Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Октябр, 2024   |   29 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:03
Қуёш
06:21
Пешин
12:17
Аср
16:18
Шом
18:06
Хуфтон
19:19
Bismillah
02 Октябр, 2024, 29 Рабиъул аввал, 1446
Мақолалар

Юксак фазилатлар талқини

25.09.2024   998   4 min.
Юксак фазилатлар талқини

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларида жамият ҳаётининг энг дақиқ нуқталаригача қамраб олинган Ана шундай ҳадислардан бирида инсон табиатидаги иллатлардан бўлган бахиллик ва бадхулқликдир. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “Икки хислат мўминда жам бўлмайди: бахиллик ва бадхулқлик”, дейилган ҳадисни Имом Термизий “Сунан”ида келтирган. Бу бежиз эмас, албатта.


Ҳақиқатан, бу икки иллат мўминнинг табиатига ёт. Зеро, Қуръони карим оятларида ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларида ҳам мўминларнинг ғоят сахийлиги ҳамда хушхулқлиги қайта-қайта таъкидланган. Мутафаккир бобомиз Низомиддин Мир Алишер “Арбаъин” (“Қирқ ҳадис”) асарида мазкур ҳадисни шарҳлаган: 


Мўъмин эрсанг, қилиб дуррингни нисор,

Эл била равшан ўл нечукким шамъ.

Негаким, Тенгри ҳеч мўъминда,

Бухлу бадхўйлуқни қилмади жамъ.


Навоий ҳазратлари биринчи мисрада мўминга хос фазилат ҳақида сўз юритар экан, сахийликни дур сочиш деб атаган. Шоир сахийлик ва яхшиликка шамни мисол келтириб, “Сен ҳам шамдек элга равшанлик тарат”,  деган. Кейинги мисраларда  эса Тангри ҳеч бир мўминда бахиллик ва ёмон хулқликни жамламади, дея юқоридаги ҳадис мазмунини келтирган. Демак, Алишер Навоий мазкур ҳадисни “Арбаин”га киритиш жараёнида Имом Термизийнинг “Сунан”идан фойдаланган ва ундаги ҳадисни бадиийлаштириб, мумтоз адабиётимиздаги гўзал қитъалардан бирини яратишга муваффақ бўлган.


 “Сунани Термизий”га киритилган ҳадислардан яна бири шукр мавзусига бағишланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларини ҳамиша шукрга чорлаганлар ва унинг қандай амалга ошиши ҳақида ҳам чиройли ўгитлар берганлар. Шундай ўгитларидан бирида шукр, энг аввало, инсоннинг инсонга бўлган муносабатида вужудга келишини таъкидлаб, “Ким одамларга шукр қилмаса, Аллоҳ азза ва жаллага ҳам шукр қилмабди”, деганлар.


Дарҳақиқат, банданинг бир-бирига нисбатан шукр мақомида бўлиши, унинг Яратувчига нисбатан шукрини англатади. Масалан, бир ёстиққа бош қўйган эр ва хотиннинг бир-бирига шукри ўзига шундай жуфтни ато этган Аллоҳга бўлган шукрини англатади ва бундай оилада файзу барака, тинчлик-осойишталик қарор топади. Шунингдек, қўни-қўшнилар, раҳбар ва ходимлар, турли миллат вакиллари, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро шукр ҳам аҳилликни, тинч-тотув яшашни, бирдамликни, тўкин-сочинлик ва фаровонликни, бағрикенгликни, тараққиётни вужудга келтиради.


Зеро, юртбошимиз Шавкат Мирзиёев “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида таъкидлаганидек: “...ёш авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш, уларнинг қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш”га қаратилган мазмун мужассам. Шунинг учун табиатан шокирлардан бўлган Алишер Навоий ҳазратлари бу ҳадисга ҳам эътибор қаратган ва уни ҳам шеърий йўлда жуда чиройли талқин этишга муваффақ бўлган: 


Улки холиқға шукр дер, аввал

Шокир ўлмоқ керак халойиқдин.

Кимки, махлуқ шукрини демагай,

Демагай дағи шукр холиқдин.


Шоир таъкидлашича, Холиққа (Аллоҳга) шукр қилувчи, аввало халойиққа шукр қилмоғи керак. Зеро, махлуқ (яратилганлар)нинг шукрини қилмаганлар, Холиқнинг шукрини ҳам қилмайдилар.


Биз мазкур мақолада улуғ аллома Имом Термизий тафаккури уммонидан арзимас бир қатра ҳақида сўз юритдик ва баҳонада яна бир улуғ аждодимиз Алишер Навоий тафаккури хазинасига ҳам бирров кўз ташлаб ўтдик, аммо бу қатра ва бу инжулардан олам-олам маъно уқдикки, уларнинг ҳаммаси бутун оламларга раҳмат бўлиб келган улуғ Зот – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси мубораклари шарофатидандир. Биз ёшларимиз онгига мазкур ҳадислар мазмунини, ҳақиқий мўминлик сифатларини қанча чуқур сингдирсак, уларнинг тафаккури шунчалар теранлашади, дунёқараши кенгаяди, Ватанга, элу юртга, қолаверса, бутун инсониятга бўлган меҳру муҳаббати ортади. Бунда, албатта, Имом Термизийдек улуғ алломаларимизнинг бебаҳо дурдоналари биз учун жуда катта аҳамият касб этади. 

Алишер НАИМОВ,

Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари,
Қувасой шаҳар бош имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистонлик қори халқаро Қуръон мусобақасида қатнашмоқда

25.09.2024   2029   1 min.
Ўзбекистонлик қори халқаро Қуръон мусобақасида қатнашмоқда

2024 йил 25–27 сентябрь кунлари Бишкек шаҳрида Қирғизистон мусулмонлари идораси томонидан IV халқаро Қуръон тиловати мусобақаси ўтказилмоқда.
 

Нуфузли мусобақада дунёнинг 30 мамлакатидан келган энг маҳоратли қорилар чиқишини Ислом оламида машҳур бўлган катта қори устозлардан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб боради.


Мазкур мусобақада юртимиз номидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-босқич талабаси Абдулҳай қори Ҳасанов иштирок этмоқда.  


Аллоҳ таоло қоримизга улкан зафар ва муваффақиятлар ато қилсин! 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 

Ўзбекистонлик қори халқаро Қуръон мусобақасида қатнашмоқда Ўзбекистонлик қори халқаро Қуръон мусобақасида қатнашмоқда
Ўзбекистон янгиликлари