Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Июн, 2026   |   27 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:38
Шом
20:01
Хуфтон
21:39
Bismillah
14 Июн, 2026, 27 Зулҳижжа, 1447
Мақолалар

Аждодларга эҳтиром ифодаси

25.09.2024   8389   3 min.
Аждодларга эҳтиром ифодаси

Жорий йилнинг 15 август куни “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги” Президент қарори қабул қилингани барча мўмин-мусулмонларни хурсанд қилди. Чунки муқаддас динимиз ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Термизий бобомизнинг таваллуд куни кенг кўламда нишонланиши бир томондан динимизга кўрсатилаётган катта эътиборнинг ифодаси бўлса, иккинчи томондан жаҳон жамоатчилигига у зот қолдирган илмий меросни кенг тарғиб қилишдир.


Мазкур қарорда Тошкент шаҳрида 2024 йилнинг октябрь ойида “Ислом –тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуманни ташкил этиш ҳамда анжуман доирасида Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг Ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий анжуман ўтказиш таъкидланади. 


Ушбу халқаро анжуманларни ўтказиш муқаддас Ислом илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодимиз Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг улкан илмий меросини янада пухта ўрганиш ва бу бебаҳо илмий меросни халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.          


Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Ийсо ибн Савра ибн Мусо Суламий Термизий милодий 824 йил унчалик бадавлат бўлмаган хонадонда таваллуд топган. У зот Буғ (ҳозирги Шеробод тумани) қишлоғида вафот этгани сабабли отига ал-Буғий тахаллуси ҳам қўшилган. Алломанинг ёшлик йиллари Термизда ўтган, дастлабки илмни ҳам шу шаҳарда олган. Болалигидан ўта зийраклиги, хотирасининг кучлилиги ва ноёб қобилияти билан ўз тенгқурларидан ажралиб турган ат-Термизий диний ва дунёвий фанларни, айниқса, ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан эгаллаган ва бу борадаги ўз билимларини муттасил ошириш учун кўпгина Шарқ мамлакатларига бориб таҳсил олган. Жумладан, Ироқ, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадинада кўп йиллар яшаган. Узоқ вақт давом этган сафарлари чоғида илм ал-қироат, илм ал-баён, фиқҳ, тарих, айниқса, ўзи ёшлигидан қизиққан ҳадис илмидан ўз даврининг йирик олимларидан илм ўрганган. Унинг устозлари сирасига Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Қутайба ибн Саид, Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғайлон ва бошқа машҳур муҳаддислар киради.


Имом Термизий ҳадисларни тўплашда ва ўрганишда ҳар бир қулай фурсатдан унумли фойдаланган. У йўлда, сафарда бўлганда ҳам ёки бир жойда муқим турганда ҳам ўз устозларидан, учратган ровийларидан эшитган ҳадисларни дарҳол ёзиб олиб, уларни тартибли равишда алоҳида-алоҳида қайд қилиб борган.


Имом Термизий  Ислом оламида олти энг машҳур ҳадис тўпламларидан бири «Ал-жомеъус саҳиҳ», шунингдек, «Аш-шамоилул Муҳаммадия», «Китобуз зуҳд», «Китобут тарих», «Асмоус саҳоба», «Ал-асмо вал куно», «Ал-илал» китобларни таълиф этганлар. Президент қарорида Имом Термизий асарларини кўп жилдлик академик таржима қилиш ва шарҳини тайёрлаш ҳамда нашр эттириш масалалари ҳам тилга олинган.


Имом Термизийнинг  ҳаёти ва илмий фаолиятига мансуб қўлёзма, қадимий китоблар, ноёб асарларни аниқлаш, уларни Ўзбекистонга олиб келиш ва реставрация қилиш мазкур йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш учун ҳам эътиборга лойиқдир.


Муқаддас ислом илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошимиз Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш мақсадида ташкил этиладиган анжуманлар ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий оламини бойитишга, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтиришга хизмат қилади, иншоаллоҳ. 

      Раҳматилла УСМОНОВ,

Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби

 

 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Бугунги кун билан яшанг

12.06.2026   7677   1 min.
Бугунги кун билан яшанг

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бахтли инсонларнинг бири айтади: “Гўзал кун дунё бизни эмас биз уни бошқарган кундир. У – биз у кунда нафсимиз хоҳиш истакларига бўйсунмаган, уларга ўзимиз эгалик қилган кундир".

Бу куннинг мен эслаб қолиб, умуман унута олмайдиган хотиралари бўлади. Нафсим устидан ғолиб бўлган, бирор ишни эплай олиш ёки эплай олмаслик гумонлари азобидан чиқиб кета олган куним ғоятда ажойиб кундир.

Инсонлар билиб мени мақташи ёки ҳеч ким билмаслиги ва мақтамаслиги мумкин бўлган икки иш орасида иккиланиб турган кунимнинг гўзаллиги мақтов деган нарсани улоқториб ҳеч ким билмасада ҳаётим давомида доимо ўзим эслаб юрадиган ишни бажарган кунимдир.

Чўнтакларим пулга тўлган бўлсада қалбим олийжаноб туйғулардан бўшаб қолган куннинг гўзаллиги қўлим бўшлигини кўнгил ҳувиллашидан устун қўйган кунимдир.

Кунлар гўзал, унлардаги энг гўзал нарса эса оз бўлсада бахтиёрликдан насибам бўлишидир. Лекин насибам мени ўзимнинг қилган амалимга кўра мени топиб олади, шунинг учун ҳам у кўпдир, алҳамдулиллаҳ.

Шуъла: Ўзингизда бор нарса билан бахтиёр бўлинг, Аллоҳ сизга тақсим қилиб берган нарсага рози бўлинг. Имкониятингиз ёки ҳаракатингизга муносиб бўлмаган орзу хаёлларни тарк этинг.


Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан