Cавол: Дўстимнинг кўзи ожиз. Унга аёли таҳорат қилдириб қўяди. Дўстим баъзида айниқса, саҳар вақтида аёлимни безовта қилиб уйғотгим келмайди. Уни уйғотмасдан таяммум қилиб олсам, бўладими, деб сўради. Шундай қилса бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Таяммум қилиш учун бир қанча шартлар билан рухсат берилади. Шулардан бири таҳорат қилишга ёрдам берадиган шахс бўлмаса, таяммум қилиши мумкин. Агар аёли каби таҳорат қилишга ёрдам берадиган шахс бўлса, таяммум қила олмайди, балки таҳорат олади. Дўстингиз ҳам уялмасдан аёлини уйғотсин ва аёли таҳорат қилдиришга ёрдамлашсин. Бу учун аёли кўплаб ажру савобларга эга бўлади. Қолаверса, қиблани аниқлаб бериш, намоз ўқиш учун пок жой топиб бериш ҳам керак. Бу ҳақда фиқҳий манбаларда ҳам жавоб берилган. Жумладан, “Фатовои Оламгирия” китобида бундай дейилган:
أوكان لا يجد من يوضئه ولا يقدر بنفسه فإن وجد خادما أو ما يستأجر به أجيرا أو عنده من لو استعان به أعانه فعلى ظاهر المذهب أنه لا يتيمم؛ لأنه قادر. كذا في فتح القدير
“Таҳорат қилдириб қўядиган киши топа олмаган ва ўзи ҳам таҳорат қилишга қодир бўлмаган киши таяммум қилса бўлади. Агар бирор хизматчи ёки ишчи ёлласа ёки ёнида ёрдам сўраса, ёрдам берадиган одами бўлса, мазҳабдаги зоҳир гапга кўра бундай киши таямммум қилмайди. Чунки у таҳорат қилишга қодир ҳисобланади. “Фатҳул қадир”да шундай келган”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг Модуль таълим тизимида янги ўқув машғулотлари бошланди.
12 сентябрь куни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов талабалар учун «Хатоба» (нотиқлик санъати) фанидан илк дарсни ўтиб берди.
Машғулот давомида устоз ваъз-насиҳат қилиш санъати, минбар одоблари, тингловчи билан жонли мулоқот ўрнатиш сирлари ҳамда бугунги кун имом-хатиби зиммасидаги масъулиятли вазифаларга алоҳида тўхталди. Нотиқлик маҳоратига оид нозик жиҳатлар ҳаётий ва амалий мисоллар орқали очиб берилди.
Қизғин ва самимий руҳда ўтган дарс сўнггида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати