Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мўмин (иймонли) бўлмагунингизча жаннатга кирмайсизлар, бир-бирларингизни яхши кўрмагунингизча мўмин (иймонли) бўлмайсизлар. Ўзаро бир-бирингизни яхши кўришингизга сабаб бўладиган ишни айтайми? Орангизда саломни ёйинглар!» (Имом Муслим «Саҳиҳ»ида ривоят қилган).
Жаннатга кириш шарти иймонли бўлишдир. Ҳадисдаги: “Мўмин (иймонли) бўлмайсизлар” жумласидан мурод “комил иймонли” бўлмайсизлардир. Ҳар бир мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амрларига амал қилиши лозим.
Салом мусулмоннинг бошқа мусулмонларга нисбатан қалбидаги муҳаббатнинг тасдиғидир. Салом бериш билан инсон қаршисидаги кишига хотиржамлик улашади. Чунки “Ассалому алайкум” дейиш тинчлик, саломатлик тилашдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзида саҳобаларига савол бериб, баъзида улардан жавобини сўрардилар, баъзан аксинча бўларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу тарзда саҳобалар қалбларида Ислом аҳкомлари ва одобларини мустаҳкам ўрнатганлар.
Шунингдек, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга салом беришнинг одоблари ва тартибларини ҳам ўргатганлар: уловдаги пиёдага; ёлғиз киши кўпчиликка; ёш катталарга салом беради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кичик каттага, ўтиб кетаётган ўтирганга, камчилик кўпчиликка салом беради”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти). Биринчи бўлиб салом бериш кишининг яхшилиги, қалби поклиги белгисидир.
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмон биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиши ҳалол эмас. Учрашганларида униси ҳам, буниси ҳам юз ўгириб кетади. Уларнинг яхшиси биринчи салом берганидир” (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «У зот ўтирган бир неча одамлар олдига келиб: “Сизларнинг яхшингиз ва ёмонингиз кимлигини айтайми?” дедилар. Улар ҳеч нима дейишмади. У зот саволларини уч марта такрорладилар. Шунда бир киши: “Ҳа, ё Расулуллоҳ, яхшимиз ва ёмонимиз кимлигини айтинг”, деди. У зот: “Яхшингиз яхшилиги умид қилинадиган, ёмонлигидан қўрқилмайдиган кишидир. Ёмонингиз эса яхшилиги умид қилинмайдиган, ёмонлигидан қўрқиладиган кишидир”, дедилар» (Имом Термизий “Сунан”ида ривоят қилган).
Манбалар асосида
Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов Тошкент ислом институти талаба- ёшлари билан мулоқот ўтказди. Учрашувни институт ректори Уйғун Ғафуров очиб, мазкур тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Бу каби мулоқотлар барча диний таълим муассаларида ташкил этилиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида ўтган Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилгани таъкидлаб ўтилди.
Тадбирда Зайниддин Эшонқулов ёшларга ўзининг ҳаётий, илмий ва касбий тажрибаларини сўзлаб берди. Маърузада Диний идора тизимидаги ташкилотлар ва таълим муассасаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фаолият йўналишлари ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди.
Зайниддин домла диний-маърифий фаолиятда илм ва маърифатнинг ўрни, кадрларнинг ватанпарварлик ва ахлоқий тарбияси ва турли ёт ғоялардан маънавий иммунитетнинг шакллангани ҳақида ўз фикр ва тавсияларини билдирди.
Нотиқ ўз сўзи давомида талаба-ёшларни сабр-тоқат ва қатъий интизом билан илм олишга даъват этди. Шунингдек, ихлосли бўлиш ва устозларни эҳтиром қилиш муваффақият калити эканини таъкидлади.
Етук имом-хатиб бўлиш учун доимий равишда ўзи устида ишлаш ҳамда билим ва тажрибаларини ошириб бориши лозимлиги ҳақида қимматли маслаҳатлар берди.
Ана шундай тадбирлар ёшларнинг илм олиши ва келгусидаги касбий фаолиятини муваффақиятли амалга оширишига хизмат қилади, раҳбар ходимлар эса улар учун ҳаётий намуна бўлади, иншоаллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати