Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Доктор Муҳаммад Ротиб Нобулусий ёзади:
“Агар инсонларнинг энг бахтлиси бўлишни истасангиз, одамларни хурсанд қилинг, уларнинг қалбига шодлик улашинг. Шунда сиз ҳам бахтли бўласиз. Зеро, Роббимизнинг гўзал исмларидан бири “Аш-Шакур” яъни кўп шукр қилувчи бўлиб, У Зот қилинган битта яхшиликка ўнтадан етти юз баробаргача, ҳаттоки ундан кўпроқ ҳам савоб беради.
Инсонларга, ҳайвонот ва наботот оламига қанчалик кўп яхшилик қилсангиз, шунча ўзингизни бахтли ҳис қиласиз. Айниқса, бир қийналган оилага яхшилик қилсангиз, оила аъзоларининг, айниқса ёш болакайларнинг табассуми сизни қанчалик хурсанд қилади.
Бир кам таъминланган оилани биламан. Оила бошлиғи – ота оғир бетоб эди. Юрагини операция қилиш учун катта маблағ талаб қиларди. Ҳар гал уни кўргани уйига борар эканман, оила аъзоларининг ғам-қайғуга ботгани, жажжи болажонларнинг маюс кўзларига гувоҳ бўлардим.
Бир бадавлат одам муолажа пулини тўлаб берди. Муолажа яхши ўтди, оила бошлиғи соғайиб кетди. Зиёрат қилгани борсам, уйдаги ҳолат буткул бошқача, айниқса, болажонлар ниҳоятда хурсанд ва қувноқ эди. Буни кўриб кўзларим қувнаб кетди.
Одамларнинг оғирини енгил қилувчи, уларга далда бўлиб, уларнинг қалбига хурсандчилик киритадиганларнинг Аллоҳ таолонинг ҳузурида мартабаси баланддир.
Агар энг бахтли инсон бўлишни истасангиз, одамларнинг қалбига хурсандчилик киритинг. Шунда Аллоҳ таоло ҳам сизни хурсанд этади. Зеро, Роббимиз – Аш-Шакурдир.
Унутмангки, бахт – мол-дунёнинг кўплигида эмас. Бахт – Аллоҳ билан бўлган алоқангиздир.
Дўстларимдан бири ўзига гувоҳ бўлган ушбу воқеани сўзлаб берган эди. Хизмат сафари билан хориждан ярим кечаси соат 12 ларда уйга қайтар эканман, йўл чеккасида боласини кўтариб йиғлаб ўтирган аёлга кўзим тушди. Уларга яқин бориб, нима бўлгани ҳақида суриштирдим. Аёл фарзанди беморлиги, иситмаси 42га кўтарилганини, турмуш ўртоғи вафот этгани ва яқин таниши йўқ мусофир экани ҳақида айтди. Имкон қадар ёрдам бердим. Бир касалхонадан бошқа шифохонага олиб бордим, бир қанча дорихоналарга югурдим. Ниҳоят болакайнинг иссиғи тушди. Соат эрталабги 5 бўлганди. Бир қийналган одамга ёрдам берганимдан ўзимни ниҳоятда бахтли ҳис қилдим. Гўёки жаннатда юргандек бўлдим.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида эътикофда ўтирардилар. Кўзлари бир тушкунликка тушган кишига тушди. Унинг олдига бориб: “Нега маҳзун кўринасиз?” деб сўрадилар.
У: “Қарзларим кўпайиб кетди, қайтаришга маблағим йўқ, шуни ўйлаб ғамга ботдим”, деди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Мен қарз берган одам билан сенга муҳлат беришини сўраб гаплашиб кўрайми?” дедилар. Ҳалиги киши бошини қимирлатиб, розилик билдирди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу дарҳол ўринларидан туриб, ташқарига чиқдилар. Одамлар: “Эй, ибн Аббос эътикоф ўтирганингиз ёдингиздан чиқдими?” дедилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Йўқ асло унутмадим. Лекин Аллоҳга қасамки бир биродаримнинг ҳожатини осон қилиш, унинг қалбига хурсандчилик киритиш йўлида саъй-ҳаракат қилишим мен учун бир ойлик нафл рўза ва масжидда эътикоф ўтиришдан афзалдир”, дедидар”.
Даврон НУРМУҲАММАД
Aждодларимизнинг қолдирган асарларининг катта қисми араб тилида ёзилгани барчамизга маълум. Араб тили дунё тиллари ичида энг кўп ўрганилган ва ҳануз ўрганилаётган тил ҳисобланади. У луғат бойлиги, қоидаларининг турли-туманлиги, бир сўзни бир неча услубда ишлатиш имкониятларининг кўплиги билан мукаммал тиллар ичида ажралиб туради. Шунингдек, у шеваларининг жуда кўплиги билан ҳам дунёда юқори ўринни эгаллайди.
Бу тил Қуръони карим ва жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиллари бўлгани учун уни ўрганиш усуллари саҳобаи киромлар давридаёқ ишлаб чиқилган. Араб тилини ўрганиш учун луғат, морфология, грамматика, яъни сарф ва наҳв илмлари мукаммал ўрганилади. Шу билан бирга, араб тилида мукаммал гаплашиш ва уни тушуниш учун албатта, балоғат фани қоидаларини яхши билиш керак.
Балоғат илмини таҳсил қилиш орқали Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар маъноларини тўғри тушуниш ва нозик жиҳатларни теран англаш осон кечади. Шунингдек, Қуръони каримнинг фасоҳат ва балоғат эътиборидан мўъжизакорлиги кашф қилинади. Шу боис, Қуръони карим тафсири, ҳадиси шарифлар шарҳи ва бошқа диний илмларни ўрганмоқчи бўлган киши луғат, сарф, наҳв илмлари билан бир қаторда балоғат илмини ҳам пухта эгаллаши лозим. Бу ҳақда Абдурауф Фитрат шундай деган: “Диний ва ижтимоий таълимотимиз Қуръон ва ҳадисларда мавжуд. Қуръон ва ҳадислар эса араб тилидадир. Бинобарин, уларни тушуниш учун араб тилининг сарфу-наҳвини ўрганиш зарур. Лекин бу етарли эмас, Қуръон маъноларини тушунишимиз учун балоғат илмини – баён, бадеъ ва маъоний илмларини ҳам билишимиз лозим.”
Бу илм бошқа фанлардан ўзининг фазилати билан ажралиб туради. Луғат сир-асрорларини очишда ва хазиналарини кашф этишда балоғат илмининг ўрни беқиёсдир. Жоруллоҳ Маҳмуд Замахшарий ўзининг “Кашшоф” номли тафсирининг муқаддимасида шундай дейди: “Тафсир илмига киришган киши Қуръонга хос бўлган илми маъоний ва илми баёнда билимдон бўлса ва бу илмларни пухта ўрганса, тафсирнинг ҳақиқатларига ета олади.”
Шунингдек, Алишер Навоий, Захириддин Муҳаммад Бобур, Лутфий, Фузулий, Умар Ҳайём, Машраб каби мумтоз адабиёт намоёндалари ўз асарларида мажоз, ташбеҳ, истиора, киноя каби балоғат қоидаларидан кенг фойдаланганлар. Буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиб, бошқаларга етказишда балоғат илмининг аҳамияти катта.
Балоғат илмининг тарихи, шаклланиши, тараққиёт босқичлари ва бу илмга ҳисса қўшган уламоларнинг ҳаёти ҳамда асарларини ўрганиш бугунги кунда муҳим вазифалардан биридир. Араб тилининг балоғат ва бадеъ илмларини ўрганиш орқали кишида бу фанларга нисбатан қизиқиш ва мукаммал билим шаклланади. Балоғат фанини чуқур ўзлаштириш орқали фақат араб тилида эмас, балки ўзбек тилида ёзилган мумтоз адабиётимиз сирларини ҳам англаш мумкин бўлади.
Абдулқаюм Турдалиев,
Тошкент Ислом институти талабаси.