали маданий мулоқот кўпригини барпо этиш ва мустаҳкамлашга қаратилган, – деди у.
Вебинарда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Халқаро ахборот таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари Ўткир Алимов ва Таржима таҳририяти етакчи муҳаррири Фатҳиддин Самариддинов ҳам иштирок этди.
– Республикамиз ҳаётига оид ижтимоий-сиёсий ахборотларни тарқатувчи етакчи расмий ахборот агентлиги ҳисобланган ЎзА бугунги кунда ўз фаолиятини замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштириш йўлида изчил иш олиб бормоқда, – деди агентлигимиз араб тилидаги саҳифаси масъул ходими Ф.Самариддинов. – ЎзА давлат идоралари фаолияти, мамлакатимиз ва жаҳонда юз бераётган муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларни батафсил ёритиб келмоқда. Агентлигимиз 9 тилда, жумладан 2010 йилдан араб тилида ҳам тезкор, холис ахборот узатиб келади. Чунончи, Ўзбекистон сўнгги йилларда хорижий давлатлар билан дўстона муносабатни ривожлантириш борасида сезиларли натижага эришаётгани, мамлакатимиздаги ижобий ўзгаришлар дунё ҳамжамиятида юртимизга нисбатан жиддий қизиқиш уйғотаётгани, давлатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ошишига хизмат қилаётганидан биринчилардан бўлиб оммани хабардор қилади. Ўз навбатида, тузилмамиз жаҳоннинг етакчи ахборот агентликлари билан ҳамкорликни мунтазам ривожлантириш, мунтазам ахборот алмашишни йўлга қўйиш, дунёда рўй бераётган воқеалар тўғрисида аҳолини холис, ҳаққоний ахборот билан тезкор таъминлаш имкониятини изчил кенгайтирмоқда. Хусусан, араб тилидаги ахборотларимизда Кўрфаз давлатлари билан икки ва кўп томонлама алоқалар жадал ривожланаётгани яққол акс этмоқда.
Вебинарда “Араб тилида сўзлашмайдиган ИҲТга аъзо давлатлар ахборот агентликларида арабча мазмун муаммоси” ва “Подшоҳ Салмон номидаги араб тили глобал академиясининг араб тилида сўзлашмайдиган давлатлар ахборот агентликларида арабча мазмунни яхшилашга қараши” мавзулари муҳокама қилинди.
Сессияларда тилшуносликни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган механизм ва дастурлар, тегишли ахборот агентликлари дуч келаётган масалалар ҳам кўтарилди. Айни муаммоларни бартараф этишнинг мақбул йўллари, ечими кўриб чиқилди. Институционал тилшунослик бўйича ўқув дастурлари ва режалар ишлаб чиқиш, араб тилидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришга ҳисса қўшадиган услубий ёндашувлар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Вебинар якунида тилни тарғиб қилишда ОАВ аҳамиятини инобатга олган ҳолда, хорижий ахборот агентликларида араб тилидаги контентни кўпайтириш бўйича тавсия берилди. Подшоҳ Салмон Глобал академияси ва UNA рақамли маконда араб тили мавжудлигини қўллаб-қувватлаш, араб тилида сўзлашмайдиган давлатларда айни масалага бағишланган форумлар ташкил этиш учун ҳамкорликни ривожлантиришга чақирилди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ ﷺ айтдилар:
"Албатта, Мусо (алайҳиссалом) ниҳоятда кучли ҳаё эгаси бўлиб, баданини доимо ёпиб юрадиган киши эди. У ҳаё қилгани учун ўз танасидан бирор жойини очиб юрмас эди. Бану Исроил орасида баъзи кимсалар уни камситиб: ‘У доимо ўз танасини яширади, бу – унинг бадани нуқсонли бўлгани учун шундай қилар. Балки у абрас (пес), ёки мояксиз (одар), ёки яна бирор балога учраганидандиръ, дейишди.
Аллоҳ таоло эса уларнинг бу гап-сўзларидан Мусони поклашни ирода қилди.
Бир куни Мусо алайҳиссалом чўмилгани борди. Кийимларини тош устига қўйиб, чўмилишга киришди. Сувдан чиқиб, кийимларини олиш учун тош олдига қайтганида, тош унинг кийимларини олиб қочди.
Мусо алайҳиссалом ҳассасини олди-да, тош ортидан қувди ва: "Эй тош, кийимимни қайтар! Эй тош, кийимимни қайтар!", дер эди.
У шу ҳолатда Бану Исроилнинг бир гуруҳига дуч келди. Улар Мусони кийимсиз ҳолда кўришди – Аллоҳ яратганлар ичида энг чиройли, энг соғлом бадан эгаси эканига гувоҳ бўлишди.
Аллоҳ таоло Мусони уларнинг гап-сўзларидан поклаб қўйди.
Тош тўхташи билан Мусо алайҳиссалом кийимларини олиб кийди-да, асоси билан тошни ура бошлади.
Пайғамбаримиз ﷺ айтдилар: "Аллоҳга қасамки, Мусо урган тошда уч, тўрт ёки бешта из қолди (яъни, урилган зарбалар изи қолди)."
Бу борада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай деди: "Эй мўминлар! Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Бас, Аллоҳ уни айбларидан поклади. Ва у Аллоҳнинг ҳузурида обрўли зот эди" (Аҳзоб сураси, 69-оят).