Ислом фақат диний аҳкомлардангина иборат бўлган дин эмас, балки у жамият маънавияти ва маърифатини шакллантирувчи ҳамда камолга етказувчи, жумладан, унинг ижтимоий-сиёсий, руҳий-маънавий талабларини қондирувчи таълимотдир. Аммо исломий арконларнинг ижроси баробарида инсон диний илмсизлик сабабли, кўпгина муаммоларга дуч келиши табиий ҳолдир. Мана шу муаммолардан бири мутаассиблик ва динда чуқур кетишдир.
Аллоҳ таоло айтади:
فَاتَّقُوا اللَّهَ مَا اسْتَطَعْتُمْ وَاسْمَعُوا وَأَطِيعُوا وَأَنْفِقُوا خَيْرًا لِأَنْفُسِكُمْ ۗ وَمَنْ يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُولَٰئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
“Аллоҳга қўлингиздан келганича тақво қилинг ва (амрини) тингланг ва итоат қилинг ва инфоқ қилинг – ўзингизга яхши бўлади. Ва кимки нафсининг қизғанчиқлигидан сақланса, ана ўшалар нажот топувчилардир” – Тағобун сураси 16-оят.
Шариатимиз диний мутаассибликка ва динга чуқур берилишга доимо қарши бўлган. Муқаддас динимизнинг асл манбалари ҳисобланган Қуръондаги ояти карималар ва Суннадаги ҳадиси шарифларда диндаги бу бидъатлар қаттиқ қораланган. Чунки бу икки иллат турли замонларда ҳар хил номлар остида динимизга тасвирлаб бўлмас даражада зарар етказган, бу ҳол ҳозир ҳам ҳар хил жарангдор номлар ва шиорлар остида давом этмоқда.
Хўш, диний мутаассиблик, динда чуқур кетишнинг ўзи нима? Динимизнинг мазкур икки иллатга муносабати қандай?
Мутаассиблик — унинг луғавий маъноси бирон эътиқодга ёки дунёқарашга ўта берилганлик, ўз фикрида қатъий туриб олиб, бошқаларнинг фикрини инобатга олмаслик ҳамда инкор қилиш ва ҳамиша ўзини ҳақ деб билишдир. Ҳозирги вақтда бу “фанатизм” ҳам дейилади. Мутаассиб (фанат) киши кўр-кўрона хоҳ тўғри, хоҳ нотўғри бўлсин, ўзига маъқул бўлган бир фикрда маҳкам туриб, ўзининг фикрини ҳақ, бошқаларнинг фикрини эса ноҳақ деб эътиқод қилган ҳолда ўз фикрини амалда кўрсатишга ҳаракат қилади.
Динда ғулу (ғулув) кетиш — “динда чуқур кетиш, диний арконлар ва ибодатларни бажаришда ҳаддидан ошиш, тўғри йўлдан оғиб, нотўғри йўлга бурилиш” маъноларини англатади.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис бунинг далилидир: ‘Бани Асад қабиласига мансуб бир аёл ҳузуримда ўтирган эди. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кириб келиб: “Бу аёл ким — деб сўрадилар. “Бу ўша, кечаси ухламай намоз ўқиб чиқадиган аёл”, — дедим. Сўнг, мазкур аёлнинг кўп намоз ўқиши ҳақида сўзлашдик, Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бундай қилманглар, солиҳ амалларни қурбингиз етганича aдo этинглар, қанча ибодат қилсангиз ҳам Аллоҳ таолога малол келмайди-ю, бироқ , ўзингизга малол келиб қолмасин! — дедилар. Ҳадисдан маълум бўладики, ҳар бир инсонга динда чуқур кетишдан ёхуд мутаассибона биронта фарз қилинмаган амални ўзига вожиб қилиб олиб, сўнг бажаролмайдиган ҳолатга тушиб қолгандан кўра, мўътадиллик, яъни васатийлик йўлини танлаб солиҳ амалларда мудом бўлиши аълороқ ва яхшироқ экан. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ҳадис орқали динда чуқур кетишнинг оқибати яхши бўлмаслигини маълум қилиб, ибодатга оид амаллардан тоқат етадиганини олишга буюрганлар. Жумладан, ибодатларнинг шартларини бажаришда ҳам ғулу кетиш динимизда қаттиқ қораланади. Масалан, таҳорат ва ғуслда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида кўрсатилган меъёрдан ортиқ сув ишлатишни уламоларимизнинг айримлари “исроф” деса, баъзилари “ғулу”нинг бир кўриниши деб ҳам айтганлар. Шунингдек, ғулу амали инсоннинг еб-ичиши, кийиниши ва ҳатто кафанланишида ҳам мавжуддир. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: (Маййитни) кафанлашда ҳаддингиздан ошманглар , — деб буюрганлар.
Аслида, Аллоҳ таборака ва таоло томонидан нозил қилинган муқаддас динимиз — Исломнинг асосини ташкил қилган амаллар бандаларнинг тоқатидан келиб чиққан ҳолда фарз қилинган, яъни мўътадиллик ва бағрикенгликка асослангандир.
http://oliymahad.uz/43342
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ