Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
1. Жума учун ғусл қилиш.
عَنْ حَفْصَةَ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «عَلَى كُلِّ مُحْتَلِمٍ رَوَاحٌ إِلَى الْجُمُعَةِ، وَعَلَى كُلِّ مَنْ رَاحَ إِلَى الْجُمُعَةِ الْغُسْلُ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.
Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир эҳтилом бўлувчига жумага бориш лозимдир. Ҳар бир жумага борувчига ғусл лозимдир», дедилар». Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.
Афзали – намозга яқин қолганда ғусл қилиш. Аслида ўша куннинг тонги отганида қилса ҳам бўлади.
2. Хушбўй нарсалар суртиш.
3. Чиройли кийимлар кийиш.
عَنْ سَلْمَانَ الْفَارِسِيِّ جَابِرِ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يَغْتَسِلُ رَجُلٌ يَوْمَ الْجُمُعَةِ وَيَتَطَهَّرُ مَا اسْتَطَاعَ مِنْ طُهْرٍ، وَيَدَّهِنُ مِنْ دُهْنِهِ، أَوْ يَمَسُّ مِنْ طِيبِ بَيْتِهِ، ثُمَّ يَخْرُجُ فَلَا يُفَرِّقُ بَيْنَ اثْنَيْنِ، ثُمَّ يُصَلِّي مَا كُتِبَ لَهُ، ثُمَّ يُنْصِتُ إِذَا تَكَلَّمَ الْإِمَامُ، إِلَّا غُفِرَ لَهُ مَا بَيْنَهُ وَبَيْنَ الْجُمُعَةِ الْأُخْرَى». قَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ: وَزِيَادَةُ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ، وَيَقُولُ: إِنَّ الْحَسَنَةَ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ. وَأَبُو دَاوُدَ بِلَفْظِ: «مَنِ اغْتَسَلَ يَوْمَ الْجُمُعَةِ، وَلَبِسَ مِنْ أَحْسَنِ ثِيَابِهِ، وَمَسَّ مِنْ طِيبٍ إِنْ كَانَ عِنْدَهُ، ثُمَّ أَتَى الْجُمُعَةَ فَلَمْ يَتَخَطَّ أَعْنَاقَ النَّاسِ، ثُمَّ صَلَّى مَا كَتَبَ اللهُ لَهُ، ثُمَّ أَنْصَتَ إِذَا خَرَجَ إِمَامُهُ حَتَّى يَفْرُغَ مِنْ صَلَاتِهِ، كَانَتْ كَفَّارَةً لِمَا بَيْنَهَا وَبَيْنَ جُمُعَتِهِ الَّتِي قَبْلَهَا».
Салмони Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор киши жума куни ғусл қилса, имкон қадар тозаланса, (соч-соқолини) мой билан мойласа ёки уйидаги хушбўй нарсадан суриб, сўнг (масжидга) чиқса ва икки кишининг ўртасидан оралаб ўтмаса, сўнгра насиб қилинганича намоз ўқиса, кейин имом сўзлаганда жим қулоқ солса, унинг бу (жума) билан нариги жума орасидагилари (гуноҳлари) албатта мағфират қилинади», дедилар».
Абу Ҳурайра: «Уч кун зиёдаси билан. Чунки ҳар бир яхшилик ўн мислга кўпайтирилур», деди». Икки шайх ривоят қилишган.
Абу Довуднинг лафзида:
«Ким жума куни ғусл қилиб, энг яхши либосларидан кийса, агар хушбўй нарсаси бўлса, ундан суртса, сўнгра жумага бориб, одамларнинг елкасига туртмаса, кейин Аллоҳ унга битган намозни ўқиса, имоми чиқса, у намозидан фориғ бўлгунча қулоқ осса, бу (жума) билан ундан олдинги жума орасидаги нарсага каффорот бўлади», дейилган.
4. Жумага виқор ва сакина билан эрта бориш.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ جَابِرِ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنِ اغْتَسَلَ يَوْمَ الْجُمُعَةِ غُسْلَ الْجَنَابَةِ، ثُمَّ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الْأُوْلَى فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ بَدَنَةً، وَمَنْ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الثَّانِيَةِ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ بَقَرَةً، وَمَنْ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الثَّالِثَةِ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ كَبْشًا أَقْرَنَ، وَمَنْ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الرَّابِعَةِ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ دَجَاجَةً، وَمَنْ رَاحَ فِي السَّاعَةِ الْخَامِسَةِ فَكَأَنَّمَا قَرَّبَ بَيْضَةً، فَإِذَا خَرَجَ الْإِمَامُ حَضَرَتِ الْمَلَائِكَةُ يَسْتَمِعُونَ الذِّكْرَ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни жанобат ғуслини қилса, сўнгра биринчи вақтда борса, худди (Аллоҳга) битта туя сўйгандек бўлади. Ким иккинчи вақтда борса, худди битта сигир сўйгандек бўлади. Ким учинчи вақтда борса, худди битта шохдор қўчқор сўйгандек бўлади. Ким тўртинчи вақтда борса, худди битта товуқ сўйгандек, ким бешинчи вақтда борса, худди бир тухум атагандек бўлади. Имом (минбарга) чиққанда эса фаришталар зикр(хутба)ни эшитишга ҳозир бўладилар», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Илмга қизиқиш, аввало, манбага мурожаат қилишдан бошланади. Тарихни чуқур англаш эса уни китоб, қўлёзма ва ишончли илмий манбалар орқали ўрганишни талаб этади. Янги ўқув йилини янги билим ва катта мақсадлар билан бошлаган Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 1 босқич талабалари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Талабалар ташрифни, дастлаб Марказнинг кутубхонаси билан танишишдан бошлади.
Бу ерда улар илмий изланиш учун муҳим бўлган адабиётлар, тарихий манбалар ва турли йўналишлардаги илмий нашрлар билан танишди. Кутубхона нафақат китоблар жамланган маскан, балки тадқиқотчи учун зарур бўлган билим ва манбаларни бир жойга жамловчи муҳим илмий-маърифий макон сифатида намоён бўлди.
Айниқса, ислом тарихи, маданияти, илм-фани ва аждодларимизнинг илмий меросини ўрганаётган ёшлар учун бундай муҳитнинг аҳамияти катта. Чунки аудиторияда ўрганилган билимни мустаҳкамлаш, мавзу бўйича қўшимча маълумот излаш ва илмий изланиш олиб боришда манба билан ишлаш кўникмаси муҳим ўрин тутади.
Мазкур ташриф ёшлар учун навбатдаги экскурсия эмас, балки тарих, илм-фан ва миллий ўзлик билан бевосита юзма-юз келиш имконини берган муҳим маърифий учрашув бўлди.
Институтнинг бўлажак исломшунослари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Марказнинг бой экспозициялари орқали Ўзбекистон ҳудудида қадимдан шаклланган цивилизация жараёнлари, ислом маданиятининг ривожланиши, буюк алломаларимизнинг илмий мероси ҳамда аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссаси билан яқиндан танишдилар.
Марказнинг Исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, илм-фан ва маърифат тараққиётига бағишланган экспозициялари талабалар эътиборини тортди.
Тарихий манбалар, ноёб қўлёзмалар, қадимий ашёлар ва замонавий музей технологиялари уйғунлиги орқали намойиш этилган маълумотлар ёшларнинг ўтмиш ҳақидаги тасаввурларини янада бойитди.
Бу ерда улар Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий каби буюк аждодларимизнинг илмий ва маънавий мероси билан боғлиқ маълумотларни кўздан кечирдилар.
Айниқса, бир вақтлар шу заминларда яратилган илмий кашфиётлар бугунги замонавий фанларнинг шаклланишида қандай аҳамият касб этгани талабалар учун қизиқарли бўлди.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олаётган ёшлар учун бундай масканнинг аҳамияти, табиийки, янада катта. Чунки улар ўзлари ўрганаётган диний-илмий мероснинг тарихий илдизларини нафақат китоблардан, балки Марказ экспозицияларида бевосита кўриш имконига эга бўлдилар.
Талабаларнинг фикрича, Марказдаги энг муҳим жиҳатлардан бири — тарихнинг оддий саналар ва воқеалар кетма-кетлиги сифатида эмас, балки илм-фан, тафаккур ва инсоният тараққиёти билан боғлиқ яхлит жараён сифатида намойиш этилганидир.
“Бу ерда аждодларимизнинг илм-фанга қўшган ҳиссасини кўриб, улар билан фахрланиш туйғуси янада кучайди. Айниқса, ислом дини ривожи билан бирга илм-маърифат ҳам юксалиб борганини кўриш биз учун жуда катта таассурот қолдирди”, — дейди институтнинг 1-босқич талабаларидан бири.
Ёшлар Марказнинг кутубхона фаолияти билан ҳам танишдилар. Бу ерда жамланган илмий адабиётлар, тарихий манбалар ва тадқиқотлар бўлажак мутахассисларнинг келгусидаги таълим ва илмий изланишлари учун муҳим манба бўлиши таъкидланди.
Ташриф давомида талабалар учун Марказнинг фақат тарихий меросни намойиш этувчи маскан эмас, балки илмий изланиш, маърифат ва замонавий тафаккур уйғунлашган муҳим платформа эканлиги янада яққол намоён бўлди.
Талабалар Марказ билан танишиш жараёнида ўзлари таҳсил олаётган соҳа — исломшуносликнинг қанчалик катта илмий мерос ва тарихий масъулият билан боғлиқлигини ҳам чуқурроқ ҳис этдилар.
Шу маънода, янги ўқув йилининг дастлабки кунларида ташкил этилган мазкур ташриф талабалар учун янги билимлар сари ташланган муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидаги ушбу маърифий ташриф эса бўлажак исломшунослар учун янги ўқув йилини тарих сабоқлари, илмга қизиқиш ва катта мақсадлар билан бошлашга хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати