Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Сентябр, 2026   |   5 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:44
Қуёш
06:04
Пешин
12:18
Аср
16:41
Шом
18:35
Хуфтон
19:51
Bismillah
16 Сентябр, 2026, 5 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Ким динни маҳкам тутса...

23.09.2024   7499   3 min.
Ким динни маҳкам тутса...

Ким динни маҳкам тутса, қадри юксалади, ким ҳаққа интилса, фахру иззати мукаммал бўлади. 
 

Изоҳ: Аллоҳнинг Каломида бундай оят бор: “Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро) Ҳақ Йўл залолатдан ажраб бўлди. Бас, ким шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир” (Бақара сураси, 256-оят). Ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқа – диндир. “Албатта Аллоҳ наздидаги (мақбул бўладиган) дин Ислом динидир” (Оли Имрон сураси, 19-оят), – дейди Аллоҳ таоло яна бир оятида. Ростгўйлик, ҳалимлик, ҳушёрлик, закийлик, камгаплик, соддадиллик, мардлик, шижоат, ҳаё каби феъллар инсонни виқорли қилади. Шунинг учун ҳам шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирган инсон салобатли кўринади. Динни маҳкам ушлаган кишининг қадри юксалиши шундан. Чунки у мудом Ҳаққа юзланган, демак, юксаклик сари интилган бўлади. Бу мукаммал фахрга лойиқ интилишдир. 
 

Агар сизга бир инсон яхшилик қили­шингиздан олдин раҳмат айтса, унинг орзусини рўёбга чиқаринг. Шунда унинг бошланган ишини охирига етказиб қўй­ган бўласиз.
 

Изоҳ: Агар кимдир сиздан умидвор бўлиб, ҳали қилмаган ишингиз учун раҳмат айтса, умидини сўндирманг, истагини бажо қилинг. Шунда раҳмат билан бошланган иш раҳмат билан ниҳоясига етган бўлади. Сизга ҳожати тушган одамнинг олдиндан билдирган миннатдорлиги сиз билан унинг ўртасида умумий хайрни пайдо қилади. У сабаб бошланган хайрни тўла-тўкис қилиб қўйиш энди сизнинг зиммангизда!
 

Мусибатга куюниш ҳам мусибатдир


Изоҳ: Мусибат ўз номи билан мусибатдир. Тақдирнинг зарбаларини хотиржам ва совуққон кутиб олувчи инсон камдан-кам топилади. Бир тоифа кишилар бу зарбалардан гангиб, аста-секин ўзига келади. Яна бир тоифа эса бошига тушган мусибатни каттартириб, ўзи унинг тагида қолиб кетади. Бу жуда аянчли ҳолат, бошга тушган мусибатдан кўра ҳам аянчлироқ ҳолат! Нега? Сабаби, ҳар қандай яхшию ёмон ишни Аллоҳдан деб билмоқ ва унга рози бўлмоқ мусулмон кишининг эътиқодидир. Демак, бўлган ишни “яхши” ёки “ёмон” деган ном билан сифатлашимиз нисбий. Аллоҳ таоло айтади: “Сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сизлар учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сиз билмассиз” (Бақара сураси, 216-оят).


Шундай экан, бизга ёқмаётган мусибат яхшилик бўлса-чи? Шак-шубҳасиз яхшилик! Чунки бундан ҳам баттар бўлиши мумкин эди. Уйингиз ёниб кул бўлди. Бу мусибат. Лекин жон омон қолди-ку! Жонга талафот етгандан кўра уйнинг ёниб кул бўлгани яхшироқ. Демак, биз бошида мусибат деб санаган нарсамиз сўнгида яхшилик бўлиб чиқяпти.


Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Дабдабали уйда, бойликларингизга ишониб, мол-дунёнгизга алданиб яшаётган эдингиз. Қани сиз ишонган, сиз суянган нарсалар? Барчаси бир лаҳзада йўққа чиқди. Ана шу лаҳзада дунёнинг ўткинчи ва суяниб бўлмас нарса эканини, ҳақиқий суянч нимада эканини англадингиз. Бу яхшилик эмасми? 

Арабчадан Рашид ЗОҲИД

таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Озарбайжон президенти туркий давлатлар муфтийларини қабул қилди

15.09.2026   14530   1 min.
Озарбайжон президенти туркий давлатлар муфтийларини қабул қилди

Бугун, 15 сентябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши ва халқаро анжуманнинг нуфузли иштирокчиларини қабул қилди.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Озарбайжон етакчисига Давлатимиз Раҳбарининг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказдилар.

Учрашувда қардош давлат Раҳбари нутқ сўзлаб, халқаро анжуманларнинг аҳамиятига тўхталди. Мулоқот чоғида сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.

Туркий давлатлар етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида илм-фан, таълим, маданий-гуманитар ҳамда диний-маърифий жабҳаларда ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани таъкидланди. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар Диний идоралар раҳбарларининг муштарак мақсадлар йўлида бирлашиши, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ҳамда замоннинг долзарб масалалари бўйича муштарак фатво ва баёнотлар қабул қилишда муҳим пойдевор бўлаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари