“IQNA” сайтининг “Arab News” нашрига таяниб хабар беришича, шу йил сентябрь ойи охирида Лондонда IX Жаҳон ҳалол таомлар фестивали бўлиб ўтади.
“Маҳаллий лаззатлар (таъмлар)” шиори остида ўтаётган фестивал ташкилотчилари бу йил фестивалга 20 мингдан ортиқ киши ташриф буюришига умид билдирмоқда. Бутунжаҳон ҳалол таомлар фестивали шу йилнинг 28-29 сентябрь кунлари Лондон стадионида бўлиб ўтади ва унда дунёнинг турли бурчакларидаги давлатлар вакиллари томонидан тайёрланган таомлар тақдим этилади.
Ушбу тадбирда диққат ва қатъий танланган Покистон, Туркия, Марокаш, Индонезия ва бошқа мамлакатлардан сотувчилар, ошпазлар ва озиқ-овқат дўконлари вакиллари иштирок этади.
Дастур директори Валид Жаҳонгир дунёда мусулмонлар сони ортиб бораётгани сабабли сертификатланган ҳалол маҳсулотларга талаб ортиб бораётганини қайд этди.
Валид Жаҳонгирнинг айтишича, ахлоқий, барқарор ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларга қизиқиш ортиб бораётгани нафақат мусулмон истеъмолчиларни, балки бошқа дин вакилларини ҳам ҳалол озиқ-овқатга жалб қилмоқда.
Бу йилги яна бир янгилик – мавританиялик таниқли ошпаз Шелин Пермало томонидан ўтказиладиган пазандачилик шоуси бўлиб ўтади. У ИТВ телеканалининг “Юлдузлар билан таом тайёрлаш” кўрсатувидаги чиқиши билан танилган. Ушбу интерактив пазандачилик шоусида унга бошқа таниқли ошпазлар ёрдам беришади. Тадбирда Надия Ҳусайн ва Биг Зу каби машҳур шахслар ҳамда кўплаб машҳур актёрларнинг иштирок этиши кутилмоқда.
Фестивал катта болалар майдони ва бозорини яратиш орқали ўзининг оилавий имкониятларини кенгайтирди. Шунингдек, “Бизнинг келажагимиз саломатлиги” билан ҳамкорликда жойларда кўчма клиника ташкил этилади, бу эса иштирокчиларга текширувдан ўтиш ва уларнинг соғлиғи ҳақида маълумот олиш имконини беради.
Валид Жаҳонгир қўшимча қилди: “Биз фестивалда интерфаол панеллар орқали муҳокама ва мулоқотни рағбатлантирамиз ҳамда ҳаётнинг барча қатламларидаги одамларга умумий овқатланиш, маданият ва жамият қадриятлари билан боғланиш учун жой берамиз”.
“Маҳаллий лаззатлар (таъмлар)” фестивали ҳунарманд озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларга қаратилган бўлиб, озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини янги лаззатларни кашф этмоқчи бўлган минглаб фестивал иштирокчиларига тарғиб қилиш учун платформа тақдим этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 20 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов бошчилигида Яккабоғ тумани марказидаги "Жоме" масжидида навбатдаги сайёр семинар ўтказилди. Унда вилоят ҳокими ўринбосарининг котибият мудири Фирдавс Сатторов, вилоят таркибидаги шаҳар ва туманларнинг бош имом-хатиблари ҳамда Яккабоғ тумани диний соҳа ходимлари иштирок этди.
Семинарда ҳудудларда олиб борилаётган маънавий-маърифий ишларнинг натижадорлиги, аҳоли ва оилалар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш самарадорлиги ҳамда ёшлар тарбиясига доир тадбирлар ижроси атрофлича таҳлил қилинди. Айниқса, «ҳар бир хонадонга кириб бориш» тамойили асосида фуқароларнинг диний-маърифий эҳтиёжларини ўрганиш ва соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Шу билан бирга, яқинлашиб келаётган улуғ айём — муборак Қурбон ҳайитини юқори савияда кутиб олиш ва унга кўриладиган пухта ташкилий тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Йиғилиш якунида барча имом-хатибларга зиммаларидаги масъулиятли вазифаларни сидқидилдан бажариш, маҳаллаларда соғлом муҳитни таъминлаш ва халқимизнинг диний соҳа ходимларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, Қурбон ҳайити намози ва тадбирларини тинч-осойишта, тартибли ҳамда юқори савияда ўтказиш юзасидан аниқ топшириқ ва тавсиялар белгилаб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати