Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Учинчи фойда: Қайғулар бахтнинг, хурсандчиликнинг нақадар буюк неъмат эканини ёдингизга солади.
Ким қайғунинг аччиқ шаробидан тотиб кўрган бўлса, бахтли онларининг қиймати нақадар улканлигини ҳис қилади. Ҳаётингизда бирор марта ғам-қайғу чекмаган бўлсангиз, бахт нималигини, унинг қадрини ҳеч қачон билмаган бўлардингиз.
Бахт, шодлик, қувонч – Аллоҳ таоло берган бир ҳадядир. Ёш гўдакни ўйнатсангиз, беғуборлик билан қиқирлаб кулади. Билингки, ҳали ақли кирмаган шу гўдакни ҳам Аллоҳ кулдиряпти. “Мен унга ёқяпман, шунинг учун куляпти”, дейишингиз мумкин. Лекин бу гўдакни сиз ҳам, сизнинг ёқимли хатти-ҳаракатларингиз ҳам кулдиргани йўқ. Гўдакка қизиқишни ҳам, бунинг натижасида пайдо бўлган кулгини ҳам Роббимиз илҳом қилади. Агар Аллоҳ уни хафа қиладиган нарсалар ҳақида ақл юритиб, ўйлайдиган қилиб қўйганида, сизнинг бу ҳаракатларингиз уни кулдира олмаган бўлар эди.
Бир қиз айтади:
«Отам бизга кулдириб қўйгани учун ҳам Аллоҳга шукр қилишни ўргатганлар. Ҳа, бизга кулги неъматини берган Роббимизга шукрона айтамиз. Оилавий йиғинларимизда кўпинча ҳазил-мутойиба қилар эдик, айниқса ухлашдан олдин роса кулишардик. Эрта тонгда эса отам: «Бизни шу оддий нарсалар билан хурсанд қилиб, кулдириб қўйгани учун Аллоҳга шукр қилинглар!» дер эдилар. Бу сўзларни отамдан жуда кўп йиллар эшитиб юрдик: «Кулдириб қўйган Роббимизга шукр келтирайлик!».
Бизни кулдириб, хурсанд қилиб, бунинг ҳаловатини ҳис эттирган ва бунинг қанчалар улуғ неъмат эканини билдириб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Хусусан, қайғу ва тушкунлик кенг илдиз отган бугунги замонда бу неъматлар учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!»
Бошқа бир қиз ёзади:
«Бошланғич синфда ўқиётган пайтларимда бувим чақалоқларни ўйнатиб ўтирардилар. Чақалоқ кулса, унга қараб, «Сени кулдирган Зот бунчалар улуғ-а? Хоҳласа, йиғлатиб ҳам қўяди-ку», дер эдилар. Бувим кулаётган чақалоқни кўрсалар, унинг онасига: «Болангизни кулдирган Роббингизга шукр қилинг! Агар хоҳласа, уни чақиб йиғлатадиган кичик ҳашаротни юбориб қўярди», дердилар.
Бувим шу йўл билан менга кулги ва қувонч неъматини қадрлашни, уларни ҳис этишни ўргатган эдилар. Улғайганимдан кейин чақалоқларнинг йиғлашини, кулишини кузатиб, бахт ва кулги ҳам Аллоҳнинг мўъжизалари, буюклигига далолат қиладиган белгилари эканини тушуниб етдим. Афсуски, жуда кўпчилик бундан бехабар. Улар бахтни бошқа ерлардан излаб юришибди. Сизни кулдираётган нарса кулгили латифа эмас, сизни хурсанд қилаётган нарса ҳазилкаш дугона эмас, кулгингизга сабаб бўлаётган нарса кулгили сурат ҳам эмас. Буларнинг барчаси арзимас сабаблар, холос. Қодир Аллоҳ сизнинг хурсанд бўлишингизга, кулишингизга изн бермаса, табассум қилишга ҳеч қандай куч топа олмайсиз. Шунинг учун бахтни, қувончни ўз Эгасидан – Аллоҳдан сўранг. Ҳар кулганингизда Роббингизга шукрлар айтинг. Агар шукр қилсангиз, У Зот неъматини албатта зиёда қилади. Бувим ўзлари билмаган ҳолда мени бунга одатлантириб қўйган эканлар».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги «Зомин» жоме масжидида диний соҳа ходимлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сирдарё вилояти вакиллиги раҳбарияти, туман ва шаҳар бош имом-хатиблари, ҳудуд масжидлари имомлари, отинойилар, «Ҳаж» зиёратчилари ҳамда МФЙ раислари қатнашди.
Учрашувда юрт тинчлигини асраш, ёш авлодни миллий ва диний қадриятлар руҳида тарбиялаш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда нохуш ҳолатларнинг олдини олиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбир доирасида амалий саъй-ҳаракатлар ҳам олиб борилди:
Имом-хатиблар ва отинойилар маҳаллалардаги эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар хонадонларига ташриф буюрдилар.
Жараёнда жами 112 та хонадон (имом-хатиблар томонидан 83 та, отинойилар томонидан 29 та оила) ҳолидан хабар олиниб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди.
Фуқароларга маънавий-маърифий далда берилиб, зарур амалий ёрдамлар кўрсатилди.
ЎМИ Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати