Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ниҳоят Макка фатҳ қилинди. Унга ўзлиги қайтарилди. Тавҳид қибласи, мўминлар қалбининг маъшуқаси ширк ботқоғидан қутқарилди. Энди навбат бутун араб жазирасини ширкдан қутқаришга келган эди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалом ислом арслони Али ибн Аби Толиб розияллоллоҳу анҳуни чақирдилар. У зотни қўшинга бош қилиб, Той қабиласи бути Фулсни парчалагани юбордилар.
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу қўшин билан бориб юклатилган вазифани аъло даражада бажариб асирлар билан Мадинага қайтдилар. Асирларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қилиш ҳақида машварат қилиш учун масжид олдида қўйдилар.
Эртаси куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кираётганларида у зотни асир аёллардан бири тўхтатиб деди:
– Эй Муҳаммад! Агар мумкин бўлса мени озод қилсанг. Араблар мендан кулишмаса яхши бўлар эди. Отам ўлди. Келиб-кетувчилар тўхтади. Менга илтифот қил, Аллоҳ ҳам сенга илтифот қилсин! Отам қавмининг саййиди эди. У қийналганларга ёрдам қилар, жиноят қилганларни авф қилар, қўшничиликни сақлар, шарафни ҳимоя қилар, фақирларни суяр, уларга таом берар, саломни тарқатар, юки оғирларнинг юкини кўтарар, тақдир зарбаларига учраганларга ёрдам берар эди. Ҳожатини сўраб келган бирор кишини ноумид қилган эмас. Мен Ҳотам Тоийнинг қизи Саффона бўламан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дедилар:
– Булар ҳақиқий мусулмоннинг сифатларидир. Агар отанг мусулмон бўлганида биз Аллоҳдан унга раҳм қилишини сўраган бўлар эдик.
Сўнгра саҳобаларга қараб:
– Уни қўйиб юборинглар. Унинг отаси гўзал ахлоққа даъват қилар эди, дедилар.
Юқоридаги сифатлар ҳақиқатдан ҳам мусулмонларнинг сифати. Биз эътибор берадиган жой мана шу ер.
Ҳақиқий дин масжидда эмас, жойнамоз устида ҳам эмас.
Ҳақиқий дин тижорат ва мансабдаги омонатдорликда.
Ҳақиқий дин ота-она олдидаги камтарликда.
Ҳақиқий дин ака-укалар ва опа-сингилларга қилинадиган яхшиликда.
Ҳақиқий дин жуфти ҳалолнинг азиятига сабр этиш ва фарзандларга раҳм қилишда.
Ҳақиқий дин қўшниларинг билан қилинадиган муомалада.
Ҳақиқий дин беморга пул йиғилганида бахиллик қилмасликда.
Ҳақиқий дин биров ғийбат қилинганда ғийбатчиларга қўшилиб кетмасликда.
Ҳақиқий дин одамларнинг айбини яширишда.
Ҳақиқий дин ишониб айтилган сирни сақлай олишда.
Тавҳид, намоз, рўза ва бошқа ибодатлар Аллоҳнинг бандалари устидаги ҳаққидир. Улар диннинг ярми. Қолган ярми эса, бошқалар билан қандай муомала қилишингдадир.
Ҳаётда кўринмайдиган диндорлик ичи бўш диндорликдир.
Сени юмшоқ, сахий ва бировга зарари тегмайдиган бўлишингни таъминламаган иймон нуқсонли иймондир.
Тўғри, киши агар куфрда вафот этса бу ахлоқлар унга фойда бермайди. Аммо хулқсиз иймон ҳам оқсоқ иймондир.
Ушбу ибрат нақадар ўринли: «Диннинг барчаси хулқдир. Ким сендан хулқда ўзиб кетган бўлса, демак динда ўзиб кетибди!».
"Ли ийлафи қурайш" сураси, Қурайш қабиласига берилган неъматларга урғу беради.
Бу суранинг нозил бўлиши сабабини ўрганганда, Аллоҳдан янада қўрқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу сура ҳаётдаги муҳим муаммолардан бири - неъматга одатланиб, уни қадрсизлантириш ҳақидадир.
Аллоҳ қурайшликларни икки мавсум - қиш ва ёздаги савдо сафарлари орқали тирикчиликларининг яхши кетишига одатланиб қолганликлари, лекин улар бу неъматларнинг ҳақиқий Эгасини тан олиб, шукр қилмаганларини айтади.
Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи фақирлик ва очарчиликда яшаган, ҳаётлари жуда ночор ва қийин бўлган. Ҳаттоки, қашшоқлик кучайганида, баъзилар ўз оиласини олиб, “хубо” деб аталган жойга боришар ва ўша ерда очликдан ҳаммаси ҳалок бўлгунига қадар қолишарди. Бу одат жоҳилият даврида “иътифар” деб номланар эди.
Макканинг катта тожирларидан бўлган Ҳошим ибн Абдуманофга бир куни Бани Маҳзум қабиласининг барча аъзолари жуда қаттиқ очликда қолиб, ҳалок бўлиш арафасида экани ҳақидаги хабар етади. У Аллоҳнинг байти Каъбанинг хизматида турган одамларнинг шундай қашшоқлик ва ўта жоҳилона аҳволда эканликларидан ўкинди ва қаттиқ ғазабланди.
Шу сабабдан Ҳошим ибн Абдуманоф бу ёмон одатни ўзгартиришга қарор қилди ва қуйидагиларни амалга оширди:
– Сизлар Аллоҳнинг байтини хизматида бўлатуриб бутун арабларга ўзингизни шарманда қиладиган ёмон одатларни жорий қилгансизлар, деди ва бир қабилани бир нечта уруғларга бўлиб ташлади. Ҳар бир уруғдаги бой кишилардан ўз қариндошлари билан мол-мулкини тенг бўлишишни талаб қилди. Шундай қилиб, камбағал ҳам бой билан тенг бўлди.
Шундан кейин у Қурайш қабиласига тижорат усулларини ўргатди ва уларни йилда икки марта тижорат сафарига чиқиш йўлларини белгилаб берди. Ёзда мева-сабзавотлар савдоси учун Шомга, қишда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун Яманга сафарларини ташкил қилди.
Шундай қилиб, Шом ва Яманнинг баракаси Маккага олиб келинди ва қурайшликларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, “иътифар” одати ҳам йўқ бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан Қурайш қабиласи Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилиш ўрнига, уларга одатланиб қолди ва неъматни қадрламай қўйди. Неъматга ношукурлик қилиш – бу унга одатланиб, уни неъмат деб билмасликдир.
Қурайш қабиласи Аллоҳ томонидан туширилган неъматларга одатланиб, уни қадрсизлантиргани учун Аллоҳ уларга бу сурани туширди: "Мана шу Байт (Каъба)нинг Парвардигорига (шукрона учун) ибодат қилсинлар. Зеро, У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавфу хатардан омон қилди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ