Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Оёқлар ораси тўрт бармоқ кенглигида очилади

18.09.2024   5498   2 min.
Оёқлар ораси тўрт бармоқ кенглигида очилади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Намозхон қиём ҳолатида қиблага юзланган, қадди тик, қўллари икки ёнга туширилган, иккала оёқларининг ораси тўрт бармоқ кенглигида очилган бўлади.

Намозда қиёмда турганда оёқлар ораси қандай ҳолатда туриши ҳақида Абдурраҳмон ал-Жузайрий раҳимаҳуллоҳ “ал-Фиқҳ ъала-л-мазоҳиб ал-арбаъа” асарида қуйидагиларни ёзган: “Қиём ҳолатида икки оёқни очиш миқдори жуда яқин ҳам, жуда узоқ ҳам бўлмаслиги керак. Фақат семизлик, тўлалик, барвасталик ва шунга ўхшаш узр билан бўлса, жоиз. Мазҳабларда унинг миқдори борасида ихтилофлар

Ҳанафийлар икки оёқ орасини тўрт бармоқ миқдори очиш деб белгилаганлар. Ундан ортиқ ёки кам бўлса, макруҳ бўлади.

Шофеъийлар эса бир қарич деб белгилаганлар. Улар ораси бундан қисқа ёки ортиқ очилса, макруҳ бўлади. Худди бу бир оёқ олдинроқда, бириси орқароқда тургандек макруҳ бўлади.

Моликийлар икки оёқ орасини очишни суннат эмас, балки мандуб бўлади, дейдилар. Улар фикрича, икки оёқ ораси бир-бирига теккизилган ёки жуда очилган ҳолатда эмас, балки урфда ёмон кўрилмайдиган ҳолатдаги ўртача очилиши керак.

Ҳанбалийларнинг фикрлари ҳам моликийлар сингаридир, фақат улар мандуб ёки суннат деб белгилаган эмаслар» (Абдурраҳмон ал-Жузайрий. ал-Фиқҳ ъала-л-мазоҳиб ал-арбаъа. Ж. 1. – Б. 202).

Бу масала бўйича доктор Ваҳба Зуҳайлий «Ал Фиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу» (Ислом фиқҳи ва унинг далиллари) номли китобида (Ж. 1. – Б. 695) қуйидагиларни ёзади:

Ҳанафийлар айтадилар: “Қиёмда икки оёқ орасини тўрт энлик миқдорича очиб туриш суннатдир. Чунки бу хушуъга яқинроқдир”

Шофеъийлар айтадилар: “Икки оёқ ораси бир қарич
миқдорида очилади”

Моликий ва ҳанбалийлар айтадилар: “Икки оёқнинг орасини очиш мандубдир. Ўртача ҳолатда бўлсин. Иккисини бир-бирига қўшиб олмасин ёки жуда кенгайтириб, урфда нохуш саналадиган бўлмасин”.

Демак, тўрт мазҳабнинг фиқҳий қарашларига кўра намозда қиёмда турганда икки оёқ ораси жуда катта очилган бўлмаслиги, урфда ва одамлар назарида ғайритабиий кўринмаслиги даркор. Шунинг учун ҳам, намозларда икки оёқларини кериб, кенг очиб туриш ҳолати намоз борасидаги диний анъанага тўғри келмагани боис эриш туюлади.

“Суннатга мувофиқ намоз ўқинг” китобидан олинди.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Анжуман қатнашчилари Ислом цивилизацияси марказига саёҳат қилишди

20.08.2026   47605   1 min.
Анжуман қатнашчилари Ислом цивилизацияси марказига саёҳат қилишди

Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.

Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.

Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.

Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.

Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.

Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари