Ислом дини жамоат, иттифоқлик, дўстлик ва меҳр-оқибат динидир. Бир маҳалла, бир уйда яшайдиган қўшнилар инсонга яқин биродаридан ҳам яқинроқдир. Қўшнилар ўртасидаги ўзаро тотувлик, яхши алоқалар жамиятнинг салоҳияти ва кучи бўлишини таъминлайди. Зероки, Ислом дини қўшниларга эътибор бериш, ўзаро ёрдам ва самимий алоқаларни тиклашга чақиради ва бу орқали бирлик, иттифоқда бўлган кучли жамиятни барпо қилишни талаб қилади.
Бас шундай экан ҳар бир мусулмон қўшнисига эътибор бериб, уларга гўзал муомала қилиши ва шариатга зид келмаган ҳақларини адо этиши керакдир. Қўшнисига ёмонлик қилиш, озор бериш мусулмоннинг хулқи эмасдир.
Имом Бухорий ва Муслим ўз саҳиҳларида Ибн Умар розияллоҳу анҳу ва Оиша розияллоҳу анҳолардан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бундай деганлар:
وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ وَعَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا قَالَا: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَا زَالَ جِبْرِيلُ يُوصِينِي بِالْجَارِ حَتَّى ظَنَنْتُ أَنَّهُ سَيُوَرَّثُهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу ва Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил менга қўшни хусусида тавсия бераверганидан уни менга меросхўр қилиб қўярмикан, деб ўйлаб қолдим”, дедилар. Муттафақун алайҳи.
Қўшниларининг ҳақларига риоя қилмаслик, уларга ёмонлик қилиш, озор бериш мусулмонни энг ёмон, аянчли оқибатларга олиб келади. Мусулмон учун имон сифатидан мосуво бўлишдан ҳам аянчли оқибат бўлмаса керак?! Имондан маҳрум бўлишдан, охиратда жаҳаннамга улоқтирилишдан ҳам улкан ҳалокат бўлмаса керак?! Бу ҳолга тушишдан Аллоҳ асрасин!
Бундай аянчли ҳолатга тушиб қолишдан огоҳлантириб, бундай паст, разил ишлардан қайтариб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: واللهِ لَا يُؤْمِنُ، وَاللَّهِ لَا يُؤْمِنُ، وَاللَّهِ لَا يُؤْمِنُ قِيلَ: مَنْ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: «الَّذِي لَا يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ ، مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! Аллоҳга қасамки, мўмин эмас!” деганларида, “Ким у, ё Аллоҳнинг Расули?” дейилди. Шунда у зот: “Ёмонликларидан қўшниси омонда бўлмаган киши”, дедилар. Муттафақун алайҳи.
Ҳадисдан биз ўрганган фойдали ўгитлар:
1. Қўшнилар билан ўзаро тотувликда яшаш.
2. Қўшнига гўзал муомала қилишнинг зарурлиги.
3. Қўшнилар билан яхши, самимий алоқалар ўрнатиш, қўшниларга эътибор бериш, қийинчилик вақтида, туй ва маросимларда ёрдам қўлини чўзиш.
4. Қўшнининг шундай ҳақлари борки, уларга риоя қилиш мусулмоннинг вазифасидир.
5. Ким қўшнисига озор берса, унинг имони мукаммал эмас.
6. Қўшнига ёмонлик қилиш мусулмон ахлоқига зиддир.
7. Ҳар бир мусулмон киши қўшниларига эътибор бериб, уларга гўзал муомала қилиши ва ҳақларини адо этиши. Қўшнининг ҳақларидан: салом бериш, бемор бўлса, бориб кўриш, шариатга зид келмаган маросим ва муносабатларда иштирок этиш ва уларда кўмаклашиш.
8. Қўшни зинасидаги чироқни ўчириб қўйиш, озор берадиган даражада телевизор ва радио овозини баланд қилиш, қўшнининг аёли ва қизларига назар солиш, қўшниларни пойлаб, жосуслик қилиш, истироҳат вақтларида шовқин солиш, ўйин ўйнаш каби ҳолатлар билан қўшниларга озор бермаслик.
Бекназар Муҳаммад Шакур,
Ҳадис илми мактаби катта ўқитувчиси.