Шу йил 18-19 сентябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин домла Шерхонов, бўлим ходими Абдуносир Бобомирзаев ва “Қуръони Карим ва тажвид”ни ўргатиш бўлими мудири ўринбосари Фозилжон Бабажановлар Бухоро вилоятидаги диний таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан танишиш, ўқитувчи ва талабалар билан очиқ мулоқот ўтказиш мақсадида Мир Араб олий ва ўрта махсус мадрасалари ва “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ислом таълим муассасасида бўлди.
Ташриф давомида соҳа масъуллари ўқитувчи ва талабалар билан очиқ мулоқотда янги ўқув йилига тайёргарлик жараёни, ислом динини ёшлар онгига тўғри етказа олиш, ижтимоий тармоқлардан мақсадли фойдаланиш, янги ислоҳотларни таълим жараёнида бирга олиб бориш тўғрисида фикр-мулоҳаза алмашилди. Шунингдек, таъли муассасаларида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишилди. Ўқитувчи ва ходимларнинг таълим жараёнини яхшилаш мақсадида таклифларини инобатга олиб, амалий ёрдам кўрсатиш айтиб ўтилди. Таълим муассасалари олдида турган масъулиятли вазифаларни самарали амалга ошириш учун керакли кўрсатмалар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати