Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарда туриб дедилар: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким одамларга раҳмат айтмаса, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди. Аллоҳнинг неъматларини гапириш шукрдир, уни тарк қилиш ношукрликдир. Жамоат раҳматдир, тарқоқлик азобдир” (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривояти).
“Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди”. Шунинг учун седанадек арзимаган нарса берган кишига ҳам раҳмат айтиш лозим.
“Ким одамларга раҳмат айтмаса, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди”. Яъни одамларнинг яхшилиги, эҳсонига раҳмат айтиш, миннатдорлик билдириш кимнинг табиати ва одатида бўлмаса, Аллоҳнинг неъматларига ҳам шукр қилмайди.
Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).
Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш, Уни улуғлаш, Унинг беҳисоб неъматлари эътирофи, шукронасидир.
“Аллоҳнинг неъматларини гапириш шукрдир...”. Яъни Аллоҳнинг неъматларини билдириш уларга шукр қилишдандир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Раббингизнинг (сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!” (Зуҳо сураси, 11-оят).
Шукр уч хил бўлади:
◥ тил шукри – неъматни гапириш билан;
◥ аъзолар шукри – хизмат қилиш, ибодат қилиш билан;
◥ қалб шукри – барча неъматлар Аллоҳ таолодан эканини эътироф қилиш билан.
“...уни тарк қилиш ношукрликдир”. Яъни неъматларни гапирмаслик, бекитиш ношукрликдир. Ориф зотлардан бири дейди: «Неъматларни сўзлаш уларни берувчи Аллоҳни эслаш, бошқаларга эслатишдир. Бу эса, қалбларда У Зотга муҳаббат пайдо қилади. Акс ҳолда, бекитиш афзалдир.
“Жамоат раҳматдир, тарқоқлик азобдир”. Яъни мусулмонларнинг жам бўлиши, бирдам, якдил бўлиши Аллоҳ таолодан раҳматдир, савоб ва яхшиликларнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Абу Нуъайм раҳимаҳуллоҳ “Ҳилятул авлиё” китобида Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳдан нақл қилади: “Пайғамбарлардан бири Аллоҳ таолодан Балъам ибн Боуронинг унга берилган мўъжиза ва кароматлардан маҳрум бўлиши сабабини сўради. Шунда Аллоҳ таоло деди: “У бир куни Мен берган неъматга шукр қилмади. Агар у бир мартагина шукр қилганида эди, ундан неъматимни олиб қўймас эдим”.
Бизга берилган неъматлар шу қадар кўп ва турли-тумандир. Лекин кўпчилигимиз неъматларга кўмилиб яшасак-да, ҳолимиздан нолиймиз. Ҳолбуки, улар ҳақида озгина фикр юритиб, уларни берган Зотга: “Буларнинг барчаси Сенинг улуғ фазлингдан, берган неъматларингга розимиз”, деб иқрор бўлишимиз лозим.
Мансур ЎРАЛОВ,
Сирғали туманидаги “Нўғай қурғон”
жоме масжиди имом-хатиби
Бугун, 9 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Индонезиянинг Ҳаж ва умра ишлари вазири Муҳаммад Ирфон Юсуф ҳамда мамлакатимиздаги элчиси Сити Руҳаини Жуҳаятин бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Диний идора раиси ўринбосари, "Вақф" хайрия жамоат фонди раиси Зайниддин домла Эшонқулов ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Суҳбат аввалида икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳамкорлик муносабатлари юқори даражага кўтарилгани таъкидланиб, меҳмонлар Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси ёнида янги барпо этилган "Ҳадис" меҳмонхонаси очилиши билан қутланди. Шунингдек, делегацияга юртимиздаги диний-маърифий ислоҳотлар, Диний идора, Уламолар Кенгаши ва Фатво маркази фаолияти ҳақида сўзлаб берилди.
Мулоқот давомида XIV аср охири XV аср бошларида Индонезияда Ислом маърифати ёйилишига ҳисса қўшган Иброҳим Самарқандий ва бошқа уламолар мероси халқларимизни чамбарчас боғлаб туриши қайд этилди. Яқин ўтмишда Индонезиянинг биринчи Президенти Аҳмад Сукарнонинг Самарқанддаги Имом Бухорий қабрини зиёрат қилгани илиқ хотирланди.
Учрашувда Ҳаж ва Умра сафарларини юқори савияда ташкил этиш ҳамда бу борадаги илғор тажрибаларни алмашиш масалалари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, Ислом молияси ва банк иши йўналишида мутахассислар тайёрлаш, юртимиздаги "Вақф" хайрия жамоат фонди ва Индонезия вақф ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Якунда мазкур ташаббус ва таклифларни ҳаётга татбиқ этиш учун масъуллар белгиланди. Меҳмонларга эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати