Бир куннинг ўзида юздан зиёд хонадонга кириб, одамларнинг дарду ташвишларига қулоқ тутиш, уларга имкон қадар кўмаклашиш – Ватанини, халқини, ҳамшаҳарларини, маҳалладошларини севган одамларнинг ишидир.
Шу йил 25-сентябрь куни пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов, туманлар имом-хатиблари ҳамда шу йил ҳаж сафарига бориб келган ҳожи оталар, ҳожи оналар иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Шундан сўнг тумандаги хонадонларга кирилиб, улардан ҳол-аҳвол сўралди.
Ҳадиси шарифда: “Инсонларнинг Аллоҳ таолога энг севиклиси одамларга кўп манфаати етказадиганидир” (Имом Табароний ривояти), дейилган.
Шундай экан, ҳар бир ҳожи ўз ҳудудидаги имом-хатиб кўмакчи сифатида маҳаллама-маҳалла юриб, аҳолига, айниқса, ёшларга панду насиҳатлар қилишяпти. Чунки ҳожиларнинг сўзлари таъсирчан бўлади. Фарзандларимизнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишда уларнинг хизмати катта бўляпти. Ҳожиларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан халқимизнинг маънавияти, маърифати янада ошиб боряпти.
Имомларимиз пойтахтимиз туманлари маҳаллаларига чиқиб, ҳожилар иштирокида хонадонларга киряптилар. Ёшлар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларга тинчликнинг қадрига етиш, шукроналик билан яшаш, ҳар хил ақидаси бузуқ кимсалар тузоғидан эҳтиёт бўлиш зарурлиги ҳақида тушунтириш ишларини олиб боришяпти.
MuslimShosh
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқароларнинг мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
12 август куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг арз, таклиф ва мурожаатларини тингладилар. Юзма-юз суҳбат жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид кўплаб масалалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби қабуллар ва фуқаролар билан мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати