Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сут айниса қаймоққа айланади. Қаймоқнинг қиймати сутдан баланд.
Қаймоқ ачиса пишлоқ бўлади. Пишлоқнинг қиймати эса, қаймоқдан ҳам юқори.
Узумнинг шарбати ачиса набийзга айланади. Набийз узумнинг шарбатидан қиммат туради.
Сиз хато қилганингиз сабабли ёмон одам бўлиб қолмайсиз. Аксинча, хатолар сизни шахс сифатида қийматингиз ортишига олиб борувчи тажрибалардир.
Христофор Колумбнинг денгизда йўналишни танлашда хатога йўл қўйиши Американи кашф этилишига сабаб бўлди.
Александр Флемингнинг хатоси эса, тиббиётда энг муҳим антибиотик восита саналмиш пенициллинни кашф бўлишига олиб келди.
Иш давомида йўл қўйган хатоларингиз сизни ноумидлик ва тушкунликка солмасин. Фақатгина урунишнинг ўзигина муваффақиятларга эриштирмайди, балки урунишлар асносида йўл қўйилган хатолардан кўплаб тажриба ҳосил бўлади.
Бас, хато қилишдан ҳеч қачон қўрқманг. Сизни катта ишлар кутмоқда, олға қадам ташлашда давом этинг.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ