Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Ноябр, 2024   |   29 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:35
Қуёш
06:55
Пешин
12:12
Аср
15:36
Шом
17:21
Хуфтон
18:36
Bismillah
01 Ноябр, 2024, 29 Рабиъус сони, 1446
Мақолалар

Сиз эмасми, ё Расулуллоҳ

25.09.2024   3713   8 min.
Сиз эмасми, ё Расулуллоҳ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Сизнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ қилмай мусулмон бўла олмайман, ё Расулуллоҳ! Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳга ҳамда Унинг уммий Набийсига иймон келтиринг!”, (Аъроф сураси, 158-оят) деган-ку!

Иймонимнинг асосий пойдеворларидан бири сизга муҳаббат қўйишдир, ё Расулуллоҳ! Ахир, сиз ўзингиз: “Сизлардан бирортангиз мен унга то ота-онаси, боласи ва барча инсонлардан кўра суюклироқ бўлмагунимча ҳаргиз комил мўмин бўла олмайди ”, дегансиз-ку! Дарҳақиқат, сиз мана шундай олий муҳаббатга лойиқсиз, ё Расулуллоҳ.

Аллоҳ таоло сизнинг зикрингизни баланд, қадрингизни олий қилди. Исмингизни Ўзининг исми ила ёнма-ён зикр қилди. Биз мўминлар фақат сиз рози бўладиган ишларни қиламиз. Ахир, Аллоҳ таоло мўминлик учун сизни рози қилишни шарт қилган-ку, ё Расулуллоҳ! “Агар мўмин бўлсалар, рози қилишларига Аллоҳ ва Унинг Расули ҳақлироқдир” (Тавба сураси, 62-оят).

Биз сизнинг буйруғингизни иккиланмасдан, сўзсиз бажарамиз. Чунки сизнинг амрингизга хилоф қилганларни Аллоҳ таоло фитна ва аламли азоб етишидан огоҳлантирган-ку, ё Расулуллоҳ! (Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор фитна етиши ёки аламли азоб етишидан ҳазир бўлсинлар!” (Нур сураси, 63-оят).

Биз сизга тўлиқ итоат қиламиз. Чунки Аллоҳ таоло сизга бўлган итоатни Ўзига бўлган итоат билан ёнма-ён қўйган ва Ўзининг итоатига сизга бўлган итоатни шарт қилган-ку, ё Расулуллоҳ! “Ким пайғамбарга итоат қилса, батаҳқиқ, у Аллоҳга итоат қилибди” (Нисо сураси, 80-оят).

Қиёмат куни биз ҳасрат-надомат қилмаслигимиз учун бу дунёда сизга эргашамиз, ҳеч қачон буйруғингизга хилоф иш қилмаймиз. Чунки сизга эргашмаган, итоат қилмаган ҳамда сизнинг амрингизга қарши иш қилган осийлар қиёмат куни, албатта, жуда қаттиқ пушаймон бўлишади-ку, ё Расулуллоҳ! “Юзлари олов ичида айлантирилаётган кунда улар: “Эҳ, кошки Аллоҳга итоат қилганимизда эди, Расулига итоат қилганимизда эди!”, дерлар” (Аҳзоб сураси, 66-оят).

Биз сиз танлаган йўлни танлаймиз, чунки сиз билан бир йўлни танламагани сабабли қиёмат куни золимлар ҳасрат-надомат чекишади-ку, ё Расулуллоҳ! “У кунда золим икки қўлини тишлаб: “Эй, воҳ!!! Пайғамбар ила бир йўлни тутганимда эди!”, дер. “Эй, воҳ!!! Кошки фалончини дўст тутмаганимда эди. Батаҳқиқ, менга зикр (Қуръон) келганидан сўнг у (гумроҳ дўст) мени адаштирди. Шайтон инсонни ёрдамсиз ташлаб кетгувчидир”, дер (Фурқон сураси, 27–29-оятлар).

Биз Аллоҳ таолога суюкли банда бўлишимиз учун сизга эргашамиз ва итоат қиламиз. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг муҳаббатига – сизга эргашишни ва итоат қилишни шарт қилган-ку, ё Расулуллоҳ!. “Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади”. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир. Айтинг: “Аллоҳ ва Расулига итоат қилинг. Агар юз ўгирсангиз, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларни севмас” (Оли Имрон сураси, 31–32-оятлар).

Биз ўзаро ўртамизда чиққан келишмовчиликларга сизни ва сиз олиб келган одил шариатни ҳакам қиламиз. Ахир, ўзаро чиққан келишмовчиликларга сизни ҳакам қилмагунимизча, кейин сиз чиқарган ҳукмга дилларимизда танглик топмай, бутунлай таслим бўлмагунимизча, зинҳор комил мўмин бўла олмаслигимизга Аллоҳ таоло Ўзи билан қасам ичган-ку, ё Расулуллоҳ! “Йўқ, Роббинггизга қасамки, сизни ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, сўнгра, сиз чиқарган ҳукмга дилларида танглик сезмай, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!” (Нисо сураси, 65-оят).

Сиз нимани келтирган бўлсангиз – оламиз, сиз нимадан қайтарган бўлсангиз – қайтамиз. Чунки Аллоҳ таоло бизга сиз келтирган нарсани олиб, сиз қайтарган нарсадан қайтишни буюрган-ку, ё Расулуллоҳ! “Пайғамбар сизларга нимани келтирса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир” (Ҳашр сураси, 7-оят).

Бизнинг Аллоҳ таолодан ва охират кунидан умидимиз бор. Шунинг учун ҳар бир ишимизда сиздан ўрнак оламиз. Ахир, Қуръони каримда Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор мўминларга намуна қилинган зот сиз эмасми, ё Расулуллоҳ?! “Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Жаннатда набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга бўлишимиз учун сизнинг кўрсатмаларингизга бўйсунамиз. Ахир, Аллоҳ таоло неъматлантирган бандалар билан жаннатда бирга бўлиш башоратига сизга итоат қилиш шарт қилинган эмасми, ё Расулуллоҳ?! "Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, айнан ўшалар Аллоҳ неъматлантирган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Уларнинг ҳамроҳлари нақадар гўзалдир!" (Нисо сураси, 69-оят).

Бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган зот – сиз эмасми, ё Расулуллоҳ?! “Биз сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси, 107-оят).

Сизга кўплаб саловатлар айтамиз. Чунки сизга саловат айтишни Аллоҳ таоло мўминларга буюрган. Ахир Аллоҳ таоло Ўзи ҳам, Унинг фаришталари ҳам сизга саловат айтишади-ку, ё Расулуллоҳ! “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловат айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг” (Аҳзоб сураси, 56-оят).

“Ва тезда Роббингиз сизга ато қилур ва сиз рози бўлурсиз” (Зуҳо сураси, 5-оят) ояти нозил бўлганда, “Ундай бўлса, умматимдан бирортаси дўзахда бўлишига рози бўлмасман”, деган зот сиз эмасми, ё Расулуллоҳ?!

Макка даври ҳаёти оддий инсонлар ҳамда мазлумлар учун ибратли бўлган, Мадина даври эса ҳукм юритиш қўлида бўлган ҳокимларга раҳбарлик қилиш таълимини берган ибратли ҳаёт сизнинг ҳаётингиз эмасми, ё Расулуллоҳ?

Сиз ҳақингизда нима дей оламан, ё Расулуллоҳ? Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло раббоний, кўркам йиғилишда пайғамбарлардан аҳду паймон олиб, шундай деган: “Эсланг, Аллоҳ Набийлардан шундай аҳд олган эди: “Мен сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун, эндиликда сизлардаги нарсани тасдиқловчи бир Пайғамбар (Муҳаммад) келганда, албатта, унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз, – деб туриб: “Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?” деганида, улар: “Иқрор бўлдик”, дейишди. У: “Энди гувоҳ бўлинглар, мен ҳам сизлар билан бирга гувоҳ бўлувчиларданман”, деди”. (Оли Имрон суарси, 81-оят).

Ё Расулуллоҳ, сиз ва менинг мисолим худди қоронғу кечада саҳрода адашиб, йўлини йўқотган, нима қиларини билмай довдираб, тушкунликка тушган, сўнгра осмонга ой чиқиб, унинг нурида ўз йўлини топиб олган кишига ўхшайди. Шунда мен хурсандлигимдан: “Эй ой, Аллоҳ қадрингни баланд, нурингни зиёда, ўзингни эса тўлин ва гўзал қилсин”, дейман.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло қадрингизни баланд қилди. “Сизнинг зикрингизни юқори кўтариб қўйдик” (Шарҳ сураси, 4-оят).

Дарҳақиқат Аллоҳ таоло нурингизни зиёда қилди. “Дарҳақиқат, сизларга Аллоҳдан нур (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва ойдин Китоб келди” (Моида сураси, 15-оят).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сизни буткул гўзал қилди. “Эй Набий, албатта, Биз сизни гувоҳлик берувчи, хушхабар элтувчи, огоҳлантирувчи, Аллоҳнинг изни ила Унга (Унинг динига) даъват қилувчи ҳамда (йўл кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб юбордик” (Аҳзоб сураси, 45–46-оятлар).

Аллоҳ таоло бизларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат қилсин! Қиёмат куни у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига муяссар айласин! Омийн!

Қудратуллоҳ Сидиқметов

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Шайх Нуриддин Холиқназар: Ирсий касалликларнинг олдини олишда жон, ақл ва насл муҳофазаси муҳимдир!

30.10.2024   11464   8 min.
Шайх Нуриддин Холиқназар: Ирсий касалликларнинг олдини олишда жон, ақл ва насл муҳофазаси муҳимдир!

Бугун, 30 октябрь куни пойтахтимизда “Орфан касалликлари ташхиси ва даволаш” мавзусида  халқаро форум бошланди. Мазкур муҳим тадбирда дунёнинг 15 дан ортиқ давлатларидан делегациялар, соғлиқни сақлашга соҳасига доир вазирлик, халқаро ва маҳаллий ташкилот мутасаддилари турли эксперт ва мутахассислар иштирок этмоқда. Форум таниқли дин пешволари ва тиббиёт мутахассисларини бирлаштириши билан ҳам катта аҳамиятга бўлди. 

Мазкур форум жамиятдаги энг оғриқли мавзулардан бири бўлган болалардаги ирсий-генетик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш масалаларига бағишланади. 

Халқаро анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари нутқ қилиб, турли касалликларнинг олдини олиш ва даволашда диний-миллий қадриятларнинг ўрни, дин пешволари орфан касалликларининг маънавий, диний ва ижтимоий жиҳатларини муҳокама қилишга доим тайёр эканини таъкидлаб, беморлар дардига малҳам бўлиш, хусусан, ирсий-генетик касалликлар билан азият чекаётган ёш болаларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшиш савобли иш эканини алоҳида қайд этдилар. 

Шунингдек, Ислом инсониятни бахтли-саодатли бўлиши учун дини, жони, ақли, насли ва молини муҳофаза қилишга чақириши,  Аллоҳ таоло ҳаёт неъматини инсонларга омонат қилиб бераркан, уни муҳофаза қилишга амр этиши, ақлнинг улуғ неъматлиги, шу сабабли динимиз ақлга салбий таъсир қилувчи, унинг фаолиятини бузувчи зарарли нарсалар истеъмол қилишни тақиқлашини баён қилдилар. 

Шу билан бирга, Аллоҳ таоло инсон наслини муҳофаза қилиш учун никоҳни жорий қилгани, у бузуқликнинг ҳар қандай туридан қайтариши, наслни муҳофаза қилиш йўлида никоҳ шартномасини тузишдан олдин икки томонни тиббий кўрикдан ўтишини ҳам маъқуллашини таъкидладилар.

Форум иши давом этмоқда.

 

ОРФАН КАСАЛЛИКЛАРИ ТАШХИСИ ВА ДАВОЛАШ БЎЙИЧА ХАЛҚАРО ФОРУМДАГИ

ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ РАИСИ, МУФТИЙ ШАЙХ НУРИДДИН ХОЛИҚНАЗАР ҲАЗРАТЛАРИНИНГ МАЪРУЗАСИ

 

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу!

 

Аллоҳ таолога шукрки, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича миллий дастурлар амалга ошириб келинмоқда. Шу билан бирга, кам учрайдиган (орфан) ва ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга вақтида ташхис қўйиш ва даволашга қаратилган тиббий ҳамда ижтимоий ёрдамни яхшилаш ишлари ҳам давом этмоқда.

Бугун бўлиб ўтаётган форум жамиятдаги энг оғриқли мавзулардан бири бўлган ирсий касалликларнинг олдини олиш ва даволаш юзасидан ташкил этилаётгани билан янада аҳамиятлидир. 

 

Ҳурматли азизлар!

Таъкидлаш лозимки, инсонларнинг соғлом турмуш кечириши ҳар қандай жамиятда энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Убайдуллоҳ ибн Миҳсон Ансорий Хотмий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«مَنْ أَصْبَحَ مِنْكُمْ آمِناً فيِ سِرْبِهِ، مُعَافىً فيِ جَسَدِهِ، عِنْدَهُ قُوتُ يَوْمِهِ، فَكَأَنَّمَا حِيزَتْ لَهُ الدُّنْيَا بِحَذَافِيرِهَا».

“Ким манзили тинч, тани саломат, бир кеча-кундузлик озуқаси бор ҳолда тонг оттирса, гўё унга бутун дунё тўлалигича берилибди”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Ҳадиси шарифга эътибор билан қарасак, жамият фаровонлиги ва тараққиёти учун хизмат қилувчи учта улуғ неъмат: тинчлик, саломатлик ва бир кунлик ризқ ҳақида сўз бормоқда.

Динимиз инсониятни бахтли-саодатли бўлиши учун хизмат қилувчи “шариатнинг бош мақсадлари” деб номланган беш мақсадни муҳофаза қилишга чақиради. Улар: дин, жон, ақл, насл ва мол муҳофазаси. Ушбу заруратларнинг учтаси биз сўз юритаётган мавзу билан чамбарчас боғлиқ экан, шулар ҳақида сўз юритсак:

Биринчиси жон муҳофазаси. Аллоҳ таоло ҳаёт неъматини инсонларга омонат қилиб бераркан, уни муҳофаза қилишга амр этади. Ирсий касалликлар нафақат инсон жони ва саломатлиги, балки унинг ижтимоий ва руҳий ҳолати учун ҳам зарар экани маълум. 

Иккинчиси ақл муҳофазаси. Ақл улуғ неъматлардан бири. Динимиз барча ишларда инсоннинг ақли расо бўлишини шарт қилади. Шу сабабли динимиз ақлга салбий таъсир қилувчи, унинг фаолиятини бузувчи зарарли нарсалар истеъмол қилишни таъқиқлайди.

Насл муҳофазаси. Аллоҳ таоло инсон наслини муҳофаза қилиш учун никоҳ аталмиш ақдни жорий қилди. Шунингдек, бузуқликнинг ҳар қандай туридан қайтарди. Шунингдек, наслни муҳофаза қилиш йўлида никоҳ шартномасини тузишдан олдин икки томонни тиббий кўрикдан ўтишини ҳам маъқуллайди.

Таҳлилларга кўра, орфан ва ирсий-генетик касалликларнинг келиб чиқиши сабаблари гиёҳванд, ақлни кетказадиган моддалар истеъмоли ва зино-фаҳш каби иллатлар экани маълум. Юқорида қайд этилган учта мақсадга амал қилиниши мана шундай касалликлардан ҳимоя қилишда муҳим омил бўлади. 

 

Қадрли давра суҳбати иштирокчилари!

Ирсий-генетик касалликлар келиб чиқишининг яна бир сабаби яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ бўлиб, унда кўплаб салбий оқибатлар мавжуд. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу яқин қариндошлари билан никоҳланишга одат қилган Бану Соиб қабиласига қарата бундай деди:

«مَاليِ أَرَاكُمْ يَا بَنِي السَّائِبِ قَدْ ضُوِيْتُمْ، غَرِّبُوا النِّكَاحَ لاَ تُضْوُوا»

Эй Бану Соибликлар, нега мен сизни бунчалик заиф кўряпман?! Никоҳда бегоналашинг, заиф болалар туғилмайди”.

Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ бир қавмга оид бўлган инсонларнинг никоҳи ҳақида бундай деган:  

«لَيْسَ مِنْ قَوْمٍ لاَ يَخْرُجُونَ نِسَائُهُمْ إِلَى رِجَالِ غَيْرِهِمْ وَلاَ يَخْرُجُونَ رِجَالُهُمْ إِلىَ نِسَاءِ غَيْرِهِمْ إِلَّا جَاءَ أَوْلاَدُهُمْ حَمْقَى».

“(Никоҳда) аёллари ўз қавмининг эркакларидан, эркаклари эса ўз қавмининг аёлларидан бошқага чиқмаган қавмларнинг фарзандлари ақли заиф бўлади”.

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ “Иҳё” асарида никоҳ бобида яқин қариндошлар билан оила қурмаслик риоя қилиш лозим бўлган ишлардан деб таъкидлаган. 

Тиббиёт илмидан маълумки, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ сабабли кўп салбий асоратлар юзага келади. Жумладан, фарзандларни тузалмас ирсий касалликлар ва туғма нуқсонлар билан дунёга келиши, бир ёшгача бўлган болалар ўртасидаги ўлим сонининг кўплиги, аёллар ва эркаклар бепуштлиги кабиларни мисол қилиш мумкин.

 

Ҳурматли азизлар!

Пайғамбаримиз алайҳиссалом соғлиқни сақлашга тарғиб қилиш билан бирга, беморликни даволаш борасида ҳам гўзал хитоб қилганлар: “Аллоҳ дардни ҳам, давони ҳам туширган ва ҳар бир дардга давосини қилиб қўйган. Шундай экан, даволанинглар”.

Шунингдек, касалликни кечикиб даволагандан кўра, унинг олдини олган афзалдир. Имом Мотуридий ҳазратлари: “Тириклик қадрига соғлиқ пайтингда етгил!”, деганлар.

Киши касалликка йўлиққанда дардига шифо бўладиган омиллардан фойдаланиб, ўзига муолажа қилиши лозим. Агар у ўз саломатлигига эътибор бермаслиги туфайли зарар етадиган бўлса, гуноҳкор бўлади.

Тансиҳатлик бўлмаса, одам бу дунёда бахтли бўлишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Икки неъмат борки, кўп одамлар улардан ғафлатдалар. Улар соғлик ва фароғат”, дедилар (Имом Бухорий).

Муборак ҳадисларда келтирилганидек, “Аллоҳдан яқийн (мустаҳкам иймон)ни ва мустаҳкам соғликни сўранглар. Зеро, одамларга яқийн ва мустаҳкам соғликдан кўра яхши нарса берилмаган (Имом Термизий ривояти). Демак, бандага Аллоҳ томонидан берилган неъматлар ичида энг биринчиси мустаҳкам иймон турса, ундан кейин соғлик туради.

Ҳикматларда келганидек, соғлом ақл саломат жисмни талаб қилади. Улар асло айро тасаввур қилинмайди. Ҳатто жаннатда ҳам “саломатлик” янграйдиган сўздир. Ҳақ таоло Қиёмат куни жаннатга кирган бандаларига қарата:

ادْخُلُوهَا بِسَلَامٍ آَمِنِينَ

“У (ер)га соғ-саломат, тинч-омон кирингиз!” деб марҳамат қилади (Ҳижр, 46).

 

Аллоҳ таоло барчамизни бу дунёда турли бало-офатлар, дардлардан йироқ айласин, халқларимизга тинчлик-офият ато этсин ва бу соҳада бошланган ҳамкорликларимизга қут-барака ва улкан зафарлар берсин.

Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

MUSLIM.UZ 

Шайх Нуриддин Холиқназар: Ирсий касалликларнинг олдини олишда жон, ақл ва насл муҳофазаси муҳимдир! Шайх Нуриддин Холиқназар: Ирсий касалликларнинг олдини олишда жон, ақл ва насл муҳофазаси муҳимдир! Шайх Нуриддин Холиқназар: Ирсий касалликларнинг олдини олишда жон, ақл ва насл муҳофазаси муҳимдир! Шайх Нуриддин Холиқназар: Ирсий касалликларнинг олдини олишда жон, ақл ва насл муҳофазаси муҳимдир! Шайх Нуриддин Холиқназар: Ирсий касалликларнинг олдини олишда жон, ақл ва насл муҳофазаси муҳимдир! Шайх Нуриддин Холиқназар: Ирсий касалликларнинг олдини олишда жон, ақл ва насл муҳофазаси муҳимдир! Шайх Нуриддин Холиқназар: Ирсий касалликларнинг олдини олишда жон, ақл ва насл муҳофазаси муҳимдир! Шайх Нуриддин Холиқназар: Ирсий касалликларнинг олдини олишда жон, ақл ва насл муҳофазаси муҳимдир!
МАҚОЛА