Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари, Қувасой шаҳар бош имом-хатиби Алишер домла Наимовнинг волидаи муҳтарамалари вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Охират сафарига кузатилган онахон эл-юрт корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига, хусусан, Алишер домла Наимовга ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза намози эртага, 25 сентябрь куни соат 10:00 да Қувасой шаҳар Боғбон МФЙ, Маърифат кўчиси, 50-уйда марҳуманинг хонадонида ўқилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати