Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Январ, 2025   |   24 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:19
Қуёш
07:41
Пешин
12:40
Аср
15:48
Шом
17:32
Хуфтон
18:49
Bismillah
24 Январ, 2025, 24 Ражаб, 1446

9.09.2024   612   1 min.
Бошқа мақолалар

Мавлидга қарши фикрлардан намуна

24.01.2025   1185   18 min.
Мавлидга қарши фикрлардан намуна

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш, итоат этиш, у зотни яхши кўриш ва у зотдан ўрнак олиш вожиб бўлгани туфайли у зотнинг ҳаётлари, сийратлари, сифатлари ва суннатларини ўрганиш ҳам вожиб бўлади.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, сийратлари, сифатлари ва суннатларини ўрганмай туриб, у зотга иймон келтириш, итоат этиш, у зотни яхши кўриш ва у зотдан ўрнак олишнинг имкони ҳам йўқ.

Бошқа кўпгина ҳолатлардаги каби бу масалада ҳам «Вожиб амалга олиб борадиган нарса ҳам вожибдир» қоидаси кучга киради.

Шунинг учун ҳам мусулмон уммати ўзининг дастлабки давридан бошлаб Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, сийратлари, сифатлари ва суннатларини ўрганишга алоҳида аҳамият бериб келмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тириклик пайтларида саҳобаи киромлар у зотнинг ҳаётларида содир бўладиган ҳар бир нарсани қанчалик аҳамият билан ўрганиб борганлари, ҳар бир сўзлари, ҳаракатлари, имо-ишораларини ҳам яхшилаб ёдлаб борганлари маълум ва машҳур.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рафиқи аълога интиқол қилганларидан кейин мусулмон уммати у зотга тегишли бўлган ҳар бир нарсани кўз қорачиғидек асрашга, ёдлашга ва қадрлашга беқиёс аҳамият бериб келди. Мусулмон уммати Аллоҳ таолонинг каломи бўлмиш Қуръони Каримни саҳифаларга ёзиб бўлганидан кейин биринчи ўринда ёзган нарсаси ҳабиб Пайғамбарининг сийрати шарифлари бўлди.

Аввалги сийрат китобларининг ёзилишида Ваҳб ибн Мунаббаҳ (10–34 ҳ-c.), Урва ибн Зубайр (23–94 ҳ-с.) ва Абон ибн Усмон ибн Аффонлар (22–105 ҳ-с.) барчага ўрнак бўлдилар. Кейинроқ Ибн Исҳоқ ва Ибн Ҳишом каби сийрат илми имомлари кўзга кўриндилар.

Мусулмонлар оммаси айнан мазкур сийрат уламолари ёзган китоблардан ўз Пайғамбарлари алайҳиссаломнинг сийратлари, суннатлари, сифатлари, хулқлари ва ҳилқатларини ўрганар ва уларга амал қилиб, ўрнак олар эдилар.

Вақт ўтиши билан турли халқлар, миллат ва элатларнинг вакиллари мусулмон бўлди, одамларнинг ташвишлари кўпайиб, бир неча жилдли, ровийлар санади тўлиқ келтирилган китобларни ўрганишлари қийинлашиб қолди.

Уламолар бу ҳолатни эътиборга олдилар ва уни муолажа қилишга ўтдилар. Керакли уриниш, изланиш ҳамда илмий ишлардан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида мухтасар сийрат китоблари юзага чиқди. Кишилар уларнинг ёрдамида ҳабиб Пайғамбаримизнинг ҳаётлари, сийратлари, суннатлари, сифатлари, хулқлари ва ҳилқатларини ўрганадиган бўлдилар.

Турли сабабларга кўра, вақт ўтиши билан халқ оммаси Пайғамбар алайҳиссалом ҳақларидаги маълумотларни ўрганишда қийналадиган бўлиб қолди. Бу ҳол ўша вақтдаги мусулмон уламолар ва раҳбарларни ташвишга солди. Одамларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларидаги керакли маълумотларни осон ва таъсирли услубда етказиш ташвишини қилдилар. Охири Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва сифатлари ҳақида шеърий услубда қисқа ва жамловчи асарлар тайёрлаб, халқ оммасини тўплаб, ўқиб эшиттиришни маъқул кўрдилар. Бу хайрли иш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунлари ва ойлари танланди.

Ушбу таклиф ҳаммага ёқиб тушди. Ироқда бошланган мазкур иш тезда Ислом оламининг турли тарафларига тарқалди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларидаги бундай шеърий асарлар «Мавлидун-Набий» ёки қисқача «Мавлид» деб аталди. Аста-секин одамлар орасида мавлид ўқиш ва у зотга салавот айтиш одат тусига кирди. Аммо афсуски, вақт ўтиши билан бошқа ишлардаги каби бу ишда ҳам асл мақсаддан оғиш, баъзи бидъат ва хурофотларга берилиш ҳолатлари ҳам юз берди.

Бизнинг диёрларда мавлид маросимларида улуғ олим ва шоир Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳининг «Мавлид» асарини ўқиш одат тусига кириб қолган ва бу одат ҳозиргача давом этмоқда. Бошқа юртларда эса мазкур асардан бошқа асарлар ҳам ўқилади. Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара, Тоиф ва Ҳижознинг бошқа шаҳарларида турли шоирларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадҳларида айтган шеърларидан намуналар ўқилади.
 

Мавлид ҳақидаги хилоф

Мавлид маросими кўпгина ихтилофларга сабаб бўлган ва бўлиб келаётган масалалардан бири ҳисобланади. Кўпчилик мусулмонлар мавлид қилганлар ва қилиб келмоқдалар. Аммо бир тоифа кишилар мавлидга қарши чиққан ва қарши чиқиб келмоқда.

Мавлидга қарши чиқадиганларнинг даъвоси қуйидагича:

«Бу иш бидъатдир, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир бидъат залолатдир. Ҳар бир залолат дўзахдадир», деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳобаларнинг ва салафи солиҳларнинг даврида мавлид деган нарса бўлмаган, Қуръонда ва Суннатда мавлид қилиш хақида буйруқ йўқ».

Мавлид тарафдорлари эса бунга жавобан: «Дастлабки вақтларда мавлид бўлмаган бўлса ҳам, қадимдан ҳамма мавлид қилиб келган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эслаш, у зотга салавот айтиш ва ҳаётларини ўрганиш ёмон иш бўлармиди?!» дейишади.

Мавлидга қарши чиқадиганлар: «Мавлид маросимида турли ширк ишлар юзага келади, ҳар хил ношаръий амаллар қилинади. Шариатда йўқ ишни қилиш савоб эмас, гуноҳ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилган бўлса, у мардуддир», деганлар», дейишади.

Мавлид тарафдорлари: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни эҳтиром қилиш, у зотнинг сийратларини ўрганиш ва ўргатиш ҳамда у зотга салавот айтиш шариатда йўқ, дейиш мутлақо нотўғри гап. Қуръонда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишга амр бор. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам бунга ундаганлар. Катта уламолар бу ишни тўғри деганлар. Улар мавлидга қарши чиқадиганларчалик илмсиз эмаслар», дейишади.

Орадаги низо кучайиб бориб, бир-бирини турли оғир айблар билан айблаш, устиларидан ҳар хил ҳукмлар чиқаришгача етадилар. Гоҳида оғзаки тортишувлар етишмай қолиб, амалий ҳаракатларга киришиб кетилган ҳоллар ҳам бўлган.
 

Мавлидга қарши фикрлардан намуна

Адолат юзасидан ва ҳамма билиб қўйиши учун мавлидга қаршиларнинг гапидан намуна келтирсак, мақсадга мувофиқ бўлар, деб ўйлайман.

Бунинг учун «Сўфийлик мезонлари Қуръон ва Суннат ёғдусида» номли китобни танлаб олдик. Бу китобнинг 277-бетидан «Мавлидлар бидъати» деб номланган мавзу бошланган. Муаллиф аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишнинг аҳамияти ҳақида гапирган, учта оятни далил қилиб келтириб, уларни шарҳлаган ҳамда саҳобаларнинг бу борадаги ишларини мадҳ қилган. Сўфийлар бунга зид иш қилишларини айтган.

Кейин «Мавлидлар динга хилофдир» деб сарлавҳа қўйган ва бунинг бир неча сабаби борлигини таъкидлаган.

«Биринчи жиҳат:

«Мавлидлар қилиш яҳудийлар, насоролар ва бутпарастларнинг одатидир. Улар буни Аллоҳ ва Расулини рози қиладиган амал деб ҳисоблайдилар. Ҳолбуки, бу ишлар ширк, бутпарастлик ва бидъатдир.

«Ахир қилган ёмон амали ўзига зийнатлаб кўрсатилиб, уни гўзал деб билган одам...» (Фотир сураси, 8-оят).

«Айт: «Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми? Улар бу дунё ҳаётидаёқ саъйи-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир» (Каҳф сураси, 103-104-оятлар).

Сўфийлар мазкур бидъатларда насороларга ва бошқаларга тақлид қиладилар ва ўшаларни рози қилишга уринадилар!»

Кейинроқ Жабартий деган одамнинг «Ажойибул-осор» номли китобидан иқтибос келтиради:

«Мавлидлар ва жамиятлар иши бошланиб, французлар одамларга бу ҳақда рухсат берди. Чунки улар бу ишларда шариатдан чиқиш, аёлларнинг тўпланиши, шаҳват ва лағвнинг ортидан эргашиш ва турли ҳаром ишларни кўрган эдилар. Шунинг учун мавлид бошқа қайта тикланган ишлар қатори қайта тикланди».

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳали ўзингиздан олдин ўтганларнинг суннатига қаричма-қарич, зироъма-зироъ эргашасиз. Ҳаттоки улар зоббнинг уясига киришса, сиз ҳам кирасиз», деган ҳадисларини келтиради.

Мулоҳаза:

Ушбу сатрларни ўқиган одам мавлидни фақат бидъатчилар, шариатни оёғости қиладиганлар ўтказади, боз устига, мавлидчилар кофир ва бутпарастларни рози қилиш учун фаолият кўрсатар экан, деган фикрга келади. Бу фикр эгасига қуйидаги саҳиҳ ҳадисни эслатамиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, яҳудийларнинг Ашуро куни рўзасини тутаётганларини кўрдилар ва:

«Бу нима?» дедилар.

«Бу солиҳ кун. Бу Аллоҳ Бану Исроилни душманидан қутқарган кун. Ўшаида Мусо унииг рўзасини тутган», дейишди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман», дедилар ва унииг рўзасини тутдилар, (бошқаларга ҳам) тутишни амр қилдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Шу билан бирга, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишларини нима деб баҳолаш мумкин?» деб сўраймиз. Кейин «Бошқаларга тақлид қилмай, ношаръий ишлар қилмай мавлид ўтказаётганларга нима дейилади?» деб сўраймиз.

«Иккинчи жuҳam:

«Мавлидлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳц васалламнинг суннатлари эмас, саҳобалар ва дастлабки уч аср авлодининг йўли ҳам эмас. Мавлидлар мазкур асрлардан кейин, тўртинчи асрда, зиндиқ фотимийлар томонидан ва еттинчи асрда Шомдаги Малик Музаффар томонидан бидъат ўлароқ ташкил қилинган».

Кейин Али Маҳфуз деган одамдан аввалгига ўхшаш матн нақл қилинади. Бу матнда мавлидлар олтита – мавлидун-Набий, мавлиди Али, мавлиди Фотима, мавлиди Дасан, мавлиди Ҳусайн ва мавлиди ҳалифа эканлиги айтилади.

Мулоҳаза:

Бу бўлимда ҳам бизга умуман бегона гаплар айтилмоқда. Қачондир, кимдир ушбу айтилган нарсаларни қилган бўлиши мумкин. Аммо буни ҳаммага умумийлаштиришга кимнинг ҳаққи бор?

«Учинчи жиҳат:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари мавлидларни билмаганлар. Уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатлари кучли бўлишига қарамай, Аллоҳга мавлид орқали ибодат қилмаганлар!»

Кейин Шотибийнинг бидъат ҳақидаги таърифини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилган бўлса, у мардуддир», деган ҳадисларини келтиради ва шарҳ қилади.

Ниҳоят, хулоса тарзида қуйидагиларни айтади:

«Бас, сўфийларнинг мавлидлари нашавандларнинг дастурхонларидир. Зотан, наша ўсимлигини ўшалар кашф қилганлар. Бу мавлидлар баччавозлик, аёлларни овлаш йиғинларидир!»

Мулоҳаза:

Жоҳиллик ҳам эви билан-да!

Нашани сўфийлар кашф қилгани сўфийларнинг ўзи учун ҳам янгилик бўлса, ажаб эмас.

Сўфийлардан юзлаб, минглаб йил олдиндан нашавандлик қилиб юрган бангиларнинг мағзавасини тоат-ибодатлари ила машҳур бўлган сўфийларнинг устига ағдариш қип-қизил туҳмат-ку!

Сўфийлар мавлид муносабати ила йилда бир ёки икки марта йиғиладилар, холос. Аммо турли хатмлар, зикрлар учун тез-тез йиғилиб турадилар. Уларнинг зикр ҳалқалари ва унинг фазли ҳақида ояту ҳадисда ажойиб қайдлар келган.

Мисоллар:

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида дейди:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар» (41-42-оятлар).

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:

 «Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар – ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир» (35-оят).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон жаннат боғларининг ёнидан ўтсангиз, сайл қилинг», дедилар.

«Жаннат боғлари нимадир?» дейишди.

«Зикр ҳалқалари», дедилар».

Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Хўш, энди айтинг-чи, сўфийларнинг барча йиғинлари, зикр ҳалқалари сиз айтгандек, «нашавандларнинг дастурхони»ми ёки фақат «мавлид»ларми?

Ёки сиз мавлид баҳонасида сўфийларга туҳмат тошларини ёғдирмоқчимисиз?

Ҳолбуки, мавлидлар сўфийларгагина хос бўлган нарса эмас. Қолаверса, нашавандлик, баччавозлик ва хотинбозлик аралашган мавлидларни ўз кўзингиз билан кўриб, гувоҳ бўлганмисиз? Эътиборингиз учун, бундай иш билан шуғулланадиганлар одатда ўз давраларига бегоналарни, ўзларига ўхшамаганларни киритмайдилар...

Демак, бу гапингиз ҳам туҳматдан бошқа нарса эмас.

Ана энди сизга бир савол: агар кимлардир намоз ўқиш бахҳнасида сиз айтган ишлар билан шуғулланиб юрган бўлса, намозни ҳам бидъат ва куфрга чиқарасизми?

Мусулмон холис бўлиши керак. Йўқ, мусулмон холис бўлиши шарт! Диннинг талаби шу!

Гап холислик ҳақида кетар экан, мавлидга қарши бўлганларга яна бир савол: агар кимдир биров динни ниқоб қилиб олиб, бузуқ ишлар билан шуғулланиб юрган бўлса (афсуски, шундай одамлар ҳам бор), динни эмас, ўша бузуқининг ўзини маломат қилиш керак эмасми?

Дин тарихидан хабардор одамлар «Зирор масжиди» воқеасини яхши билишади. Бу ҳақда Қуръони Каримда ҳам оятлар нозил бўлган:

 «Зарар етказиш, куфр, мўминлар орасига тафриқa солиш ва илгари Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очган кимсани кутиб олиш учун масжид қурганлар ҳам бор. Улар: «Биз, албатта, яхшиликдан бошқани ирода қилганимиз йўқ», деб қасам ичарлар. Аллоҳ гувоҳлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир» (Тавба сураси, 107-оят).

Мунофиқлардан ўн иккитаси бошлиқлари бўлмиш кофир Абу Омир Роҳибнинг даъвати ила масжид қурдилар. Лекии хайрли ният билан эмас, Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб эмас, аксинча, «мусулмонлар орасига тафриқа солиш учун», уларга зиён етказиш учун, мунофиқлар йиғиладиган макон бўлиши учун ва кофир бошлиқларини – «Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очган кимсани» кутиб оладиган жой бўлиши учун кўрдилар ушбу масжидни.

Аллоҳ таоло бунинг хабарини билдиргандан сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жосусхона сифатида қурилган ўша масжидни буздириб ташладилар.

Ҳа, масжидни буздириб юбордилар. Лекин ҳамма масжидларни эмас. Айнан ўша Зирор масжидини, куфрга ва фитнага макон бўлиши қасд қилинган, мунофиқларнинг маконига айланган, мусулмонларнинг зиддига ҳизмат қилиши мўлжалланган жосусхонани буздириб ташладилар. Чунки унинг номи «масжид» бўлса ҳам, ўзи аслида жосусхона эди.

У динга эмас, унинг зиддига хизмат қилаётган эди, шунинг учун бузилди, йўқ қилиб юборилди.

Аслида динга оид ҳар бир ишда ҳам энг тўғри йўл шу. Яъни асли солиҳ бўлган амални бир-иккита одамнинг айби туфайли йўққа чиқариш эмас, ўша кимсаларнинг нуқсонини тўғрилаш керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давларида китобат ишлари йўлга қўйилмаган эди. На Қуръон, на тафсир ва на ҳадислар китоб шаклида бор эди. Аммо бугунги кунда Қуръонга ва ҳадисларга оид сон-саноқсиз китоблар мавжуд.

Афсуски, диний мавзудаги баъзи китоблар динга хизмат қилиш ўрнига, унинг илдизига болта ургани, мусулмонларни тўғри йўлдан чалғитиб, уларни залолатга етаклагани ҳам айни ҳақиқат. Лекин эс-ҳуши жойида бўлган ҳеч бир одам «Фалон китобда куфр гаплар ёзилибди, мавзуъ (тўқилган, соҳта) ҳадислар келтирилибди, шаръий ҳукмлар бузиб талқин қилинибди. Шунинг учун умуман ҳар қандай китобни ўтга ташлаш керак. Китоб ёзиш ва ўқиш мутлақо ҳаром. Қолаверса, бу ишлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган...» дея ҳукм чиқармайди. Чунки ғолиб ҳолат эътиборидан, китоблар диннинг ривожи учун хизмат қилишини ҳеч ким инкор эта олмайди.

Мавлидлар ҳақидаги гапларни ҳам, менимча, китоблар борасидаги гапларга таққослаш мумкин.

Энди бу ишни «бидъат» дейиш масаласига келсак, ўша ихтилоф чиқарувчиларга яна савол билан мурожаат қилишга тўғри келади: Хўш, нима қилиш керак?

Мавлид ҳақидаги тортишувларни илм тарозисига солиб, тортса бўладими? Инсоф билан таҳлил қилишнинг иложи борми? Бу масаланинг тарихини ва тафсилотини ўрганиш имкони борми? Ёки бу тортишув фақат жанжал бўлиб қолиши учун юзага чиққанми?

Бунинг учун, менимча, аввало бидъат нималигини англаб етишимиз керак. Англаб етганда ҳам, ҳар ким ўзича эмас, бу масалага катта уламоларнинг таърифлари ва кўрсатмалари асосида назар солмоғимиз лозим.
 

Кейинги мавзу:
Бидъат нима?;
Мавлиднинг ҳукми.