Пойтахтимизнинг Олмазор туманида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов иштирокида “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида аҳоли вакиллари, ёшлар ва хотин-қизлар иштирокида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тумандаги "Олимпия" тўйхонасида бўлиб ўтган ушбу учрашувда ҳозирги кунда ёшлар тарбияси, фарзандларни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда ёшларни таълим олиши муҳимлиги тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Маъруза давомида фарзандларни ёт ғоялар таъсиридан сақлаш, уларни қадриятларимизга мос равишда соғлом эътиқодли қилиб тарбиялашдаги ҳар бир ота-онанинг ўрни каби муҳим мавзуларда ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шу йил 26 сентябрь куни пойтахтимиздаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида “Марваридлар шодаси” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланган тадбир аввалида сўзга чиққан нотиқлар мазкур янги китоб билан ижодкор ва иштирокчиларни қутлаш баробарида юртимизда аёл-қизларнинг илму маърифатини юксалтириш, уларнинг саломатликларини яхшилаш ва ёш қизларни таълим-тарбия олишлари учун муносиб шароит яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритдилар.
Маърифий тадбир давомида мазкур китоб бугунги кунда жамиятимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аёл-қизлар саводхонлигини ошириш, шариатимизнинг аёлларга хос бўлган аҳкомларни содда ва тушунарли тарзда баён этишда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Шунингдек, рисоланинг она тилимизга таржима қилиниши ва халқимизга туҳфа этилгани айни муддао бўлганига урғу қаратилди. Бундан ташқари, маърузаларда аёл-қизларга хос тиббий, ижтимоий ва психологик тавсиялар ҳам муҳокама қилинди.
Тадбир давомида китоб муаллифи Ҳанафий фиқҳи олими, динимизга кўп йиллардан буён хизмат қилиб келаётган фазилатли Шайх Салоҳ Муҳаммад Абул Ҳожнинг тадбир иштирокчиларига йўллаган видео табриги намойиш этилди. Мазкур китобни таржима қилишда иштирок этган олималар ва “Хадичаи Кубро” мадрасаси устозлари жамоасига миннатдорлик изҳор этилди.
Маросимда Дин ишлари бўйича қўмитаси раис ўринбосари, фалсафа фанлари доктори, профессор Матлуба Қаҳҳарова, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудираси в.б. Моҳира Зуфарова, Muslimaat.uz сайти раҳбари, “Марваридлар шодаси” китоби бош муҳаррири Одинахон Муҳаммад Юсуф, шунингдек, Тошкент ислом институти, Хадичаи Кубро мадрасаси устоз ва талабалари ҳамда отинойилар иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати