Жорий йилнинг 15 август куни “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги” Президент қарори қабул қилингани барча мўмин-мусулмонларни хурсанд қилди. Чунки муқаддас динимиз ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Термизий бобомизнинг таваллуд куни кенг кўламда нишонланиши бир томондан динимизга кўрсатилаётган катта эътиборнинг ифодаси бўлса, иккинчи томондан жаҳон жамоатчилигига у зот қолдирган илмий меросни кенг тарғиб қилишдир.
Мазкур қарорда Тошкент шаҳрида 2024 йилнинг октябрь ойида “Ислом –тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуманни ташкил этиш ҳамда анжуман доирасида Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг Ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий анжуман ўтказиш таъкидланади.
Ушбу халқаро анжуманларни ўтказиш муқаддас Ислом илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодимиз Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг улкан илмий меросини янада пухта ўрганиш ва бу бебаҳо илмий меросни халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Ийсо ибн Савра ибн Мусо Суламий Термизий милодий 824 йил унчалик бадавлат бўлмаган хонадонда таваллуд топган. У зот Буғ (ҳозирги Шеробод тумани) қишлоғида вафот этгани сабабли отига ал-Буғий тахаллуси ҳам қўшилган. Алломанинг ёшлик йиллари Термизда ўтган, дастлабки илмни ҳам шу шаҳарда олган. Болалигидан ўта зийраклиги, хотирасининг кучлилиги ва ноёб қобилияти билан ўз тенгқурларидан ажралиб турган ат-Термизий диний ва дунёвий фанларни, айниқса, ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан эгаллаган ва бу борадаги ўз билимларини муттасил ошириш учун кўпгина Шарқ мамлакатларига бориб таҳсил олган. Жумладан, Ироқ, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадинада кўп йиллар яшаган. Узоқ вақт давом этган сафарлари чоғида илм ал-қироат, илм ал-баён, фиқҳ, тарих, айниқса, ўзи ёшлигидан қизиққан ҳадис илмидан ўз даврининг йирик олимларидан илм ўрганган. Унинг устозлари сирасига Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Қутайба ибн Саид, Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғайлон ва бошқа машҳур муҳаддислар киради.
Имом Термизий ҳадисларни тўплашда ва ўрганишда ҳар бир қулай фурсатдан унумли фойдаланган. У йўлда, сафарда бўлганда ҳам ёки бир жойда муқим турганда ҳам ўз устозларидан, учратган ровийларидан эшитган ҳадисларни дарҳол ёзиб олиб, уларни тартибли равишда алоҳида-алоҳида қайд қилиб борган.
Имом Термизий Ислом оламида олти энг машҳур ҳадис тўпламларидан бири «Ал-жомеъус саҳиҳ», шунингдек, «Аш-шамоилул Муҳаммадия», «Китобуз зуҳд», «Китобут тарих», «Асмоус саҳоба», «Ал-асмо вал куно», «Ал-илал» китобларни таълиф этганлар. Президент қарорида Имом Термизий асарларини кўп жилдлик академик таржима қилиш ва шарҳини тайёрлаш ҳамда нашр эттириш масалалари ҳам тилга олинган.
Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига мансуб қўлёзма, қадимий китоблар, ноёб асарларни аниқлаш, уларни Ўзбекистонга олиб келиш ва реставрация қилиш мазкур йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш учун ҳам эътиборга лойиқдир.
Муқаддас ислом илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошимиз Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш мақсадида ташкил этиладиган анжуманлар ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий оламини бойитишга, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтиришга хизмат қилади, иншоаллоҳ.
Раҳматилла УСМОНОВ,
Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати